22:34 / 17.12.2016
7 761

Япониянинг биринчи хоними ўзбекистонлик талабани меҳмонга таклиф қилди

Япониянинг биринчи хоними ўзбекистонлик талабани меҳмонга таклиф қилди

2 декабрь куни Токио шаҳридаги Япония Бош вазири қароргохида ҳамюртимиз Фахриддин Эргашев меҳмон бўлди. Токио чет тиллари университетида давлат гранти асосида таҳсил олаётган Фахриддин олийгоҳнинг чет эллик талабалари вакили сифатида Япониянинг биринчи хоними (яъни Бош вазир Шинзо Абэнинг рафикаси) Акие Абэ билан учрашди.

Ўзбекистонлик талаба мазкур учрашув ҳақидаги таассуротлари ва ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

"Акие хоним билан бўлиб ўтган учрашувда Япониянинг турли университетлари (жумладан мен таҳсил оладиган Токио чет тиллари университети, Токио , Васэда , Кеио, Хоккайдо, Хитоцубаши, Киото университети)дан жами 10 нафарга якин талаба иштирок этди. Ўрта Осиё мамлакатларидан фақат Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этдим. Акие Абэ хоним билан биргаликда тушлик килиб, турли мавзуларда суҳбатлашдик.

Қувонтирган жиҳати, Акие хоним Ўзбекистон ҳақида жуда илиқ фикрлар билдириб ўтди. Яқин бир йил ичида хоним (2015 йилнинг октябрь ва 2016-йилнинг август ойида) Ўзбекистонга икки марта ташриф буюрди. Ватанимиз , меҳмондўст халқимиз, одамларнинг юзидаги самимийлик ва хурсандчилик жуда катта таассурот қолдирганини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, 1966 йилда Тошкентда бўлиб ўтган зилзиладан омон қолган япон асирлари томонидан қурилган "Навоий опера ва балет театри"нинг маҳобати ва ҳукумат қайта таъмирлашидан сўнг янада чирой очганидан ҳайратга тушганини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, совет иттифоқи давридаги қийинчиликларга қарамасдан шу кунга қадар ободонлаштирилиб келинаётган Яккасарой туманидаги Япон асирлари қабристонига ҳар сафар ташриф буюриши, қабристоннинг озодалигини кўриб доим ўзбек халқидан миннатдор бўлишини айтиб ўтди.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг жадал суръатларда ривожланиб бораётгани, шаҳарларнинг янада замонавийлашиб, янада чирой очаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Мустақиллик йилларида икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқалари ривожланиб келаётгани, кунчиқар мамлакат Япония ва серқуёш ўлка Ўзбекистоннинг турли соҳаларидаги алоқалар янада мустаҳкамланиб боришидан умидвор эканлигини қайд этди.

Япониянинг биринчи хоними томонидан жаннатмакон юртимиз ҳақида билдирилган бундай эътирофдан Ўзбекистон фарзанди сифатида жудаям бошим осмонга етди.

Қароргоҳнинг бу зинаси жуда машҳур бўлиб, бош вазир сайланганидан сўнг, шу зинада улар билан расмга тушиш анъана тусига кирган.

Тушликдан сўнг деярли ярим соат мобайнида Абэ хоним қароргоҳни турли хоналари билан таништириб ўтди.

Турли давлат раҳбарлари томонидан тақдим этилган совғалар музейи хам мавжуд бўлиб, бу ерда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов томонидан Япония бош вазири Шинзо Абэга такдим қилинган совғани хам учратиш мумкин.

Акие Абэ хоним билан учрашув менга янада илҳом бағишлаб, масъулият ҳиссини оширди. Бундай масълият юртимга муносиб фарзанд бўлиш учун билим олиб, келажакда Ўзбекистон ва Япония алоқаларининг янада мустаҳкамланиши учун бор кучим билан меҳнат қилишга ундайди".

Маълумот ўрнида, Фахриддин Эргашев 2016 йилнинг июль ойида "Япония Ўзбекистон дўстлик жамияти"нинг ижрочи директори этиб тайинланди. Акие Абэ хоним эса мана шу жамиятнинг аъзоси хисобланади.

Акие Абе совғаси

Қароргоҳнинг кириш қисми

Бу Абэ хонимнинг асалари қутиси

Япония Бош вазирининг рафиқаси асалари боқишга қизиқади ва қароргоҳда бунинг учун махсус хона ажратилган. У асалари боқиш сирларини АКШ президенти Барак Обаманинг рафиқаси Мишель Обамадан ўрганганини таъкидлаб ўтди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Япониянинг биринчи хоними ўзбекистонлик талабани меҳмонга таклиф қилди