Кичик корхоналар ходимлари сони битирувчилар ҳисобига ошади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Кичик корхоналар ходимлари сони битирувчилар ҳисобига ошади

Кичик корхоналар ходимлари сони битирувчилар ҳисобига ошади

Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, микрофирма ва кичик корхоналар касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга олаётганда эндиликда ўртача йиллик ходимлари сонининг 50 фоизгача (аввал 20 фоизгача бўлган) бўлган миқдорида қўшимча ишчиларни ишга олиши мумкин бўлади, Бу ҳақида «Norma.uz»га асосланиб «Kun.uz» хабар бермоқда.

Бу янги ўзгаришларга кўра, мисол учун, ишлаб чиқариш соҳаларида ўртача йиллик ходимлари сони 20 кишидан ортиқ бўлмаган микрофирмалар қўшимча яна 10 кишини ишга олишлари мумкин бўлади.

Енгил ва озиқ-овқат саноати, металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик, мебел саноати, қурилиш материллари саноати, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритадиган, ходимларининг ўртача йиллик сони 100 кишидан ортиқ бўлмаган кичик корхоналар қўшимча яна 50 кишини ишга олишлари мумкин бўлади.

Ходимлар сонининг оширилишига Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларининг ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари ўқишни тугаллаган кунидан бошлаб кўпи билан уч йил ўтмаган бўлса, йўл қўйилади.

Бу уч йил муддат ўтгандан сўнг, юқорида тилга олинган таълим муассасаларини тамомлаган шахслар энди “битирувчи” мақомига эга бўлмайдилар, бундай шахсларни ишга олган ёки корхонада уч йилдан кўп ишлаган ходим билан меҳнат шартномаси тузган корхона юқоридаги имтиёздан фойдалана олмайди.

Агар микрофирма ёки кичик корхона томонидан ишга олинган ходимлар сони белгиланган ўртача йиллик ходимлар сонидан ошиб кетган бўлса, улар шу чеклов ошиб кетган муддатга қонунчиликда назарда тутилган имтиёз, кафолат ва ҳуқуқлардан маҳрум бўладилар. Шунингдек, уларга солиққа тортиш борасида ҳам тегишли чоралар кўрилади.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru