Анонс: Бугун Базелда «Севилья» ва «Ливерпуль» ўртасида Европа Лигаси финали бўлиб ўтади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
18-05-2016 | 10:37 ZAMIN.UZ / Спорт / 18 Май 2016 года
393

Анонс: Бугун Базелда «Севилья» ва «Ливерпуль» ўртасида Европа Лигаси финали бўлиб ўтади

Анонс: Бугун Базелда «Севилья» ва «Ливерпуль» ўртасида Европа Лигаси финали бўлиб ўтади

Бугун Швейцариянинг Базель шаҳрида жойлашган «Санкт-Якоб Парк» стадионида Европа Лигасининг жорий мавсумдаги финал учрашуви бўлиб ўтади.

Унда бош соврин учун турнирнинг амалдаги ғолиби - «Севилья» (Испания) ва «Ливерпуль» (Англия) жамоалари майдонга тушишади.

Бўлажак финал УЕФА кубогини ҳам ҳисобга олганда, турнирнинг 45-ҳал қилувчи учрашувидир. Мусобақа Европа Лигаси номини олганидан кейинги давр учун эса, ҳисоб бўйича 7-финалдир, дейилади "Кун" нашрида.

«Севилья» 2006, 2007, 2014 ва 2015 йилларда бу турнир финалида ғалаба қозонган.

«Ливерпуль» эса турнир УЕФА Кубоги деб аталган вақтларда, 1973, 1976 ва 2001 йиллардаги финаллар ғолиби бўлган.
Анонс: Бугун Базелда «Севилья» ва «Ливерпуль» ўртасида Европа Лигаси финали бўлиб ўтади

Бугунги финалда ғолиб чиққан жамоа 15 килограммли кубок билан бирга кейинги мавсумда ЕЧЛнинг гуруҳ баҳсларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Қайд этиш керакки, икки жамоа ҳам ички чемпионатлар якунига кўра, ЕЧЛ йўлланмасига эга бўла олмади, «Ливерпуль» АПЛ якунларига кўра, саккизинчи ўринни эгаллаган бўлса, «Севилья» Ла Лигада еттинчи ўрин соҳиби бўлди. Унай Эмери жамоаси охирги 9та турдан фақат биттасида, «Бетис»га қарши дербида ғалаба қозона олди.

«Ливерпуль» Европа Лигасида «Рубин», «Сьон» ва «Бордо» жамоаларига қарши баҳслар ўтказди. Гуруҳ босқичида биринчи ўринни эгаллаган жамоа кейинги босқичларда «Аугсбург» (0:0, 1:0), «МЮ» (2:0, 1:1), «Боруссия Д» (1:1, 4:3) ҳамда «Вильярреал» (0:1, 3:0) жамоаларини ортда қолдирди.
Анонс: Бугун Базелда «Севилья» ва «Ливерпуль» ўртасида Европа Лигаси финали бўлиб ўтади

«Севилья» эса мавсумни ЕЧЛда бошлади. «Ювентус», «Манчестер Сити» ва «Боруссия М» билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллаган жамоа ЕЛнинг плей-офф учрашувларида «Мальмё» (3:0, 0:1), «Базель» (0:0, 3:0), «Атлетик» (2:1, 1:2, пенальтилар бўйича 5:4) ва «Шахтёр» (2:2, 3:1) жамоалари тўсиғидан ўтди.

Финал Тошкент вақти билан соат - 21:45да бошланади. Ўйинга швециялик Юнас Эрикссон ҳакамлик қилади.

УЕФА кубогига 1971 йили асос солинган. Унга қадар ҳам айни шу тартибда ўтказиладиган мусобақа бўлганди. Фақат, уни Ярмаркалар кубоги, деб аташган. 2008-2009 йиллар мавсумидан бошлаб, мусобақа формати ўзгартирилди ва турнирга Европа Лигаси номи берилди. 1998 йилга қадар мазкур турнирда ўз мамлакати кубогини қўлга киритган жамоалар иштирок этмасди. Ўша мавсумдан бошлаб Кубок эгалари кубоги турнири УЕФА кубоги билан бирлаштирилди. Шунингдек, ўйинлар формат бўйича худди ЕЧЛ сингари ўтказила бошланди.

Шу ўринда айтиш жоиз, УЕФА Ярмаркалар кубогини расман тан олмаган. Шу боис ҳам, ўша мусобақада 2 марта зафар қучган «Лидс Юнайтед» УЕФАнинг еврокубокларда ғолиб чиққан жамоалар рўйхатида йўқ.

УЕФА кубогининг илк соҳиби Лондоннинг «Тоттенҳэм Ҳотспур» клубидир. «Шпорлар» 2та ўйин натижасига кўра, «Вулверҳэмптон Уондерерс»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этишган. Умуман олганда, турнирда турли йилларда 26та клуб зафар қучган. Шундан 11таси кубокни икки марта ёки кўпроқ қўлга киритган. Ғолиблик шоҳсупасига 4 марта кўтарилган «Севилья» бу борада рекордчи ҳисобланади. Мамлакатлар миқёсида Италия ва Испания вакиллари энг яхши натижага эга - 9 мартадан ғолиблик.

Европа Лигаси гуруҳ босқичида иштирок этган ҳар бир клуб 640 минг евродан олади. Шунингдек, ҳар бир ўйин учун 60 мингдан берилади. Гуруҳ босқичидаги ғалабанинг баҳоси - 140 минг, дурангники - 70 минг евро. «Плей-офф» босқичига йўл олган жамоа қўшимча 200 минг олади. Шу тариқа, мукофот пули миқдори ошиб бораверади: нимчорак финал учун - 300 минг, чорак финал учун - 400 минг, ярим финал учун - 700 минг евро. Финалчига 2 миллион евро берилса, ғолиб жамоа ўз ғазнасини яна 3 миллион еврога бойитади. Таққослаш учун, Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиққан клуб 3,9 миллион евро олади.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru