Вадим Абрамов: Ўйин ҳаммасига ойдинлик киритади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Вадим Абрамов: Ўйин ҳаммасига ойдинлик киритади

Вадим Абрамов: Ўйин ҳаммасига ойдинлик киритади

Бугун “Локомотив” ОЧЛ гуруҳ босқичи, биринчи тур ўйинлари доирасида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” ҳамоасига қарши майдонга тушади. Кеча эса Ар-Риёд шаҳрида ўйинолди матбуот-анжумани бўлиб ўтди.

“Эртанги ўйин жуда қизиқарли кечиши аниқ”, - дея сўз бошлади Вадим Карленович. – “Ал-Ҳилол” Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Биз ўйинга тайёрмиз ва фақат эртанги ўйин барчасига ойдинлик киритади”.

- Мураббий “Ал-Ҳилол”ни Осиёнинг энг кучли клублари қаторига киритди. Бироқ биласизки, ҳозир жамоа учун бироз оғир давр. Клуб президенти алмашди. Мураббий истеъфога чиқарилди. Чемпионат доирасидаги ўйинларда ҳам жуда яхши натижа кўрсатяпти деб бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси эртага рақибингиз оёғидан чалмайдими?

- Ҳа, “Ал-Ҳилол”нинг барча муаммоларидан хабарим бор. Вазият ҳақиқатдан ҳам яхши эмас. Аммо, биласизми, бу асосан ўз маҳаллий чемпионатидаги муаммолар. Чемпионлар Лигаси эса бутунлай бошқа мусобақа. Бу ерда жамоа мутлақо бошқача чоғланиш билан майдонга тушади. Шунинг учун мен клубнинг бу муаммолари эртанги ўйинга кўп ҳам таъсир қилади деб ўйламайман.

- “Ал-Ҳилол” мухлислари Осиёда анча машхур. Улар жамоани ажойиб тарзда қўллаб қувватлайди. Бу нарса жамоангиз ўйинига салбий таъсир ўтказмайдими? Балки қандайдир қўрқув пайдо бўлар футболчиларингизда?

- Йўқ. Ундай деб ўйламайман. Биз эътиборимизни ўйинга қаратамиз. Ҳар бир жамоа, унга рақиб қанчалик имконият беришига қараб ўйин кўрсатади. Рақиб бизга имкон тақдим этса ундан фойдаланишга уринамиз, улар ҳам шундай. Бошқа омил ўйинга кўп ҳам таъсир этади деб ўйламайман.

- Саудия Арабистонида ҳозир мавсумнинг ўртаси. Сизларда эса мавсум ҳали бошланмади ва бу жамоангиз учун биринчи расмий ўйин. Бу қанчалик таъсир ўтказади ўйинга?

- Таъсири бўлади. Бироқ биз ҳам мавсумлар оралиғида бекор ўтирмадик. БАА ва Туркияда, шунингдек бир муддат Тошкентда ҳам ўқув-йиғин машғулотларини олиб бордик. Улар давомида кўплаб назорат учрашувлари ўтказдик. Шунинг учун ҳозирдан бу биринчи ўйинлиги қанчалик яхши ёки ёмонлиги ҳақида бир нарса дейиш қийин. Эртага ўйинда кўрамиз.

Манба: www.uff.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru