«Реал» орзусидаги юлдузлар » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
25-05-2016 | 15:51 ZAMIN.UZ / Спорт / 25 Май 2016 года
14 678

«Реал» орзусидаги юлдузлар

«Реал» орзусидаги юлдузлар

ФИФА Мадриднинг «Реал» жамоасига янги футболчиларни харид қилишни таъқиқлаб қўйган бўлса-да, “қироллик клуби” ўзига керакли номзодларни кўз остига олиб қўйган. Бир сўз билан айтганда, “Реал” орзу қилаётган чарм тўп усталари бор. Молиявий жиҳатдан “Реал” қанчалик бақувват бўлишига қарамай, улар етиша олмаётган футболчилар кўпчиликни ташкил қилади. Қуйида шу ўйинчилар борасида сўз юритамиз.

Давид Де Хеа (“Манчестер Юнайтед”)

“Реал” орзусидаги дарвозабон айнан Давид Де Хеа ҳисобланади. “Манчестер Юнайтед” Де Хеани қўйиб юборишни истамаяпти. Шунинг учун ўтган йилнинг ёзида саноқли дақиқалар уни “Реал”га кўчиб ўтишига тўсқинлик қилганди. “Реал”да бугунги кунда Кейлор Навас ишончли ўйин кўрсатмоқда. Бироқ раҳбарият келажакни олдиндан кўра олаётганлиги сабабли, Де Хеани сотиб олиш фикридан қайтмаяпти. Аксинча, харид қилиш учун курашни давом эттирмоқда.

Поль Погба (“Ювентус”)

Поль бу рўйхатда алоҳида ўрин тутади. Зидан франциялик иқтидор эгасини олиб келишни режасига киритган. Погба ҳам “Реал”да ўйнаш истаги борлигини бир неча маротаба таъкидлаб ўтди. “Ювентус” эса Погба бўйича бўлаётган таклифларни қабул қилмаяпти. Аммо, Погбанинг ўзи аралашадиган бўлса, трансфер амалга ошади. Бунинг учун Зидан бош мураббийлик лавозимидан кетмаслиги лозим. Шунда иқтидорли чарм тўп устаси фаолиятини “Реал”да давом эттиришга розилик беради.

Неймар (“Барселона”)

“Реал” орзулари орасида рўёбга чиқиши деярли нолга тенг бўлган вазият Неймар билан боғлиқ. Чунки Неймарни ўзи “Реал”га кўчиб ўтишни истаган тақдирида ҳам, трансферни амалга ошишига халақит қиладиган омиллар топилади. Биринчи галда “Барселона” Неймарни сотиб юбормайди. Фақатгина, каталонияликларга таклиф қилинадиган космик сумма раҳбариятни жазавага солмаса, қолган вақтда Неймар сотилмаслиги табиий. Тиниб-тинчимас “қироллик клуби” скаутлари бошланадиган трансфер ойнаси вақтида яна “Барселона”га таклиф билан чиқишлари мумкин.

Серхио Агуэро (“Манчестер Сити”)

Аргентиналик ҳужумчи “Манчестер Сити”нинг муҳим футболчиларидан бири ҳисобланади. Шу боис шайхлар ҳаттоки космик нарх белгиланган тақдирда ҳам, ҳужумчини сотмаса керак. Қолаверса, “шаҳарликларда” ҳеч қачон молиявий томондан муаммо бўлмаган. Агуэро “Реал”га ўтаман, деб оёқ тираб олса, “Манчестер Сити” раҳбарияти трансферни амалга ошиши учун тўсқинлик қилмаса керак.

Эден Азар (“Челси”)

Айрим мутахассисларнинг таърифига кўра, Роналду ва Мессидан кейин Эден Азар дунёнинг энг яхши футболчиси бўлиши мумкин. Азар “Челси”нинг етакчиси мақомини аллақачон олиб бўлган. Шу тариқа ўйнайдиган бўлса, яқин орада “Олтин Тўп”ни янги соҳибига айлана олади. Умуман олганда, футбол аҳли ҳам янги “Олтин Тўп” эгасини етишиб чиқишини кутмоқда. Негаки, Месси ва Роналдунинг галма-галдан бу совринга эга чиқишаётгани кўпчиликни жаҳлини чиқармоқда. Футбол айнан шу икки футболчи атрофида ўралашиб қолгандек таассурот қолдирмоқда. Азар “Реал”нинг орзусидир. Агар у ҳам бу клубга келса, жамоанинг ярим ҳимояси энг даҳшатли қуроллардан бирига айланади.

Марко Ройс (“Боруссия Д”)

Германия футболининг ёрқин юлдузларидан бири айнан Ройс ҳисобланади. Марко майдонни жуда яхши кўра олади. Тўп узатишлари ҳам ажойиб эканлигини барча яхши билади. “Реал” мана шундай футболчиси бўлиши учун ҳар қандай маблағни сарфлашга тайёр турибди. Ёзда Ройснинг савдосига 60 миллион евро таклиф қилди. Немис клуби Ройсни айни дамда сотишни режалаштираётганлиги йўқ. Қачонки, унинг трансфери нархи 100 миллион еврога етса, шунда сотиб юбориши мумкин. Бунгача Ройс “Реал” вариантини кўриб чиқади, холос. Умуман олганда, Ройснинг ўзи ҳам яқинда берган интервьюсида “Реал” ҳақида шундай деди: “Менга “Реал”нинг қизиқиш билдираётганлиги қувонтиргани рост. Чунки “қироллик” клубида ўйнаш ҳар қандай футболчининг орзусидан бири ҳисобланади. Хусусан менинг ҳам “Реал”да ўйнаш истагим бор. Фақатгина, “Боруссия”ни қийин вазиятда ташлаб кетиш фикридан йироқдаман. Вақти келиб, “Реал”да ҳам тўп сурарман”, - дейди Марко Ройс. Хуллас, футболчининг орзуси шулардан иборат.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru