ОЧЛ, 1-тур. «Насаф» ўз майдонида «Тракторсози»дан устун келди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

ОЧЛ, 1-тур. «Насаф» ўз майдонида «Тракторсози»дан устун келди

ОЧЛ, 1-тур. «Насаф» ўз майдонида «Тракторсози»дан устун келди

Осиё Чемпионлар лигаси 1-туридан ўрин олган "Насаф" ва "Тракторсози" жамоалари ўртасида учрашув ўз ниҳоясига етди.

Биринчи бўлимни қаршилик футболчилар жуда суст ўтказишди. Жамоа аъзолари ўзаро бир-бирларини тушуниб ўйнашда анча муаммоларга дуч келишди. Рақиб ҳам у қадар фаоллик кўрсатмай, асосан иккинчи рақамда ўйнаб, қарши ҳужумда “Насаф” футболчиларини жазолашга интилиб ҳаракат қилишди. Айтиш мумкинки, эронликларнинг биринчи бўлим учун танлаган тактиклари тўлиқ ўзини оқлади.

31-дақиқада ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига етказиб берилган тўпга Эдиньо боши билан кучсиз зарба берди. Аммо “Насаф” посбони бу вазиятда бир оз олдинга чиқиб кетгани учун бу зарбани қайтар олмади. Ҳисоб очилганидан кейин қаршиликлар бор эътиборларини ҳужумга қарата бошлашди. Аммо уларнинг ҳаракатлари биринчи бўлимда самара бергани йўқ.

Иккинчи бўлимни эса “аждарлар” тамоман бошқача бошлашди. Танаффусда Рўзиқул Бердиевнинг ўз шогирдларига берган кўрсатмалари тезда ўз натижасини кўрсатди. Илҳом Шомуродов жарима майдончаси чизиғидан ажойиб зарба йўллаб, ҳисобни очди. Голдан руҳланган “Насаф” футболчилари тезда ҳисобда олдинга чиқиб олишга муваффақ бўлишди. Артур Геворкян ўзига нисбатан ишлатилган қўполликдан кейин жарима зарбасидан тўпни ҳаволатиб ошириб берди. Ҳаммадан баланд сакраган Ҳамза Каримов боши билан ажойиб зарба йўллаб, ҳисобни 2:1 кўринишига олиб келди.

“Насаф” шундан кейин ҳам тинчигани йўқ. Ҳужум кетидан ҳужум уюштиришда давом этди. Бу вазиятда “Тракторсози” жамоаси аъзолари қийинчилик билан вакилларимизнинг ҳужумларини қайтариб туришди.

Иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида рақиб ҳам бир оз ўзига келиб, аста ҳужумлар уюштира бошлади. Аммо бу ҳужумларни ҳимоячиларимиз ва дарвозабон қайтаришга муваффақ бўлишди.

Шу тариқа “Насаф” Осиё Чемпионлар лигаси 1-туридан ўрин олган учрашувда ғалаба қозониб, уч очкони қўлга киритди.

ОЧЛ, 1-тур
"Насаф" - "Тракторсози" - 2:1

Гол: И.Шомуродов (46), Ҳ.Каримов (53) - Эдиньо (31).
"Насаф": Элдор Суюнов, Мақсуд Каримов, Илҳом Шомуродов, Рой Рок, Артур Геворкян, Эркин Бойдуллаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Ҳамза Каримов, Одил Ҳамробеков, Фарруҳ Сайфиев, Олександр Коблаш
"Тракторсозий": Ҳамид Лак, Ҳамид Горданий, Холид Шафий, Мирхан Хошимий, Меҳди Кианий, Шаҳин Сағибий, Андраник Теймурян, Аҳмад Камдар, Фаршад Аҳмадзода, Эдиньо, Фардин Абидиний.

Фото манбаси: https://twitter.com/fcnasaf

Манба: www.uff.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru