Паралимпия: Уч нафар ўзбекистонлик дзюдочи дунё рейтингида пешқадамлик қилмоқда » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Паралимпия: Уч нафар ўзбекистонлик дзюдочи дунё рейтингида пешқадамлик қилмоқда

Паралимпия: Уч нафар ўзбекистонлик дзюдочи дунё рейтингида пешқадамлик қилмоқда

Ўзбекистон дзюдо усталари Одилжон Тулендибоев (+100 кг.), Нурбек Бердиёров (-66 кг.), Шерзод Намозов (-60 кг.) Халқаро Паралимпия Қўмитаси (International Paralympic Committee) ҳамда Бутунжаҳон кўзи ожиз спортчилар Ассоциацияси (International Blind Sport Association) рейтинг таснифига кўра ўз вазн тоифаларида пешқадамлик қилишмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Бундан ташқари Феруз Сайидов (-73 кг.), Ширин Шарипов (-100 кг.), Шухрат Бобоев (-90 кг.), Гулрух Рахимова (-70 кг.), Севинч Салаева (-52 кг.) каби дзюдо усталаримиз ҳам дунё рейтинг жадвалида кучли ўнталикдан жой олишган.

Спортчиларимиз рейтинг очколарининг аксарият қисмини 2014 йили АҚШда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати ҳамда Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган Параосиё ўйинларидаги муваффақиятли иштироклари орқали қўлга киритишган.Бундан ташқари дзюдо усталаримиз қатор Гран-При турнири ва нуфузли халқаро турнирларда ҳам кўплаб совринли ўринларга сазовор бўлдилар.

«Маълумки, спортнинг қатор турлари каби дзюдо курашида Паралимпия ўйинларининг йўлланмалари Халқаро Паралимпия Қўмитаси (IPC) ва Бутунжаҳон кўзи ожиз спортчилар Ассоциацияси (ИБСА) рейтинг таснифида ҳар бир вазн тоифасида 1−10-ўринларни банд этган спортчиларга берилади. Яъни, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, шунингдек, Паралимпия ўйинларининг рейтинг очколари ўйналадиган қатор нуфузли мусобақаларда жамғариб борилган очколар 2015 йилнинг 31 декабрида сарҳисоб қилинади ва ҳар бир вазн тоифасида кучли ўнталикдан ўрин эгаллаб, Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XV ёзги Паралимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган спортчилар номи эълон қилинади. Қувонарлиси, бугунги кунга келиб 8 нафар спортчимиз ўз вазн тоифаларида кучли ўнталикда боришмоқда. Умид қиламизки, спортчиларимиз Паралимпия ўйинларининг рейтинг очколари ўйналадиган навбатдаги мусобақаларда ҳам ўзларига билдирилган ишончни аъло даражада оқлашади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, биз ушбу кўрсаткич билан кифояланиб қолмоқчи эмасмиз ва насиб этса Бразилияда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган дзюдо усталаримиз сафи янада кенгаяди», – дейди Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси бош котиби Омон Ғофуров.

Жорий йилнинг май ойида Сеул шаҳри (Ж.Корея)да Бутунжаҳон кўзи ожизлар ўйинлари ўтказилади ва мазкур мусобақалар Паралимпия ўйинларининг рейтинг очколари ўйналадиган энг йирик беллашувлар ҳисобланади. Бундан ташқари дзюдочиларимиз рейтинг очколари ўйналадиган қатор халқаро турнирларда ҳам иштирок этиб, дунё рейтинг жадвалидаги мавқеиларини янада яхшилаб бориш имкониятига эгалар.

«Бугунги кунда бўлажак мусобақаларга ҳар томонлама пуҳта ҳозирлик кўришимиз учун барча шароитлар яратиб берилган, − дейди дунё рейтинг жадвалида пешқадамлик қилаётган дзюдочиларимиздан бири Шерзод Намозов. − Халқаро майдонларда муваффақиятларимиз салмоғини юксалиб боришининг асосий омили Давлатимиз ва хукуматимиз томонидан Ўзбекистонда Паралимпия харакатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг ва амалга оширилаётган саъй-харакатларда деб биламан. Бизга билдирилаётган ишонч ва кўрсатилаётган ғамхўрликларга жавобан биз ҳам қандай даражадаги мусобақаларда иштирок этишимиздан қатъий назар зафарли одимларни давом эттириш учун бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз».

Манба: www.daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru