Мессининг кўз ёшлари (видео) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
30-06-2016 | 12:22 ZAMIN.UZ / Спорт / 30 Июн 2016 года
1 240

Мессининг кўз ёшлари (видео)

Мессининг кўз ёшлари (видео)

Аргентина терма жамоаси Америка кубоги финалида пенальтилар сериясига кўра Чили термасига мағлубиятга учраб, чемпионликдан қуруқ қолди. Ҳаммадан ҳам ҳужумчи Лионель Мессига қийин бўлди, деб ёзади "Telegraf.uz" сайти.

Ҳа, афсонавий футболчи клубдаги фаолиятидан фарқли ўлароқ, ватани терма жамоаси билан айтарли ютуққа эришолмади. Балки омад етишмагандир, эҳтимол жамоавий ўйин ва муҳитда муаммолар бордир. Бир нима дейиш қийин. Аммо финалдан кейин Месси ростмона йиғлади. Ватанига наф келтиролмагани учун куюнди. Шахсий манфаатларини устун қўймади, байроғининг баланд кўтарилишини истагани сезилди.

Омад Мессига кулиб боқмади. Марадона билан солиштириш керак эмас. Унинг замони ҳам, футболи ҳам бошқа эди. Лекин Леонинг кўз ёшлари ҳар қандай қалбларни ларзага келтирди. У ватан учун нимадир қила олиш ва ёки ҳеч нима қила олмаслик орасидаги фарқни кўрсатиб берди. Кимсан Лео Месси ўз ватани учун фойда келтиролмаганидан афсусланиб йиғлади.

Буни Мессига ачиниш деб қабул қилманг. У бизнинг ачинишимизга муҳтож эмас. Ички ҳиссиётини ҳис этинг. Қанийди футболчиларимиз ҳам финалгача боролмаган пайтда шу қадар ватанпарварлик билан йиғласа... У ватанимни севаман, унинг учун ҳамма нарсага тайёрман, деб жар солмади асло. Индамади ҳатто. Ёрдам ҳам беролмади. Бироқ ватани учун тўкилган кўз ёшлари орқали миллионлаб аргентиналиклар, миллиардлаб инсонлар қалбини яна бир карра ларзага солди ва таъбир жоиз бўлса, забт этди.

Евро-2016 мусобақасини олайлик. Мадҳияни қойиллатиб ижро этишда итальянларга тенг келадигани ҳалигача топилмайди. Кечаги Испанияга қарши ўйинда ҳам бутун стадион фақат мадҳияни куйлади. Уларни ҳеч ким мажбурламади, ҳаммаси ватанпарварликдан, ватан учун наф келтиришга қилинаётган ҳаракатлардан дарак бериб турибди.

Яна Мессига қайтамиз ва унинг ҳам терма жамоага қайтишини истаймиз. У ҳали ватани учун керак. Ҳиссиётлар ва жаҳл чиққандаги қарор ҳисобга ўтмайди. Унинг кўз ёшлари энди фақат хурсандчиликдан тўкилишини тилаймиз. Омад сенга, Лео!

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru