Одил Аҳмедов: Миржалол Қосимов қаттиққўл ва талабчан мураббий » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Одил Аҳмедов: Миржалол Қосимов қаттиққўл ва талабчан мураббий

Одил Аҳмедов: Миржалол Қосимов қаттиққўл ва талабчан мураббий

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Краснодар" клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов Россиянинг "Спорт Экспресс" нашрига берган интервьюси чоғида, миллий терма жамоа бош мураббийи, Осиё кубоги ва мундиал ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Ўзбекистон терма жамоасини "Алания" таркибида Россия чемпиони бўлган, бизга яхши таниш Миржалол Қосимов бошқармоқда. У қандай мураббий?
– Қосимов жуда қаттиққўл ва талабчан. У Ўзбекистонда катта нуфузга эга.

Нима учун Осиёнинг икки карра энг яхши ўйинчиси, ўзбек футболининг яна бир юлдузи – Сервер Жепаров Россияга келмайди?
– Менимча, Сервер Осиёда ўйнашни истайди. У қишда Кореядаги учинчи клубига ўтди. Икки йил Саудия Арабистонида ўйнади. Умуман, бизда ҳамма футболчилар ҳам Европа ва Россияда ўйнашни хоҳлайвермайди. Бундан ташқари, Осиёда жуда яхши ҳақ тўлашади.

Яқинда Австралияда Осиё кубоги якунланди. Айтингчи, мусобақа қандай ўтди?
– Жуда қизиқарли, ташкилотчилик жойида, кўплаб томошабинлар, ТВ орқали сифатли трансляция... Ҳар бир терма жамоада ёрқин футболчилар бор эди. Фақат битта минус томони – Ўзбекистон терма жамоаси Кореяга ютқазиб, ярим финалга чиқа олмади. Аммо бизнинг ўз муваффақиятларимиз бор. Бизнинг ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз Жаҳон чемпионатларининг мунтазам иштирокчилари ҳисобланишади. Ўзбекистон футболи ўсмоқда ва футболчилар юқори маҳоратга эга.

Аммо терма жамоа Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқа олмаяпти. Нима халақит бермоқда?
– Балки, буни бутун мамлакат ҳаддан ташқари хоҳлаётгани учундир?! Сабабини аниқ билмайман. Баъзан омад очиқчасига юз ўгирмоқда. Кўплаб очколар йиғяпмиз, аммо гуруҳда биздан ҳам кўп очко жамғарганлар топиляпти. Баъзан Иорданияга пенальтиларда 8:9га ютқазамиз, баъзан ФИФА Бахрайн билан қайта ўйин белгилайди.

Бироқ биз ўзимизга ишонишда давом этамиз. Умид қиламанки, жаҳон чемпионати сари навбатдаги уринишимиз омадли бўлади. Биз ёзда курашни бошлаймиз. Агар жамоа мундиалга йўл олса, бу Ўзбекистон учун катта байрам бўлади.

Агар "Краснодар" Чемпионлар лигасига чиқса, Тошкент ва сизнинг Она шаҳрингиз Наманган буни томоша қиладими?
– Албатта. Наманган аниқ мухлислик қилади, умуман, бутун Ўзбекистон рус футболини мунтазам диққат билан кузатиб боради.

Манба: www.uff.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru