Максим Шацких: Терма жамоадаги фаолиятимдан мамнунман » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Максим Шацких: Терма жамоадаги фаолиятимдан мамнунман

Максим Шацких: Терма жамоадаги фаолиятимдан мамнунман

Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар Максим Шацких айни кунларда Украинада, ўзи учун фаолиятидаги энг қадрли клублардан бири ҳисобланган Киевнинг “Динамо” клубида мураббий сифатида фаолиятини давом эттирмоқда. Аниқоғи, Динамонинг U-19 ёшлар жамоасида ёш футболчиларга мураббийлик қилиб келмоқда.

Айни кунларда мураббийлик билан шуғулланаётган ва Киевда истиқомат қилаётган миллий терма жамоанинг собиқ ҳужумчиси sports.uz порталига экслюзив интервью берди ва фаолият билан боғлиқ бир қатор қизиқарли воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

Қуйида Максим Шацкихнинг инетрвьюсидан ўрин олган энг муҳим вазиятлар ва унинг фаолиятига оид қизиқарли фактлар билан танишиш мумкин.

Максим Шацких феномени

Максим Шацких истеъдод ва қаттиқ мехнат эвазига қаерда бўлмасин катта ютуқларга эриша олиш мумкинлигини исботлай олган ҳужумчилардан бири ҳисобланади. Ажойиб голеадор, истеъдод эгаси ҳисобланган Шацких деярли бутун футболчилик фаолиятини Украинада ўтказди. "Динамо Киев" сафида кўплаб ютуқларни қўлга киритди, клуб тарихидаги энг яхши тўпурар бўлди. Шунингдек, клуб сафида Европа Чемпионлар Лигасида қитъанинг энг кучли жамоаларига қарши ўйнаган кам сонли осиёлик футболчилардан бири бўлди. Энг асосийси эса, ҳамма ҳавас қилгулик оила эгаси бўлди. Максим Шацких бутун фаолияти давомида мехнаткаш ва тиниб билмайдиган футболчи сифатида барчага ўрнак бўла олди.

Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолиятида унга армон бўлиб қолган вазият ҳақида

Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ сардори, терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб турган ҳужумчи клублар миқёсида кўплаб ютуқларга эришди. Терма жамоа сафида қитъа миқёсидаги кўплаб турнирларда иштирок этди ва бир қатор муҳим голларга муаллифлик қилди. Аммо, терма жамоа билан мундиалга чиқа олмаганини ўзи учун армон эканини таъкидади. “Терма жамоадаги фаолиятимдан мамнунман, аммо Жаҳон чемпионатига йўл ола олмаганимдан, афсусдаман”.

Футболдаги илк сабоқлари, катта футболдаги кумири ва футбол оиласи ҳақида

"Катта футболга кўпчилик болалар қатори кўча футболидан кириб келганман. Аммо, футболга тасодифан кириб қолганман дея олмайман. Футболга кириб келишимга сабабчи бўлган сабаб оилам дея оламан. Боиси, отам ҳаваскор футболчи сифатида тўп сурган бўлса, мендан тўрт ёш катта акам футболда ўз ўрнига эга бўлиб бораётган ва футбол мактабида анча истеъдодли ҳужумчи сифатида танилган эди. Унинг ўйинларига ҳафас қилар эдим. Мени тўрт ёшимда Болалар ва Ўсмирлар спорт мактабига (БЎСМ) олиб боришган. Менинг биринчи мураббийим Сергей Михайлович Ковалев бўлган. Футболдаги илк билимларимни айнан шу инсондан ўрганганман. Ҳозир ҳам, илк мураббийим билан алоқаларимиз яхши".

Менга французлар Зинедин Зидан ҳамда Мишель Платинининг ўйинлари ёқар эди. Улар намойиш этадиган ўйин ихлосманди эдим. Аммо, футболдаги кумирим акам бўлган. Ҳар доим унингдек футболчи бўлишга интилганман..

Европа Чемпионлар Лигасида гол урган илк осиёлик футболчи

Европа Чемпионлар Лигаси умуман бошқа дунё, бошқа турнир. Бу турнирда ўйнаш шараф. Бу гимн, атмосфера. Буларни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Буни ҳис қилиб кўриш керак.

Фаолиятидаги энг эсда қоларли голлар ҳақида

Бутун профессионал фаолиятим давомида киритган ҳар бир гол мен учун қадрли. Эсимда қолган ва мен учун қадрли бўлган голлар кўп. Аммо, бир голнинг қадри мен учун жуда баланд. Бу, Европа Чемпионлар Лигаси (2002-2003 йилги мавсум) доирасида ўз майдонимизда "Ньюкасл" дарвозасига киритган голим.

Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги ҳар бир ўйин қадри

"Ўзбекистонда туғилдим ва шу ерда улғайдим. Бу менинг ватаним. Айнан у менга ҳаётга йўлланма берган. Мен Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаганимдан фахрланаман. Ишонтириб айтаманки, Ўзбекистон терма жамоаси либосида ўтказган ҳар бир ўйинда бутун боримни бериб ўйнаганман. Терма жамоа сафида ўтказган ҳар бир ўйин мен учун қадрли ва ҳар бир ўйинда профессионал бурчимни сидқидилдан, бор меҳрим билан адо этганман. Албатта, терма жамоам билан Жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимдан бироз ҳафаман.

Аммо, мухлисларнинг сенга бўлган хурмати ва мухаббати ундан ҳам қадрли. Мухлисларнинг сени қадрлаши ва яхши кўришлари ҳар бир футболчи учун энг катта ютуқ. Украина эса, менинг иккинчи ватаним. Профессинал футболчи сифатида танилишимда бу ердаги фаолиятим энг катта роль ўйнаган. Бу ерда оилам ва уйим бор. “Динамо” сафида 10 йил тўп сурдим ва бу катта бахт. “Динамо” катта оила. Катта футболда узоқ вақт қолишнинг сири эса, мехнат. Бошқа бўлиши мумкин эмас."

Маълумот учун: Максим Шацких Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб турибди – 61та ўйин, 34та гол.

Украина чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар номи ҳам айнан Максим Шацкихга тегишгли. У Украина чемпионатларида 124та гол киритиб Сергей Ребровнинг рекордини янгилади.

Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолиятини 2014 йилнинг 29 май куни Тошкентда Уммонга қарши ўртоқлик учрашувидан сўнг якунлаган.

2003 йилда Осиёнинг энг яхши футболчилари рўйхатида учинчи, 2005 йилда эса, иккинчи ўринда қайд этилган.

Европа Чемпионлар Лигасида гол киритган илк Осиёлик футболчи.

Тўрта маротаба Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси деб топилган – 2003, 2005, 2006 ҳамда 2007 йиллар

Манба: www.fut.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru