Тайёрмисиз? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Тайёрмисиз?

Тайёрмисиз?

Ҳаш-паш дегунча эртакдек бўлиб Олимпиада ҳам ўтиб кетди. Рио-2016 халқимиз қалбида бир умр қолиши аниқ - бу мусобақа биз учун ҳақиқий кашфиёт бўлди.

Ҳали тарихда спортчиларимиз бундай муваффақиятга эриша олмаган эдилар. Ҳаммасидан ҳам бу ғалабалар биз учун улуғ ва мўътабар байрам олдидан қўлга киритилгани кишини хурсанд қилади. Ҳозирча байрамга энг муносиб совғани спортчиларимиз тақдим этиб турибдилар. Руслан Олимпиада рекордини ўрнатди, боксчиларимиз - Ҳасанбой, Шаҳобиддин ва Фазлиддинлар эса яна учта олтин медаль тақдим этдилар.

Умумий ҳисобда Ўзбекистон терма жамоаси Рио-2016да 13та медални қўлга киритди. Бу ютуқ кўламини ҳис қилиш учун биргина факт келтириш етарли бўлса керак - ҳали юртдошларимиз иккита Олимпиадада ҳам шунча медалга эриша олмаган эдилар. Боз устига, ўзбекистонлик боксчилар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритганларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Бу йўлда йигитларимиз ҳатто машҳур Кубани ҳам йўлда қолдирдилар. Мустақиллик байрами учун бундан ортиқ совға бўладими? Буларнинг бари - юртимизда спортга берилаётган эътибор меваси.

Энди мана шу эътибор натижасини рўёбга чиқариш навбати футболчиларимизга келди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси келаси ҳафтада ўта муҳим учрашувда майдонга тушади - ЖЧ-2018 саралаши доирасида Сурия термаси билан куч синашишлари лозим. Биз учун бу учрашув катта аҳамиятга молик. Энг муҳими - у юртимизнинг асосий байрами Мустақиллик кунида ўтказилади. 1 сентябрь - қалби Ўзбекистон дея урадиган ҳар бир инсон учун улкан ҳодиса. Бундай байрамда сурияликлар устидан қозониладиган ғалаба ажойиб совға бўлмайдими?!

Энди ҳамма гап футболчиларимизда қолган. Тушунамиз, ҳозир улар улкан босим остида турибдилар. Ўзи шундоқ ҳам ЖЧ саралашининг сўнгги босқичи ҳар доим оғир келган. Устига-устак, бу - биринчи тўқнашув. Дастлабки ўйинда ҳаяжон ва босим икки баробар кўпроқ бўлиши турган гап. Энди мана шу учрашув Мустақиллик байрамига тўғри келгач, босим қанчалар ошиб кетишини тасаввур қиляпсизми?

Шунақа. Аммо нима қилайлик, бу - спорт. У ҳар доим улкан босим ва ҳаяжон остида ўтади ва фақат чидаганлар профессионал бўладилар. Бразилияда ўтган Олимпиада ўйинларида спортчиларимиздаги босим кам бўлди, дейсизми? Уларнинг ҳар бири мана шу машаққатли йўлни босиб ўтиш учун 4 йил чидадилар. Футболчининг йўриғи бошқа. У бугун термада кўнгилдагидек ўйнай олмаса, эртага клубига кетиб фаолиятини давом эттираверади.

Бокс, оғир атлетика, дзюдо ёки эркин курашда ундай эмас. Улар учун ўзларини кўрсатиш имкони тўрт йилда бир марта келади. Фазлиддин Ғойибназаров олтин медални қўлга киритганда тўккан кўз ёшлар - мана шу йиллар давомида кечирилган машаққат, босим ва ҳаяжон меваси. У ўзига билдирилган улкан ишончни оқлай олгани учун ҳам кўз ёшларини яшира олмади. Ўзи ҳам йиғлади, бизни ҳам йиғлатди...

Энди мана шу ишончни оқлаш навбати футболчиларимизга келди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам тўрт йилда бир келадиган мусобақа остонасида турибди. Боз устига, бу остонадан ЖЧ сари йўл миллий қадриятимиз - Мустақиллик байрами билан бошланиши лозим. Биз шу вақтга қадар ҳар қандай мағлубият учун терма жамоамизни кечириб келдик. Аммо бу сафар ундай бўлмайди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 25 йилдан буён мавжуд. У балоғат ёшидан ўтиб, фасоҳатли даврига кирадиган вақт келди. Унинг ўйинида энди гўзаллик, шиддат ва назокат уйғунлашиши лозим. Худди боксда бўлгани сингари, энди футболчиларимиз ҳам рақибдан бир зарба еганда, иккита-учта жавоб қайтаришлари шарт. Биз шундай ўйинларни кўриш учун ҳам ўтмиш мағлубиятларига чидаб келдик.
Айнан шу нарсани Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги ҳар бир футболчи тушунишини истаган бўлардик. Биз шу вақтгача термадаги таркиб, тактика ва ўйин услуби ҳақида жуда кўп гапирдик. Бугун бу ҳақида умуман сўз очишни истамаймиз. Зеро бутун бошли мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган футболчи терма жамоа либосини кийибдими, энди у шунга муносиб эканини исботлаши шарт. Тўғри, таркибни фақат бош мураббий саралайди ва у ўзи учун керакли футболчиларни жамлаб бўлди. Аммо бу билан таркибдаги ҳар бир футболчи термага муносиб, дейишга шошилмаймиз. Улар буни ҳали исботлашлари лозим. Исбот эса 1 сентябрда - Мустақиллик кунида бўлиши лозим.

Қани, йигитлар, ким аслида кимлигини исботлайдиган вақт келди. Шу вақтга қадар ўтказилган ўйинлар ўз йўлига. Уларнинг ҳеч бирида бу қадар катта эътибор остида бўлмагансиз. Рио-2016дан сўнг энди сизда панд бериш учун ҳеч қандай ҳуқуқ қолмади. Сизнинг юрагингиз устида турган рамзни, қўлингиздаги байроқни Руслан, Ҳасан, Шаҳобиддин, Фазлиддин, Шаҳрам, Бектемир, Элмурод, Диёр, Ришод, Магомед, Рустам, Мурод ва Ихтиёрлар осмон қадар кўтариб қўйдилар.

Энди сиз мана шу байроқни ушлаб қолишингиз шарт. Сиз учун энг катта синов энди бошланади. Шунга тайёрмисиз?

Manba: Interfutbol.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru