Самвел Бабаян: Суриянинг ҳужум чизиғи анча кучли » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Самвел Бабаян: Суриянинг ҳужум чизиғи анча кучли

Самвел Бабаян: Суриянинг ҳужум чизиғи анча кучли

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ЖЧ-2018 саралашининг сўнгги босқичи илк турида Сурия терма жамоасига қарши кечадиган ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.

- Барча журналистларни бу ерда кўриб турганимдан хурсандман. Эртага ЖЧ саралашининг сўнгги босқичи бошланади. Ушбу учрашув Бунёдкор стадионида ўтишининг ўзига ҳос рамзий томонлари бор. Ушбу ўйингоҳ юртимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини кўрсатиб беради. Рақибга келадиган бўлсак, у жуда жиддий рақиб. Айниқса ҳужум чизиғидаги футболчиларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Бизнинг вазифамиз - рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини ўрганиб, ўйинга яхшилаб тайёргарлик кўриш лозим.

- Африкаликлар билан бўлган ўртоқлик ўйинидан сўнг терма таркибида мувозанатни ўрната олдингизми?
- Биз жуда катта ҳажмдаги ишни амалга оширдик, икки кун муқаддам легионерлар - Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов етиб келишди. Яна бир бор такрорлайман, терма жамоанинг ўзига ҳос жиҳатлари бор. Агар клубда бирор ишни бажариш учун ойлар керак бўлса, термада ўша ишни бир неча машғулотда амалга ошириш мумкин. Биз эртага бўладиган ўйинга тайёрмиз.

- Ўзбекистон терма жамоаси ҳали бирор марта ЖЧ саралашининг сўнгги босқичини ғалаба билан бошламаган. Бу борада футболчилар қандай фикрда?
- Терма жамоа футболчилари бу статистика ҳақида биладилар, деб ўйламайман. Ҳар қандай анъана ҳам вақти келиб барҳам топади. Биз ҳам эртага шу ишни амалга оширишга уриниб кўрамиз.

- Сизнинг уч нафар футболчингиз Хитой чемпионатида тўп суради. Савол - Игорь Сергеев Хитой чемпионатидаги 6 ўйинда гол ура олмади. Бунга қандай қарайсиз?
- Сергеев дарҳақиқат бизнинг ўйин моделимизда катта аҳамият касб этади. Афсуски Хитой чемпионатида унинг ишлари у қадар яхши эмас, аммо шуни ҳам таъкидлаш жоиз, у ердан Сергеевдан ўз ўрнида фойдаланмаяптилар. У кўпинча ўнг ёки чап қанотда тўп сурмоқда. Бироқ шунга қарамай биз унинг савиясига шубҳа қилмаймиз. У эртага асосий таркибда майдонга тушишга тайёрланмоқда.

- Одил Аҳмедов ва Виталий Денисовнинг ҳолати қандай?
- Албатта бу борада кичик муаммолар бор. Яхши биласиз, улар 28 августда жуда жиддий ўйинда майдонга тушишган ва бу учрашувда Аҳмедов тўлиқ иштирок эта олмай, 65-дақиқада захирага олинган. Ҳозирда унда ўзини ҳис қилиши борасида бироз муаммолар бор, аммо шифокорлар Аҳмедов ва Денисов билан шуғулланишмоқда. Уларни ўйинга тўлиқ куч билан тайёрлашяпти.

- Эртага бўладиган ўйин олдидан сизни нима кўпроқ ташвишга солади?
- Албатта биз биринчи навбатда ўз ўйинимизни намойиш қилишимиз керак. ЖЧ саралашининг аввалги босқичида ўйинимиз яхши эканини кўрсатиб бўлганмиз. Биз ўша ўйинларимизни яна такрорлашимиз керак.

- ЎФФ президенти Мираброр Усмонов терма жамоа билан учрашди ва унда Мираброр Зуфарович футболчиларга нималар деди? Яна футболчиларнинг мадҳия куйлаши ҳақида айтилган гапларга изоҳ берсангиз.
- ЎФФ президенти билан учрашиш барча футболчилар учун катта аҳамият касб этади. Мираброр Зуфарович нафақат ўзбек футболи, балки спортида ҳам катта аҳамиятга эга. Табиийки у бизни тўплаб, келгуси ўйин олдидан омад тилади ва Рио Олимпиадасида бўлгани сингари футболда ҳам ғалабаларга эришиш лозимлигини айтди. Олимпиададаги ғалабалардан сўнг юртимизда бокс кенг урфга кирди. Шундай экан, нима сабабдан таркибда шундай ўйинчиларимиз бўла туриб, футболда ҳам шундай ғалабаларга эришиш мумкин эмаслигини айтди. Бу биз учун жуда муҳим учрашув бўлди. Ундан биз ўзимиз учун катта қувват олдик. Яна саволингиздаги руҳият ва ватанпарварлик масаласига келсак, бу борада терма жамоага келадиган барча йигитларда Ватанга муҳаббат ҳисси кучли ва улар ўз олдиларига қўйилган вазифани бажариш учун бор кучлари билан ҳаракат қиладилар.

- Сиз терма жамоани қабул қилиб олганингиздан сўнг таркиб деярли ўзгармаяпти. Бу орада эса Олий лигада Темурхўжа Абдуҳолиқов тўпурарлик хислатини намойиш қилмоқда, шунингдек Бобир Абдуҳолиқов ҳам жуда яхши ўйин намойиш қилмоқда. Селекция борасида ўзгариш қилиш вақти келмадими?
- Терма жамоага номзодлар саралаб олишда ўзига ҳос критерияларга амал қиламиз. Бу ҳақида деярли ҳар бир матбуот анжуманида айтмоқдаман. Биринчидан, термада ўйнаш учун футболчи яхши формада бўлиши лозим. Иккинчидан, у бизнинг ўйин услубимизга тушиши керак. Учинчидан эса, инсонийлик хислатлари инобатга олинади. Мана шу критерияларга кўра терма жамоага футболчиларни саралаб оламиз. Ўзбекистон паспортига эга ҳар бир футболчи терма жамоада ўйнаш ҳуқуқига эга. Биз бугун терма шарафини ҳимоя қилишга энг муносиб бўлган 23 нафар футболчини саралаб олганмиз.

- Руҳий тайёргарликнинг аҳамияти жисмоний тайёргарликдан кам эмас. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда.
- Бу борада турли вариантларни қўллаш мумкин. Кимдир алоҳида руҳшунос ёллайди. Аммо биз бошқача фикрдамиз. Терма жамоада асосий руҳшунос энг аввало бош мураббий бўлиши лозим. Мен футболчиларни бошқалардан яхшироқ тайёрлай оламан. Чунки термадаги 80 фоиз футболчиларни ҳали она сути оғзидан кетмай таниганман, улар кўз ўнгимда ўсиб, катта бўлишган. Шундай экан, уларнинг ҳолати қандайлигини бошқалардан кўра яхшироқ биламан. Биз ўтказган ўйинлар шуни кўрсатдики, қайсидир босқичда кимнингдир руҳияти юқори даражада бўлади. Биз бу борада иш олиб бормоқдамиз.

- Эртага қандай ўйин намойиш қиласиз, дарҳол ўз ўйин услубингизни ўтказишга ҳаракат қиласизми ёки бошқача ўйнайсизми?
- Биз энг аввало ўз ўйинимизга амал қилишимиз керак. Албатта ҳамма нарсани олдиндан кўриб бўлмайди. Шунинг учун биз рақибни ҳар томонлама ўрганмоқдамиз ва барча нарсага тайёрмиз.

- ЖЧ саралашидаги рақибларимиз, масалан Хитой ва Жанубий Корея ўз ўртоқлик ўйинларини асосий таркиблари билан ўтказишмоқда ва яхши тайёрланиб боришмоқда. Бизда эса вазият буткул бошқача. Бунга нима дейсиз?
- Биласизми, ўртоқлик ўйинларини асосий таркиб билан ўтказмасликнинг ҳам ўзига ҳос ижобий томонлари бор. Биринчидан, биз ФИФА қарамоғидамиз ва ўртоқлик ўйинларига легионерларни чақира олмаслигимиз бу - факт. Бошқа томондан эса биз маҳаллий футболчиларни синаб кўриш имкониятига эга бўламиз. Масалан, Канадага қарши кечган учрашувда кўп яхши жиҳатларни кўриб олдик, ёш футболчиларни синовдан ўтказдик. Биз кучсиз рақибларга қарши ўйнамадик. Буркина-Фасо ва Ироқ терма жамоалари анча кучли ҳисобланади ва бундай ўйинлар ташкил этиб бергани учун федерацияга раҳмат айтмоқчиман. Биз бу баҳсларда кўплаб футболчиларни кўриб олдик ва терма жамоага олиш ёки олмаслик масаласини ҳал қилдик.

Манба: www.fut.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru