Криштиану Роналду: Энди мураббий бўламан... » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Криштиану Роналду: Энди мураббий бўламан...

Криштиану Роналду: Энди мураббий бўламан...

Ўтган ҳафта ЕЧЛ ва ЕЛ гуруҳ босқичига қуръа ташлаш баробарида евромавсум-2015|2016 якунлари сарҳисоб қилинди ва кўпчилик кутганидек, Португалия терма жамоаси ҳамда «Реал» клуби етакчиси Криштиану Роналду кечанинг бош қаҳрамони сифатида эътироф этилди. Яъни евромавсумнинг энг яхши футболчисига ажратилган «Кумуш футболка» айнан Кришга топширилди. Роналду шу билан иккинчи марта бу соврин лауреатига айланиб, футбол оламидаги асосий рақобатчиси Лионель Мессига тенглашиб олди.

Маросимда аввалига евромавсумнинг энг яхши аёл футболчиси номи маълум қилинди. Бош совринга германиялик Женифер Марожан, норвегиялик Ада Хегерберг ва франциялик Амандин Анри номзоди кўрсатилганди. Монакога улардан иккиси ташриф буюрди, Анри ўз клуби - «Портленд»да бандлиги боис, тақдирлаш маросимида қатнашолмади. Хуллас, Марожан ва Хегерберг саҳнага чиқишгач, Анхель Мария Вильяр (УЕФА вице-президенти, у ташкилот раҳбари вазифасини вақтинча бажариб турибди) барчани озгина ҳаяжонда ушлаб тургач, ниҳоят, ғолиба билан таништирди.

Демак, махсус сўров натижасига кўра, норвегиялик малласоч хоним мавсумнинг энг яхши аёл футболчиси сифатида эътироф этилди. Шундан сўнг навбат асосий масалага келди. Ҳамманинг нигоҳию, қулоғи Мария Вильярда - у кимнинг исм-фамилиясини тилга олади? Криштиану Роналду, Гарет Бэйл ва Антуан Гризманн... «РОНАЛДУ» - табассум билан эълон қилди испаниялик функционер. Шундай қилиб, «Кумуш футболка» иккинчи марта португалиялик юлдуз мулкига айланди!

Криштиану Роналу ўзига тегишли бўлган совринни қўлга олгач, махсус матбуот анжуманида иштирок этди. У белгиланган залга биринчи бўлиб кириб борди – янги соврини билан. Португалиялик «футболка»ни стол устига қўяр экан, уни оҳиста силаганча энг яхши аёл футболчи – Ада Хагербергни кутиб турди.

- Ўзи аёлларни доимо кутишга тўғри келади,- дея сукунатни бузди ажойиб кайфиятда бўлган Роналду.- Биласизку, помада, тушь, пошналар... Менимча, у ҳозир лифтда бўлса керак.

Шу лаҳзада Криштиану бошини бурди ва қулоғидаги сирға ўзгача жило бағишлади. Кейин кўзи йўлакда келаётган Хегербергга тушиб, самимий кулди.

- Болаликда нимани орзу қилгансиз? - сўрашди Роналдудан.

- Футболчи бўлишни. Демакки, бу борада орзум ушалди.

- Жорий йил терма жамоангиз билан илк марта соврин ютдингиз. Франция-2016 финалидан сўнг аввало, қандай ҳислар оғушига тушгандингиз?

- Биринчи марта ғалаба қозониш доимо ёқимли. Буни сўз билан ифодалаш қийин. Ўз мамлакатим учун нимадир ютишни хоҳлашимни мудом айтиб келганман. Яширмайман, ўшанда кўп йиғладим. Эҳтирослар тўлиб-тошиб кетди. Очиғи, яна бир бор таъкидлайман, Португалия термаси билан қўлга киритилган соврин алоҳида ўрин тутади!

- Финал ўйини чоғи Фернанду Сантуш ёрдамчиси вазифасини бажардингиз, ҳисоб...
- Албатта, энди мураббийлик учун ўқийман! Лекин жиддий гапирсам, бу иш билан шуғуллланишни истамайман. Жуда мураккаб вазифа. Ҳарқалай, айни пайт умумий фикрим шундай. Эҳтимол, яна 5-6 йилдан сўнг бу масала бўйича хулосам ўзгарар...

- Футболда имкони бор барча совринларни ютгансиз. Шу ҳолатда иштиёқни қандай сақлаш мумкин?

- Курашга доимо табиий ҳолда шайланаман. Айтганча, кўпчилик менга айнан шу савол билан мурожаат қилади. Биласизми, футбол - менинг эҳтиросим, ҳаётий овунчоғим. Шундай экан, имкон қадар юқори савияда ўйнашга интилавераман. Мудом. Ҳар бир мавсум - янги чорлов. Шунинг баробарида ҳеч нарса ўзгармайди. Майдонга тушдимми, ҳужумга ўтишим, голлар уришим шарт.

- Ҳали жаҳон чемпиони унвонини олган эмассиз...

- Майли, тинч қўйсанглар-чи... Ахир Европада эндигина биринчи марта энг яхши бўлдик. Сизлар эса дарров жаҳон чемпионати ҳақида сўз очяпсизлар. Бундай турнирда ғолиб чиқиш жуда-жуда қийин. Тўғри, футболда ҳар нарса рўй бериши мумкин.

- Шунингдек, тарихда ЧЛда кетма-кет икки марта зафар қучиш ҳали ҳеч бир клубга насиб этмаган...

- Нима дердим, эҳтимол, бу ишни «Реал» уддалар... Айнан шундай шайланишимиз керак. Бошқача айтсам, ўз олдимизга худди шу вазифани қўйишимиз шарт.

Манба: Interfutbol.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru