ЕЧЛ: Қуръа кимга қандай келди? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

ЕЧЛ: Қуръа кимга қандай келди?

ЕЧЛ: Қуръа кимга қандай келди?

Мана кўплаб футбол мухлислари интиқиб кутаётган катта турнир бошланиш арафасида. Бундан бир неча кун муқаддам "EЧЛ” га қуръа ташланди ва ундаги бахтли 32 жамоа ўз рақибларини билиб олишди. Шу сабабли бугунги мақоламизни тўла тўкис ушбу мавзуга бағишладик.

Ака-укалар тўқнашуви энди "EЧЛ” да.

А-гуруҳи: «ПСЖ», «Арсенал”, »Базел”, "Лудогоретс”.
Илк гуруҳда Франция, Англия, Швейцария ва Болгария клублари жам бўлишди. Бир қарашда оддий гурухдек. Бироқ, қизиқарли жиҳати шундаки, бу гурух учрашувларида "Евро-2016" мусобақасида қарама қарши тўқнаш келган туғишган ака-ука Жакалар яна бир бирларига қарши майдонга чиқишади. Катта Жака "Базел” клуби номидан тўп сурса, Гранит «Арсенал” учун майдонда тер тўкади. Бу гуруҳда "ПСЖ” клуби фаворитдек кўринмоқда, лекин "Лудогоретс” ҳам анойилардан эмаслигини ўтган йили исботлади. Бир сўз билан айтганда қизиқарли гуруҳ.

Барчада даража ва имконият деярли бир хил.

B-гуруҳи: “Бенфика”, “Наполи”, «Динамо К», “Бешиктош”
Шахсан мени жуда узоқ ўйлантирган гурух бу B-гуруҳи бўлади. Чунки, "Бенфика”, "Наполи”, «Динамо К», "Бешиктош” бир бирига савия жихатидан жуда яқин жамоалар ҳисобланади. Шу боис гуруҳдан ким плей-оффга йўл олишини айтиш мушкулроқдек туйилмоқда. Аммо яхшилаб эътибор берсак, бу гурухда "Ювентус” билан сўнгги тургача Скудетто учун кураш олиб борган "Наполи”, ва кимсан "Порту” дек жамоани чемпионликдан маҳрум қилган "Бенфика” нинг кейинги босқичга чиқиш учун имконияти бироз юқоридек. Лекин,шуни унутмаслик керакки «Динамо К» клуби ҳам ўз салоҳиятини ўтган йили аниқ тиниқ қилиб исботлади, "Бешиктош” эса узоқ кутилган Туркия чемпионлигини қўлга киритиб, якунда ушбу гуруҳдан жой олди. Тўғриси, камина "Фенербахче” мухлиси бўлганим учун "Галатасарой“нинг чемпионлар лигасига йўл ола билмаганидан шодман (Галатасаройликлар хафа бўлишмасин). Аммо ҳеч ким рад эта олмайдики, сўнгги пайтларда Туркия клубларининг халқаро майдондаги юришлари гурух босқичидаёқ якунига етмоқда.

Қадрдонлар қайта учрашади.

C-гурухи: “Барселона”, “Манчестер Сити”, “Боруссия М”, “Селтик”.
Қуръанинг ўзи яна Пеп Гвардиолани "Барселона” билан юзлаштирди. Бироқ, Пепнинг ҳам қадрдон жамоаси билан шахсий ҳисоб китоби борлигини инобатга олсак, бу йилги мусобақа гурух босқичининг энг муҳим ўйини "Барселона” ва "Манчестер Сити” ўртасида кечади. Бошқа жамоаларга хурмат сақлаган холда айта оламизки, "Боруссия М" ва "Селтик” жамоалари ҳозирги пайтда юқоридаги гурух етакчиларига ортиқча бош оғриғи бўла
олишмайди.

Ўлим гурухи.
D-гурухи: «Бавария», «Атлетико», «ПСВ», «Ростов».
Чиндан ҳам «Бавария», «Атлетико», «ПСВ», «Ростов» клублари ўрин эгаллаган Д-гурухи «ўлим гурухи» дея эътироф этилмоқда. Кўпгина мухлислар сингари менга ҳам Симеоне-Анчелотти тўқнашувини кўриш қизиқ туюлмоқда. Сабаби, бирининг жамоаси химояда мустаҳкам ўйнаб, кучли прессинг орқали ўз омадини қарши хужумдан изласа, бошқасининг клуби хужум қилишни севадиган. Илк дақиқаларданоқ хужумга зўр бериб, иложи борича катта фарқ эвазига рақибдан устун келишни хохлайдиган мураббийлардир. Айнан шу икки жамоага қарши Қурбон Бердиев ўргатиб кетган услубда тўп сурадиган «Ростов» нинг ўйинлари ҳам қизиқ ўтиши кутилмоқда. Қолаверса, Голландия чемпиони- «ПСВ» ҳам гурухда қолиб кетмаслик учун жон жахди билан курашади.

БМТ ва “ЦСКА”.

Е-гурухи: “Байер”, “Монако”, “Тоттенхем”, “ЦСКА”.
Бу йилги чемпионлар лигасининг қуръа натижалари яна "ЦСКА" учун ноқулай келди. Сабаби, қария Игнашевич, ака-ука Березутскийлар қўриқлайдиган химоя қўрғонига рақиб жамоалари таркибида Чичарито, Фалькао, Кейн сингари гол овчиларининг таъқиблари кескин бўлиши кутилмоқда. Бу квартет орасида "Тоттенхем" нинг имконияти бошқа жамоаларникидан бир мунча юқори. "Байер", "Монако", "ЦСКА" клублари эса гурухдан чиқиш учун бериладиган иккинчи йўлланма учун аёвсиз жангга киришадилар. Кўрамиз, бу жангда кимнинг қўли баланд келар экан. Бир неча йиллик омадсизликлардан сўнг "армиячилар" яна плей-оффга чиқишадими, ёки уловни "доришунослар" илиб кетадими. Бу ёқда эса "князлик жамоаси" енг шимариб жангга шай бўлиб турибди.

Ҳаммаси деярли аниқ.

F-гурухи: “Реал Мадрид”, “Боруссия Д”, “Спортинг”, “Легия”.
Бу гурухда барчаси деярли ҳал бўлгандек. Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, Португалия клуби ва Полша чемпиони бугунги кунда "Реал" ва "Боруссия" га жиддий қаршилик қила олмайдилар. "Реал Мадрид" ва "Боруссия Д" гурухда ким биринчи бўлиши учун кураш олиб борса, "Спортинг" ҳамда "Легия" эса "Европа лигаси" га бериладиган йўлланма учун талашади. Гурух фаворитларига қарши тўп суриш анчагина қийин бўлади. Қўшимчасига "Реал" ҳам "Боруссия" ҳам ёрқин, ҳужумкор футболни хуш кўрадиган клублар сирасига киради. Бироқ, яна қайтараман футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Майдон текис, тўп эса думалоқ.

Тулкиларга совға.

G-гуруҳи: “Лестер Сити”, “Брюгге”, “Порту”, “Копенгаген”.
Ўтган мавсумда Англияда чемпионликка эришган соддагина "тулкилар" га чемпионлар лигасида ҳам омад кулиб боқди. Аниқроғи, бунда "Лестер" га Кларенс Зеедорф яқиндан ёрдам берди. Зеедорфнинг қўли шундайин енгил эканки, хар қандай клуб ушбу гурухдан ўрин олишни жуда ва жуда истагани тайин. Лекин, шунда ҳам камтар Раньери бобо Биз гурухда аутсайдермиз! дейишдан тортинмади. 1 йил олдин бизнинг мақсад 40 очко тўплаш, биз шунчаки футболдан завқ олишни хохлаймиз дея қайта-қайта такрорлаган Клаудио Раньери якунда кубокни ўзиники қилди қўйди. У бу олтинга тенг сўзлар билан ўз жамоасини ортиқча босимлардан халос қилди. Кўриб турганингиздек Раньерининг чемпионлар лигаси қуръаси учун берган фикри ўтган йилги фикрларидан асло қолишмади. Айёр Клаудио Раньери "биз гурух аутсайдеримиз" сўзлари билан ўз жамоасини яна психологик жихатидан халқаро мусобақага тайёрламоқда. Гапимизнинг исботини эса ўртамиёна "Копенгаген", "Брюгге" лар исботлаб туришибди. Лекин, бу гурухдан "Порту" клуби ҳам ўрин олганлиги сабабли "Лестер"нинг гурухда нечанчи ўринни эгаллаб кейинги босқичга чиқишини айтиш қийин бўлмоқда.

Севиля учун қулай имконият.

H-гуруҳи: “Ювентус”, “Севиля”, “Лион”, “Динамо Загреб”.
Чемпионлар лигасининг сўнгги гурухидан ўрин эгаллаган клублар орасида Туриннинг "Ювентус" жамоаси гурух етакчиси сифатида қаралмоқда. Чиндан ҳам гурухнинг қолган иштирокчиларининг "Юве" дан очко тортиб олиши сенсация деб ҳисобланади. Тўғри H-гурухидан шунингдек "Севиля" сингари ҳар қандай жамоани эсанкиратиб қўядиган жамоа ўрин эгаллаган. Аммо ушбу клуб мана кўпгина йиллардан бери "Чемпионлар лигаси" эмас "Европа лигаси" турнирида фаворит ҳисобланади. Сабаби клуб ЧЛ да иштирок этиш бобида бироз омадсизроқ. Мана энди иштирок этамиз деганда ё гурухда сўнгги бўлиб қолиб кетишади, ёки гурухда 3-ўринни эгаллаб яна севимли мусобақаларига равона бўлишади. Умумий қилиб айтганда, бу гурухда "кекса синиора"га фақат "андалусияликлар" бас келиши кутилмоқда. Чунки, (қолган жамоаларга хурмат сақлаган ҳолда) "Лион" ҳам "Динамо Загреб" ҳам "Юве" каби ТОП даражадаги жамоалар эмас. Тўғри, бир пайтлар "Лион" Франция чемпионатида гегемон эди, ЕЧЛ дек турнирда камида нимчорак финалгача чиқарди. Аммо, клубдан Жуниньо, Купе, Бензема, Гову сингари етакчилар кетганидан сўнг клуб халқаро майдонда буткул йўқолиб қолди. "Лион"нинг хозирги даражаси эса ўртамиёна клубники билан бир хил. Загребнинг Динамоси эса гурухда аутсайдер ҳисобланмоқда. Шу билан бирга "Динамо З" бошқа клублар учун "сирли тулпор" ҳамдир. Яна ким билади, балки Хорват клуби ҳам бир нималар қилиб кейинги босқичга йўл олар. Бунисини эса вақт кўрсатади.

Азмиддин Абдувохидов

Манба: Penalti.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru