Бабаян: “Биз бугун юракдан ўйнадик. Бошқача бўлиши мумкин эмасди” » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Бабаян: “Биз бугун юракдан ўйнадик. Бошқача бўлиши мумкин эмасди”

Бабаян: “Биз бугун юракдан ўйнадик. Бошқача бўлиши мумкин эмасди”

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралаши доирасида Қатарга қарши сафарда кечган ва 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйинидан сўнг матбуот анжумани ўтказилди.

Унда иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Барчага хайрли кеч. Мамлакатимиз оғир жудоликка юз тутди. Бутун халқимиз ҳозирда мотамда. Биз бугун юракдан ўйнадик. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди.

Ўйиндан аввал ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтганимдек, биз Қатар терма жамоасини жуда яхши ўрганиб чиққандик ва оғир ўйин бўлишини билган ҳолда, унга тайёр эдик. Бу ердаги об-ҳаво шароити қандай эканини ҳам билар эдик. Шунинг учун бизга кутилмаган воқелик юз бергани йўқ.

Бугун тартибли ўйин намойиш қилдик. Рақиб ҳам жуда тартибли ҳимояланганини айтишим мумкин. Бугунги – тактик ўйин бўлди. Ўйиннинг иккинчи қисмида яхшироқ ҳаракат қила бошлаганимиз бежизга эмас, биз буни режалаштиргандик. Бунинг учун бизда яхши заҳира ҳам бор эди. Ўйин якунида бизнинг жамоа яратувчанлик борасида кучлироқ бўлди ва гол ҳам шунинг маҳсули эди. Вазифа ғалаба қозониш эди ва у бажарилди.

Биз гуруҳ пешқадамига айландик. Бизнинг фалсафамиз – навбатдаги ҳар ўйин энг муҳими. Ҳар доим олдинда турган ўйинга эътибор қаратамиз ва фақат шу ҳақида ўйлаймиз. Ўйлайманки, мана шундай муносабат билан биз Жаҳон чемпионати орзусини рўёбга чиқара оламиз”, дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи.

Қайд этиш керакки, Самвел Бабаян терма жамоа билан 13 ўйинда 12-ғалабасини нишонлади.

Бу кўрсаткич бўйича у терма жамоа бош мураббийлари орасида яққол пешқадам бўлиб турибди. Ундан кейинги ўринда 7 ўйинда 6 ғалаба қозонган Маҳмуд Раҳимов (бевақт ўлими туфайли терма жамоани бошқара олмаган) ва 18 ўйинда 13 ғалаба қозонган Рустам Акрамов бормоқда.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru