13:03 / 08.03.2015
5 374

Бугун Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви бўлиб ўтади

Бугун Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви бўлиб ўтади

Бугун Ўзбекистон Cуперкубоги доирасида амалдаги чемпион “Пахтакор” ҳамда кубок соҳиби “Локомотив” жамоалари “Бунёдкор” стадионида саф тортишади. Биз ўйин олдидан икки жамоанинг имкониятлари ҳақида бироз тўхталиб ўтмоқчимиз. Дастлаб фикримизни бошлашдан олдин мухлисларга Ўзбекистон Суперкубоги тарихи ҳақида маълумот бермоқчимиз.

Ўзбекистон Суперкубоги ўйини биринчи маротаба 1999 йил бўлиб ўтган. Фарғонада бўлиб ўтган учрашувда эртанги ўйиннинг номинал мезбони бўлмиш “Пахтакор” ҳамда “Навбаҳор” жамоаси бахс олиб боришган. Ўшанда Наманганнинг “лочинлар” 4:2 хисобида ғалаба қозониб, илк суперкубок соҳибига айланган.

Демак, “Пахтакор” учун Суперкубокдаги дебют муваффақиятсиз тугаган. Кейинги Суперкубок баҳси анча танаффусдан кейин, яъни 2014 йил бўлиб, унда Тошкентнинг икки клуби “Бунёдкор” ҳамда “Локомотив” жамоалари ўзаро тўқнаш келишган. ЖАР стадионида кечган учрашув 2:1 ҳисобида “қалдирғочлар” фойдасига ҳал бўлади. Кўриб турганингиздек, мазкур суперкубок баҳси ҳам худди “Пахтакор”да бўлгани каби “темирйўлчилар”га ҳам насиб қилмаган. Эртанги ўйиндаги соврин иккала клуб учун Суперкубокда илк чемпионлик бўлиш билан бирга, кубокнинг янги соҳиби номига аниқлик киритлади.

Бу жамоаларнинг сўнгги баҳси 2014 йил 24 октябр куни Олий лиганинг 20-турида бўлиб ўтган эди. Баҳсда пахтакорчилар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган эди.

“Пахтакор”

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони бўлмиш “шерлар” бу мавсумни омадли юриш билан бошлашди. “Пахтакор” ОЧЛ гуруҳ босқичида биринчи турида ўз майдонида Эроннинг “Нафт” жамоасига қарши баҳс олиб бориб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бу қийин ғалабадан руҳланган тошкентликлар 2-турни сафарда Саудия Арабистониннинг “Ал Шабаб” жамоасига қарши ўтказди. Бу ўйинда рақибига етарлича қаршилик кўрсатган пахтакорчилар 2:2 ҳисобидаги жанговар дуранг билан ортларига қайтишди.

Ўйиндан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида “шерлар” бош мураббийи Самвел Бабаян жамоа бир очкони қўлга киритганини эмас, аксинча икки очко йўқотганини алоҳида қайд этиб ўтди. “Пахтакор” чиндан ҳам бу ўйинда яхши ўйин намойиш этди, лекин жамоа ҳимоячилари иккала ўйинда ҳам қўпол хатоларга йўл қўйишди. Ҳа, жамоа ҳимоя ҳақида жиддий бош қотиришлари керак.

“Локомотив”

Вадим Абрамов бошчилигидаги “темирйўлчилар” учун мавсум бемалол омадсиз бошланди, дея оламиз. Жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасида дастлабки ўйинни “Пахтакор” каби ўз майдонида эмас, балки сафарда “Саудия Арабистони”нинг “Ал Ҳилол” майдонида ўтказди. Тан олиб айтиш керакки, бу ўйинда “Локо”нинг юлдузли таркиби рақибига етарли қаршилик кўрсатмади.

Вадим Абрамов бу мағлубиятдан ўзи учун тўғри хулосаларни чиқариб олди ва ўз майдонида Эроннинг “Фулад” жамоасига қарши баҳсда таркибда бир қатор ўзгаришлар қилди. “Фулад”га қарши бахс биринчи ўйинга нисбатан бошқачароқ тарзда кечди. Жамоа рақиб дарвозасига тезкор гол уришга эришди, лекин бу гол жамоанинг ғалабаси учун етарли бўлмади. Учрашувда дуранг қайд этилди. “Темирйўлчилар” бу мавсум таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширишди. Бу янги ўйинчиларнинг ўзаро майдонда тил топишишлари бироз қийин кечмоқда.

Бугунги ўйинда жамоалар ўзларининг анъанавий либосларида, яъни “Пахтакор” сариқ, “Локомотив” қизил либосларда ҳаракат қилишади.

Учрашувни Равшан Эрматов бошқилигидаги хакамлар гуруҳи бошқариб боришади. 2014 йилдаги Ўзбекистоннинг “энг яхши ҳаками”га қанотларда Абдухамидилло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беришади.

Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор” ва “Локомотив” жамоалари ўртасидаги учрашуви бугун “Бунёдкор” стадионида 14:00да бошланади.

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бугун Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви бўлиб ўтади