Қатарда ким қандай баҳога лойиқ бўлди? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Қатарда ким қандай баҳога лойиқ бўлди?

Қатарда ким қандай баҳога лойиқ бўлди?

Самвел Бабаян бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашининг учинчи босқичидаги иккинчи ўйинини ҳам ғалаба билан якунлади. Дохадаги «Ал-Садд» стадионида Қатар терма жамоасига қарши баҳс олиб борган вакилларимиз Егор Кримецнинг ягона голи эвазига зафар қучишди.

Хўш, учрашувни футболчиларимиз қандай ўтказишди? Қуйида уларнинг кўрсатган ўйинларини баҳолаб чиқамиз:

Александр Лобанов - 8

Тошкентда Сурия терма жамоасига қарши ўтган учрашувда дарвозабонимиз деярли ишсиз қолиб кетганди. Аммо Дохада унга етарлича иш топилди. Лобанов бир қатор вазиятларда жамоамизни муқаррар голлардан сақлаб қолди. Шунингдек, тўпга чиқишларда ҳам анча фаол ҳаракат қилди.

Ислом Тўхтахўжаев - 6

Ислом Тўхтахўжаевни терма жамоада энг бўш ўйин ўтказган футболчилардан, десак муболаға бўлмас. Айниқса, биринчи бўлимда Исломга қарашли бўлган ўнг қанотдан қатарликлар бир нечта ҳужумларни уюштиришди. Кўпинча у рақибга имкониятни бой бериб қўйди. Аммо иккинчи бўлимда биринчисига қараганда нисбатан яхшироқ ўйнади.

Егор Кримец - 8

Марказий ҳимояда ўйнаган Кримецга гап бўлиши мумкин эмас. Учрашувда мезбонлар ўртадан деярли ёриб киришмади. Бунинг устига, Егор жамоамизга ғалаба келтирган гол муаллифига айланди. У Александр Гейнрихнинг стандарт вазиятдан узатган тўпини боши билан дарвозага жойлаб қўйди.

Анзур Исмоилов - 7,5

Асосий ҳимоячимиз ўз вазифасини яхши бажарди. Марказда Кримец билан тандем ҳосил қилган Исмоилов позициясини бўшаштирмади. Айниқса, рақиб футболчиларидан тўпни олиб қўйишда фаол бўлди.

Виталий Денисов - 7,5

Сурия термасига қарши баҳсда энг фаол ўйинчилардан бўлган Денисов бу сафар ҳам бўшашмади. Ўз қанотини мустаҳкам ҳимоялаш билан бирга, терма жамоамизнинг ҳужумларини бошлаб беришда ҳам жонбозлик кўрсатди.

Отабек Шукуров - 7

Отабекнинг ўйинига эътироз бўлиши мумкин эмас. Фақатгина унга халқаро учрашувлардаги тажриба бироз етишмади. Муҳим ўйинда асосий таркибда майдонга тушгани боис ҳам бироз босимни ҳис қилган бўлиши мумкин. Лекин барибир, Шукуров вазифасини яхши бажарди.

Одил Аҳмедов - 8

Аҳмедов биринчи бўлимда унчалик кўзга ташланмади. Тўғри, айрим вазиятларда узоқдан зарба бериб, рақибни чўчитиб турди. Лекин ўз имконияти даражасида ҳаракат қила олмади. Аммо танаффусдан сўнг анча яхши ўйнади. Айниқса, сўнгги дақиқаларда вақт ўтказиш «трюки»ни қойилмақом бажарди.

Сервер Жепаров - 6,5 (Жавоҳир Соҳибов - баллсиз)

Жепаров Сурия термаси билан бўлган ўйинда ажойиб ҳаракат қилганди. Аммо Дохада у мухлислар кутганчалик ўйнай олмади. Тўғри, Осиёнинг икки карра энг яхши футболчисига ўйин бермаслик учун рақиблар ҳам астойдил ҳаракат қилишди. Кейинчалик Бабаян унинг ўрнига Жавоҳир Соҳибовни майдонга туширди. Айтиш жоиз, бу футболчига ўзини кўрсатиш учун имкон бўлмади. Аниқроғи, вақт етишмади. Аммо тан олиш керак, бир вазиятда Жавоҳир узоқдан зарба бериш қобилияти борлигини намойиш қилди.

Элдор Шомуродов - 7

Шомуродов биринчи бўлимда айтарли кўринмади. Албатта, у ҳужумчи ва унга тўп етказиб берилган вазиятда ўзини кўрсатиши мумкин. Аммо замонавий футболда ҳужумчилар ҳам ортга қайтиб, ўзлари учун имконият яратишлари талаб этилади. Иккинчи бўлимда Элдор ҳимоя ва ярим ҳимояда ҳам ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди.

Сардор Рашидов - 6 (Александр Гейнрих - 8,5)

Қатарда ўйнаш ҳадисини олган Сардор Рашидовдан мухлислар кўп нарса кутишганди. Бироқ ушбу футболчи биз истаган ўйинни намойиш қилолмади. Дриблинги юқори бўлган вингер рақиб ўйинчиларини деярли алдаб ўта олмади. Бежизга Бабаян унинг ўрнига Александр Гейнрихни туширмади. Сурия термаси билан бўлган баҳсда жамоасига ғалаба келтирган Саша бу сафар ҳам ўзини кўрсатди. Тўғри, Дохада у рақиб дарвозасини ишғол қилмади. Лекин Гейнрих тушгандан сўнг терма жамоамиз ҳужумида хилма-хиллик кузатилди. Бунинг устига, унинг жарима зарбасини амалга ошириши охир-оқибат голга айланди. Саша ассистентликни ажойиб тарзда уддалади. Бир сўз билан айтганда, Гейнрих гарчи майдонда кам вақт ҳаракат қилган бўлсада, терма жамоамиз сафидаги энг яхши ўйинчи бўлди.

Игорь Сергеев - 6

Хитойда фаолият олиб бораётган Игорь Сергеев ҳам анча бўш ҳаракат қилганлардан бири бўлди. Бош билан яхши ўйнай оладиган ҳужумчи аксарият вазиятларда ўзини кўрсата олмади. Шунингдек, кўпинча ҳимоячилар тўсиғини ёриб ўта олмади.

Манба: interfutbol.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru