Энг қиммат таркиб кимда? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Энг қиммат таркиб кимда?

Энг қиммат таркиб кимда?

Нима деб ўйлайсиз, энг қимматбаҳо футболчилар қайси клубда жамланишган? Бу борада қайси чемпионат вакиллари юқори ўнликдан жой эгаллашган? Soccer.ru шу саволларга жавоб топиш чоғида серхаражат жамоалардан иборат ўзига хос рейтинг тузди.

10-ўрин. «ПСЖ» (Париж, Франция)

Таркиб нархи: 412,65 млн. евро (24 ўйинчи)

Ўртача ёш: 25,4

Бир футболчининг ўртача нархи: 17,19 млн. евро

Энг қиммат ўйинчи: Анхель Ди Мария (60 млн. евро)

Бу галги трансфер кампаниясидан сўнг «ПСЖ» рўйхатнинг ўнинчи қаторига тушиб қолди, аммо парижликларнинг энг ёш таркибга эга эканликларини инобатга олсак, келажакда ўсишга эришишлари муқаррар. Ўз навбатида, бир ўйинчининг ўртача нархи бўйича «ПСЖ» саккизинчи поғонани эгаллаб турибди: ундан ке­йинги ўринларда «Ювентус» ва «Арсенал» бор. Агар Унаи Эмери «Пари Сен-Жермен» раҳбарларининг ишончини оқласа, Франция гегемони келаси мавсум умумий таркиб нархи бў­йича ҳам Лондон ва Турин клубларини ортда қолдирса, ажабмас.

9-ўрин. «Ювентус» (Турин, Италия)

Таркиб нархи: 428 млн. евро (27 ўйинчи)

Ўртача ёш: 28

Бир футболчининг ўртача нархи: 15,85 млн. евро

Энг қиммат ўйинчи: Гонсало Игуаин (65 млн. евро)

«Ювентус» таркибнинг умумий нархи бўйича кучли ўнликда энг паст кўрсаткичга эга, қолаверса, «Кекса синьора» футболчиларининг ёши борасида ҳам мақтана олмайди - 28 ёш. Бу борада туринликлар «Манчестер Сити»дан олдиндалар. Бироқ Поль Погба ва Альваро Моратани қўйиб юборганига қарамай, «Юве» энг қимматбаҳо клублардан бири бўлиб турибди. Афтидан, «бьянконери» «заявка»даги ўйинчилар ва уларнинг ёшидан келиб чиқиб, жорий мавсум жиддий мақсадларга умид билдираётганга ўхшайди.

8-ўрин. «Арсенал» (Лондон, Англия)

Таркиб нархи: 468,5 млн. евро (29 ўйинчи)

Ўртача ёш: 26,3

Бир футболчининг ўртача нархи: 16,16 млн. евро

Энг қиммат ўйинчи: Алексис Санчес (55 млн. евро)

«Арсенал» бу ёз 100 миллион евродан ортиқ пул сарфлаб, ўйинчилар нархи бўйича анча ўсишга эришди. Секин-аста ўзига келаётган Венгер жамоасидан совринлар йўлида барқарорлик ва жиддий кураш кутишимиз мумкин. Ахир таркибнинг қимматлиги борасида дунёда 8-ўринни эгаллаб турган клуб учун «иккинчи даражали» мақоми ярашмайди-да. Тўғри, лондонликларнинг бу кўрсаткичга футболчилар кўплиги туфайли эришишгани ташвиш туғдириши мумкин: «заявка»даги 29 ўйинчидан фақат тўрт нафари 30 млн. евродан қимматроққа баҳоланганлар.

7-ўрин. «Атлетико» (Мадрид, Испания)

Таркиб нархи: 493 млн. евро (23 ўйинчи)

Ўртача ёш: 27

Бир футболчининг ўртача нархи: 21,43 млн. евро

Энг қиммат ўйинчи: Антуан Гризманн (80 млн. евро)

«Атлетико»нинг баланси эса, аксинча, юқорига кўтарилган: Мадрид жамоасидаги даража концентрацияси «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»­никидан ҳам баланд - гап бир ўйинчининг ўртача нархи хусусида бормоқда. Аммо бир нечта фронтда кураш олиб бориш учун Диего Симеонега 23 футболчи етармикан? «Атлетико» ушбу рўйхатдагилардан нимаси билан фарқланади? Гап шундаки, «матрасчилар» аксарият футболчиларни клуб ичида топ-даражага олиб чиқишни уддалаганлар. Улар харид эмас, тарбиялаш ҳисобига ўсишга эришмоқдалар.

6-ўрин. «Челси» (Лондон, Англия)

Таркиб нархи: 514,8 млн. евро (25 ўйинчи)

Ўртача ёш: 26,9

Бир футболчининг ўртача нархи: 20,59 млн. евро

Энг қиммат ўйинчи: Эден Азар (65 млн. евро)

Бугунги кунда дунёнинг олтита жамоасидаги таркиб нархи ярим миллиарддан кўпроқни ташкил этади ва ушбу рўйхатни «Челси» очиб беради. Конте ихтиёрида илмий нуқтаи назардан мукаммал жамоа бор: 25 футболчи ҳамда шиддатли куч. Саккиз ўйинчи 30 млн.дан кўпроққа баҳоланган, яна икки нафари ушбу кўрсаткичга яқинлашган, шунга қарамай, «кўклар» еврокубокларда иштирок этишмайди. Хўш, шунда ҳам премьер-лига чемпионлиги Моуриньо ва Гвардиоланинг Манчестердаги клублари ўртасида ҳал этилади, деган фикрингизда қатъий қоласизми?

5-ўрин. «Манчестер Сити» (Манчестер, Англия)

Таркиб нархи: 518 млн. евро (22 ўйинчи)

Ўртача ёш: 28,7

Бир футболчининг ўртача нархи: 23,55 млн. евро

Энг қиммат ўйинчилар: Кевин Де Брюйне ва Серхио Агуэро (ҳар бири 60 млн. евро)

Гвардиолага «концентрацияланган» таркиб насиб қилди, чунки бир ўйинчининг ўртача нархи бўйича «Ман Сити» фақат Испания грандларидан ортда бормоқда. Ёш масаласи эса Манчестер жамоасининг ожиз нуқтасига айланган: баҳор фаслидаги муҳим ўйинлар пайтида «шаҳарликлар»нинг ўртача ёши 29дан ортиб кетади, агар статистика учун вундеркиндлар сотиб олинмаса, албатта. «Кексалик» ва унинг оқибати - чарчоқ аломатлари Англия ритмига кўникиб улгурмаган Хосепга муаммо туғдириши мумкин. Чунки жамоа қанчалик «қари» бўлса, пасайиш шунча тез амалга ошади.

4-ўрин. «МЮ» (Манчестер, Англия)

Таркиб нархи: 534,25 млн. евро (27 ўйинчи)

Ўртача ёш: 28,7

Бир футболчининг ўртача нархи: 19,79 млн. евро

Энг қиммат ўйинчи: Поль Погба (70 млн. евро)

Гвардиола-Моуриньо қарама-қаршилигида «Беназир»нинг ўзига хос ҳимоя услубига бир эътибор қаратинг. 27 футболчидан иборат мустаҳкам таркиб, қолаверса, «Манчестер Юнайтед»ни Англиядан ташқарида фақат Европа Лигасидаги ўйинлар кутиб турибди. Қўшнилар иштирок этаётган мусобақа эса нисбатан жиддийроқ. Шундай экан, кимнинг ишга ёндашуви самаралироқ бўлар экан?

3-ўрин. «Бавария» (Мюнхен, Германия)

Таркиб нархи: 582,15 млн. евро (25 ўйинчи)

Ўртача ёш: 26,9

Бир футболчининг ўртача нархи: 23,29 млн. евро

Энг қиммат ўйинчилар: Томас Мюллер ва Роберт Левандовски (ҳар бири 75 млн. евро)

Гарчи АПЛ клублари катта харажат қилган бўлсаларда, «Бавария» таркиб қимматбаҳолиги бўйича жаҳоннинг кучли учлигидан жой эгаллаб турибди. Карло Анчелотти ихтиёрида барча параметрлар бўйича мукаммал ва юксак натижаларга эриша оладиган ажо­йиб жамоа бор.

2-ўрин. «Барселона» (Барселона, Испания)

Таркиб нархи: 756,5 млн. евро (22 ўйинчи)

Ўртача ёш: 27

Бир футболчининг ўртача нархи: 34,39 млн. евро

Энг қиммат ўйинчи: Лионель Месси (120 млн. евро)

Испан грандлари фақат бир-бирлари билан рақобатлашишлари, ўзаро беллашув чоғида умумий нархи бир миллиард евродан ошадиган ўйинчиларни майдонга туширишлари мумкин. «Барселона» таркибнинг умумий нархи бўйича «Реал»дан бироз ортда бормоқда. Бироқ каталонияликлардаги футболчилар сони озлигини инобатга олсак, бир ўйинчининг ўртача нархи юқорироқ кўриниш касб этади. Луис Энрике худди Гвардиоладек иш тутмоқда: кадрлар ёрдамида суғурталанишдан кўра, асосий урғуни жамоа ўзагига қаратишни маъқул кўрмоқда. Таъкидлаш жоизки, «Барса» таркибининг ёши «Реал»никига нисбатан бироз юқорироқ. Ваҳоланки, «кўк-анорранг­лилар» Дани Алвес, Адриано, Вермален, Клаудо Бравони қўйиб юбориб, 22 ёшли йигитчаларни жалб этиш эвазига ёшартириш параметрларини бироз яхшилаб олишди.

1-ўрин. «Реал» (Мадрид, Испания)

Таркиб нархи: 769,3 млн. евро (25 ўйинчи)

Ўртача ёш: 26,5

Бир футболчининг ўртача нархи: 30,77 млн. евро

Энг қиммат ўйинчи: Криштиану Роналду (110 млн. евро)

Карло Анчелотти «Реал»да ишлаганида, футболда балансни сақлаш муҳим эканини кўп таъкидларди, эндиликда ўз тажрибасини Германиядаги ҳамкасблари билан ўртоқлашмоқда. Унинг шогирди Зидан эса Мадридда шунга ўхшаш йўналишни қўлламоқда. «Қироллик клуби» бу ёз харажатларни кўпайтирмади, аммо Зизу талабларига мос таркиб шакллантирилди. Ижрочиларнинг юқори малакаси ҳамда ёш борасидаги кўрсаткичлар барқарорликни сақлаш учун бемалол етади. Албатта, мураббий ҳали бу имкониятлардан унумли фойдаланиши даркор, лекин Зидан бошчилигидаги «Реал»нинг мувозанатни сақлаб турганини пайқаш қийин эмас.

Манба: interfutbol.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru