Паралимпия ўйинлари совриндорлари қай тартибда мукофотланиши маълум бўлди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Паралимпия ўйинлари совриндорлари қай тартибда мукофотланиши маълум бўлди

Паралимпия ўйинлари совриндорлари қай тартибда мукофотланиши маълум бўлди

Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХV ёзги паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг фармойиши имзоланган. Бу ҳақда Ўзбекистон телевидениеси орқали маълум қилинди, дейилади "Кун" нашрида.

Унга кўра, олтин медаль олган паралимпиячиларга 200 минг доллар, кумуш медаль олган паралимпиячиларга 100 минг доллар, бронза медаль олган спортчиларга эса 75 минг доллар миқдоридаги пул мукофотлари тайинланган.

Пул мукофотларини тўлаш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан хорижий валютада – АҚШ долларида, банкда жисмоний шахслар учун белгиланган тартибда очиладиган депозит ҳисоб рақамларидан, солиқ ундирилмасдан амалга оширилади.

Фармойишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу мақсадлар учун зарур пул маблағлари ўз вақтида ажратилишини таъминлаб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан биргалиқда ажратилган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг буюртманомалари бўйича белгиланган тартибда конвертация қилиши белгиланган.

Шунингдек, спортчиларга Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Олимпиячиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан сотиб олинган “Малибу” маркали енгил автомобиллари топширилади.

Ушбу фармойиш асосида жисмоний шахсларга берилган енгил автомобиллар қийматига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.

XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон ҳисобига медаллар олиб келган барча спортчилар рўйхати:

Олтин медаллар:
1. Шерзод Намозов - дзюдо (60 кг);
2. Ўткиржон Нигматов - дзюдо (66 кг);
3. Ҳусниддин Норбеков - диск улоқтириш;
4. Одил Тулиндебаев - дзюдо (100+ кг.);
5. Фотимахон Амилова - брасс усулида сузиш (100 м.);
6. Фирдавсбек Мусабеков - брасс усулида сузиш (100 м.);
7. Александр Свечников - найза улоқтириш;
8. Нозимахон Қаюмова - найза улоқтириш.

Кумуш медаллар:
1. Кирилл Панков - баттерфляй усулида сузиш (100 м.);
2. Муслима Одилова - баттерфляй усулида сузиш (100 м.);
3. Хайтжон Алимова - дзюдо (70+ кг.);
4. Фотимахон Амилова - комплекс усулда сузиш (200 м.);
5. София Бурхонова - ядро улоқтириш;
6. Муслима Одилова - эркин усулда сузиш (50 м.).

Бронза медаллар:
1. Севинч Салаева - дзюдо (62 кг);
2. Музаффар Турсунхўжаев - баттерфляй усулида сузиш (100 м.);
3. Фотимахон Амилова - баттерфляй усулида сузиш (100 м.);
4. Турсунпошша Нурматова - дзюдо (63 кг.);
5. Феруз Сайидов - дзюдо (73 кг.);
6. Сервер Ибрагимов - пистолетда 10 м.га ўқ отиш;
7. Ширин Шарипов - дзюдо (100 кг.);
8. Шухрат Бобоев - дзюдо (90 кг.);
9. Гулруҳ Раҳимова - дзюдо (70 кг.);
10. Шоҳсанам Тошпўлатова - комплекс усулда сузиш (200 м.);
11. Дониёр Солиев - узунликка сакраш;
12. Аҳрор Бозоров - паурлифтинг (80 кг.);
13. Дмитрий Хорлин - эркин усулда сузиш (400 м.);
14. Ўзбекистон жамоаси - 4х100 метрга югуриш бўйича жамоавий эстафета;
15. Ҳусниддин Норбеков - ядро улоқтириш;
16. Музаффар Турсунхўжаев - эркин усулда сузиш (50 м.);
17. Шоҳсанам Тошпўлатова - эркин усулда сузиш (50 м.).

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru