“Эл-Классико” тўпурарлари ТОП-11 » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
19-03-2015 | 20:33 ZAMIN.UZ / Спорт / 19 Март 2015 года
818

“Эл-Классико” тўпурарлари ТОП-11

“Эл-Классико” тўпурарлари ТОП-11

Тез орада бутун дунё футбол мухлислари интизорлик билан кутаётган «Эл-классико» бўлиб ўтади. Furkat.uz сайти шу муносабат билан «Реал» ва «Барселона» жамоалари тўқнашувида энг кўп гол урган футболчилар ҳақида тўхталиб ўтади.

9-11. Хосеп Самитиер («Барселона», «Реал Мадрид») – 10 гол
Самитиер 1919-1932 йиллар мобайнида «Барселона» клуби шарафини ҳимоя қилиб, 333 та гол уришга муваффақ бўлган. Шундан сўнг у икки мавсум «Реал»да ҳаракат қилди. Умуман олганда Хосеп «клаасико»ларда жами 10 та голга муаллифлик қилган. Самитиер ана шу голларининг 4 тасини чемпионатда, қолган 6 тасини кубок баҳсларида нишонлаган.

9-11. Хуанито («Реал Мадрид») - 10 гол
Мадриднинг «Атлетико» жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланадиган Хуанито «Реал» таркибида 1977-1987 йиллар мобайнида тўп сурди. У бу давр ичида 100 дан ортиқ голларга муаллифлик қилган. Жумладан «Барса»га қарши баҳсларда 10 та тўп киритган. Ҳужумчи 8 та голини ла лигада, 2 та голини эса Лига кубогида урган.

9-11. Уго Санчес («Реал Мадрид») – 10 гол
Мексикалик ҳужумчи 1985-1992 йилларда «бланкос» шарафини ҳимоя қилиб, 207 марта рақиб посбонларини ранжитишга муваффақ бўлган. Санчеснинг 10 та зарбасидан кейин «Барселона» дарвозабонлари ранжишган. Уго голларининг 8 тасини чемпионатда, 2 тасини суперкубокда нишонлаган.

8. Сантиляна («Реал Мадрид») – 12 гол
Сантиляна «Реал» шарафини 1971-1988 йилларда ҳимоя қилиб, 200 дан ортиқ голлар киритган. Карлос «Барса» побонларини 12 марта хафа қилган. У чемпионатда – 9, кубокда – 2 ва лига кубокда – 1 маротаба Каталонияликларни жазолаган.

4-7. Криштиану Роналду («Реал Мадрид») – 14 гол
Роналду 2009-йилдан бери «Реал» сафида 300 га яқин гол киритган. У «Эл-классико»ларда ҳам ўзини кўрсатиб келмоқда. Криштиану «классико»ларда қаторасига 6 та ўйинда тўп киритиб, рекорд ўрнатган. Португалиялик ҳужумчи 14 та голининг 6 тасини ла Лигада, 5 тасини кубокда ва 3 тасини суперкубок баҳсларида нишонлаган.

4-7. Ференц Пушкаш («Венгрия») – 14 гол

31 ёшида «Реал» формасини кийиб, 39 ёшигача клуб шарафини ҳимоя қилган Пушкаш «бланкос» сафида 242 та гол нишонлаган. Ференц Ла лигада – 9, кубокда – 2 ва еврокубокларда 3 марта азалий рақиб дарвозасига аниқ йўл топа олган.

4-7. Фернандо Хенто («Реал Мадрид») – 14 гол
Бутун фаолиятини Мадрид суперклубига бағишлаган Хенто 1953-1971 йилларда «Реал» сафида 178 гол урган. У «Барселона»га қарши баҳсларда 14 марта зафар қучган. Чемпионлар кубогини 6 бора ютиб рекорд ўрнатган ҳужумчи чемпионатда 10, кубок ва еврокубокларда 2 борадан тўп киритган.

4-7. Сесар Родригес («Барселона») – 14 гол
«Барселона» афсонаси Сесар жамоа сафида 1942-1955 йиллар мобайнида 232та тўп уриб, Месси даври бошлангунга қадар клуб тўпурари бўлиб келган. Родригес чемпионат баҳсларида «Реал» дарвозасини 12 марта аниқ нишонга олган. Бу борада ҳам у рекордчи эди. Ҳужумчи қолган 2 та голини еврокубоклар доирасидаги матчларда киритган.

3. Раул Гонсалес («Реал Мадрид») – 15 гол
«Реал» тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланадиган Раул 1994-2010 йиллар мобайнида «қаймоқранглилар» сафида 323 та тўп киритган. Ана шу голларнинг 15 таси «Барселона» дарвозасидан ўрин олган. Раул Каталонияликларни 11 марта чемпионатда, 3 бора суперкубокда ва бир марта еврокубокларда ранжитган.

2. Алфредо Ди Стефано («Реал Мадрид») – 18 гол
1953-1964 йиллар мобайнида «Реал» таркибида ҳаракат қилиб 300 дан ортиқ гол урган Ди Стефано «Эл-клаасико»ларда 18 марта зафар қучиб ХХI асрнинг биринчи ўн йиллигига қадар пешқадамлик қилиб келди. Алфредо Ла лигада – 14, кубок ва суперкубокда – 2 мартадан «Барселона» дарвозасига йўл топган.

1. Лионел Месси («Барселона») – 21 гол
Испаниянинг икки гранд жамоалари тўқнашувидаги энг яхши 2 та тўпурар аргентиналик футболчилар ҳисобланишади. Лионел 2004-йилдан бери «Барса» учун 400 га яқин гол киритган. Унинг «Эл-классико»лардаги голлари 21 тани ташкил этади. Месси «Реал»га қарши баҳсларда 2 марта «хет-трик» қайд этганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. У чемпионатда – 14, суперкубокда – 5 ва еврокубокда -2 бора «Реал» дарвозасини ишғол қилган.

Фурқат Юсупов

Манба: www.Furkat.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru