Мираброр Усмонов: Вадим Абрамов оммага бўҳтон сингдиришга ҳаракат қилаётгани тушунарсиз » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Мираброр Усмонов: Вадим Абрамов оммага бўҳтон сингдиришга ҳаракат қилаётгани тушунарсиз

Мираброр Усмонов: Вадим Абрамов оммага бўҳтон сингдиришга ҳаракат қилаётгани тушунарсиз

Ушбу ҳафтада Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти ҳузуридаги мураббийлар кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мираброр Усмонов мураббийлар кенгашининг навбатдаги мажлисидаги сўзи аввалида «Локомотив» бош мураббийи Вадим Абрамовнинг матбуотдаги чиқишларига ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

“Минг афсуслар бўлсинким, терма жамоаларимизнинг ютуқлари айрим мураббий ва мутахассислар томонидан суистеъмол қилиняпти. Бу, айниқса, ўзи иштирок этаётган мусобақаларда мағлубиятга учраб, унинг сабабини ўзидан эмас, бошқалардан қидирадиган Олий лига клублари, уларнинг мураббийлари ОАВ билан суҳбатларида яққол намоён бўлаётганлиги ачинарли ҳол, албатта.

Тошкентнинг “Локомотив” клуби бош мураббийи Вадим Абрамов ўйиндан кейинги матбуот анжуманларида “Локомотив” жамоасининг қайд этаётган мағлубиятли ўйинларига клуб аъзоларининг миллий терма жамоага жалб этилаётганлигини сабаб қилиб кўрсатди. У “Локомотив” футболчилари миллий терма жамоага чақирилиб, сафарларга турист сифатида бораяпти деб, оммага асоссиз маълумот тарқатиш баробарида Ўзбекистон миллий терма жамоасига, терма жамоага шарт-шароит яратиб бераётган Ўзбекистон Футбол Федерациясининг меҳнатига ҳурматсизлик билан муносабатда бўлди. Ҳатто “Пахтакор”га қарши ўйиндаги “Локомотив”нинг мағлубиятида ҳам миллий терма жамоани айбдор қилиб кўрсатди. Абрамовнинг оммага ёлғон бўхтонни сингдиришга ҳаракат қилаётгани жуда тушунарсиз ҳолат. Чунки, миллий терма жамоа футболчиларни жалб этишда уларнинг клублари, обрў-эътиборига қаралмайди, аксинча, шу кунгача энг яхши тайёргарликка эга футболчиларгина таркибга жалб қилинади”, - дейди Усмонов.

“Мен тушунаман, ҳар қандай мураббий ўз клуби манфаатидан келиб чиқиб гапиради. Лекин, мағлубиятда қандай қилиб терма жамоа айбдор бўлиши мумкин? Жароҳатлар бўлмаса, футболчилар доимий машғулотда бўлса, муаммо нимада ахир? Вадим Абрамов миллий терма жамоа бош мураббийи бўлган йилларда ҳафталаб ўқув-машғулот йиғинларида юрилган вақтда, клублардаги ҳеч бир мураббий Абрамов бугун ўринсиз гапираётгани каби нолимаган, омадсиз ўйинларга терма жамоанинг йиғинларини сабаб қилиб кўрсатмаган эди”, - дейди Усмонов.

“Бизнингча яхши мураббий мағлубиятни тан ола билиши, ғалаба қозонган ҳамкасбини қўлини сиқиб қўйиб, табриклаши керак. Бор айбни бошқаларга ағдариб, мағлубиятнинг сабабини ўзидан эмас, бошқалардан қидириш профессионал мураббийнинг иши эмас”, - дейди ЎФФ Президенти.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru