Криштиану Роналду ҳақида сиз билган ва билмаган фактлар » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
21-01-2015 | 22:56 ZAMIN.UZ / Спорт / 21 Январ 2015 года
929

Криштиану Роналду ҳақида сиз билган ва билмаган фактлар

Криштиану Роналду ҳақида сиз билган ва билмаган фактлар

Португалия термаси ва “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналду кутилганидек 2014-йил якунлари бўйича “Олтин тўп” совринини қўлга киритди. Қуйида лауреатнинг таржимаи ҳолидан қизиқарли фактларни келтириб ўтамиз.

Юлдузнинг болалиги
— Оиладаги тўртинчи фарзандга унинг ота-онаси келишган ҳолда исм танлашган. Онаси ўғлига Криштиану деб исм қўйган бўлса, отаси - Рональд Рейган шарафига уни Роналду деб атаган экан. Отаси қирқинчи АҚШ президентининг сиёсий фаолиятига эмас, балки уни айнан Голливуддаги ижодий фаолиятига тан берганини кўп бора такрорлайди.

— Ундаги ҳиссиётларга тез берилиб кетиш болалигиданоқ билиниб турарди. Онасининг эслашича, тенгқурлари Роналдуга “бақироқ” ва “митти асалари” деб лақаб қўйишган. Биринчи лақаб унинг жамоадошларининг ҳар бир ҳаракатини муҳокама қилиб қичқиришлари ва оддий хато учун ҳам бақириб йиғлайвериши учун қўйилган бўлса, иккинчисиги– меҳнаткашлиги, тинимсиз рақибларни довдиратиш учун амалга оширадиган турли финтлари сабаб эришган.

— Криштианунинг “Спортинг”даги илк мураббийи Паулу Кардозунинг айтишича, у ўн бир ёшлигидаёқ такрорланмас жиҳатларни намоён эта бошлаган бўлиб, мунтазам равишда икки-уч рақибларни алдаб ўта оларди. Мутахассис, ўйиндан сўнг барча болакайлар унинг атрофига йиғилиб олишларига алоҳида урғу бериб ўтади. Чунки, Криштиану ҳар доим бошқалардан ажралиб турган.

— Роналду ўсмирлик чоғида ўзи учун финтларни ўзлаштиришга алоҳида услуб ўйлаб топади. У спорт залида ҳар икки оёғига алоҳида оғир юк бериб, шундан сўнг дриблинг билан шуғулланарди. Португалиялик футболчи бу усул техникани ривожлантиришга катта ёрдам беради де ҳисоблар эди. Чунки, оғир машғулотдан сўнг оддий ҳолатда югуриш жуда осон бўлар эди-да.

— 15 ёшида Криштиану юрак жарроҳлигини бошдан ўтказган. Тахикардия унинг профессионал фаолиятига нуқта қўйиши мумкин эди, лекин, “Спортинг” клуби врачларининг ўз вақтида қилган муолажалари фойда берди.

“Ливерпуль” ва “Ювентус”ни четлаб ўтиш
“Ливерпуль” нинг 2000-йиллардаги франциялик мураббийи Жерар Улье ўз интервьюларидан бирида португалиялик иқтидорни Алекс Фергюссондан аввалроқ пайқаганини айтади. Лекин унинг жамоаси таркибдаги муҳитни бузиб ёш футболчига у даражадаги катта маош бера олмаслигини билдирган экан. Роналду юлдузи А Сериясида порлаши ҳам мумкин эди. “Ювентус”нинг собиқ бош директори Лучано Моджи 2003-йилнинг ёзида португалиялик футболчининг Туринга келишига бир баҳя қолганини айтади. Ўшанда, “Юве” ва “Спортинг” бартер асосида ўйинчи алиштирмоқчи бўлишади, лекин келишув якунланай деганда - чилилик Марсело Салас ўз фаолиятини “Ривер Плейт”да давом эттиришини билдирган. “Кекса Синьора” эса Криштиануни тўла ҳолдаги трансферини сотиб олишни истамаган экан. Аммо, “Манчестер Юнайтед” клуби ўз тарихидаги илк португалиялик футболчи бўлган 18 ёшли Роналдуга 12 млн, фунт тўлашга уялмади. Криштиану “Жозе Алваладе” стадионини очилиш маросими муносабати билан “Спортинг”га қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида “қизил иблислар”ни мафтун қилиб бўлган эди. Фергюсонни эслашича, ўша ўйиндан бир неча кундан сўнг, жуда кўп шогирдларидан иборат делегация унинг олдига келиб - “ўша ғалати йигит” билан шартнома имзолашни илтимос қилишган.

7 рақами
2003 – йили Роналду “Манчестер Юнайтед” ўйинчисига айланади. Фергюсон янги футболчига клубнинг Брайан Робсон, Жорж Бэст, Эрик Кантона, Дэвид Бэкхем ва бошқа афсоналари тўп сурган еттинчи рақамни бериш керак, деб туриб олади. Шотландиялик мураббийнинг фикрича, “қизил иблислар” учун алоҳида деб аталадиган рақам ёш футболчининг ўзини етакчи сифатида қабул қилишига туртки бўлиши керак эди. Криштиану эса, аввалига “Спортинг” сафида ўйнаган 28 рақамини беришларини сўрайди.Чунки, у жамоага келибоқ бу даражадаги маъсулият эгаси бўлиб қолишни истамаган. Бош мураббий ўз айтганини қилди. Кейинчалик Мадриднинг “Реал” клубидан афсонавий Рауль кетганидан сўнг еттинчи рақамни ўзи сўраб олган.

Ҳайрия ишлари
Ўз мақсади йўлида ҳайрия ишларини бажариш - Роналдунинг ажралмас фазилатидир. Ҳаммаси, унинг 2004-йилда телевизор орқали табиий офат туфайли ўз оиласини йўқотган болакайни Португалия термаси еттинчи рақамли кийимида кўрганидан сўнг бошланди. Криштиану фалокат бўлган жойга учиб бориб жабрланганларга моддий ёрдам берди ва шундан буён ҳайрия ишлари билан мунтазам шуғулланиб келади. 2012-йили Роналду ҳайрия аукционига ўз “Олтин бутса” совринини қўяди. Соврин 1,5 миллион еврога сотилгач, барча маблағни урушдан жабр кўрган фаластинлик болаларга жўнатади. Ўз ташқи кўринишига алоҳида эътибор қаратадиган Роналду донорлик қилиш мақсадида баданига татуировка ҳам чиздирмаган.

Манба: interfutbol.uz / Stadion.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru