"Бунёдкор" янги футболчиларни расман таништирди (Фото) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
11-02-2015 | 17:43 ZAMIN.UZ / Спорт / 11 Феврал 2015 года
2 097

"Бунёдкор" янги футболчиларни расман таништирди (Фото)

“Бунёдкор” ФК янги мавсум олдидан ОАВ вакиллари билан учрашув ташкил этди.

Унда клуб Биринчи вице-президенти – Бош директори Бахтиёр Бобоев ва жамоа бош мураббийи Сергей Лушан иштирок этишди. Шунингдек, “Бунёдкор”нинг янги мавсум олдидан ўз таркибига қўшиб олган футболчилари – Артём Филипосян, Обид Жўрабоев, Шакер Зуаги, Мирзоҳид Ғофуров, Отабек Шукуров ва Элдор Шомуродов ҳам қатнашишди.

Бахтиёр БОБОЕВ (“Бунёдкор” ФК Биринчи вице-президенти – Бош директори): - Аввало, барчангизни бошланаётган янги мавсум билан муборакбод этаман. Ўтган йил жамоамиз учун омадсиз ўтди. “Бунёдкор” ўзига ярашмайдиган ўринни банд этди. Бу йил клубимиз ташкил этилганига 10 йил тўлади. Юбилейимизга катта режа ишлаб чиқилган. “Бунёдкор” бу йил ҳам худди аввалги йиллардаги каби ўз олдига юксак марраларни забт этиш вазифасини қўяди. Таркибимизга Шакер Зуаги ва бошқа бир неча маҳаллий, келажаги порлоқ ўйинчиларни таклиф этдик. Ўйлайманки, бу йил яхши натижалар қайд этамиз. Журналистларга доимо эшигимиз очиқ. Бизни мақтаб ёзишларинигина эмас, балки ўринли танқид қилишларини ҳам истаймиз. Ана шунда қўзимиз илғамаётган камчиликларимизни билиб олардик. “Бунёдкор” 2015 йилги мавсум давомида мухлислар кутаётган даражада ўйин кўрсатишига ишонаман.

Сергей ЛУШАН (“Бунёдкор” ФК бош мураббийи): - Иккита хоржий йиғин ўтказдик. БАА ва Туркияда шуғулландик. Жуда кўп ўртоқлик учрашувларида иштирок этдик ва жамоани шакллантиришга уриндик. Ўтган йили жамоани қабул қилиб олганимда фақат натижа учун ҳам ўйнашимиз мумкин эди. Лекин биз таркибни ёшартириб, келажак ҳақида ўйладик. Аслида бу қарор клуб рахбарияти томонидан маъқулланган ғоя эди. Ёшлар, ўсмирлар терма жамоаларини олиб қаранг. Барча етакчилар бизнинг тарбияланувчиларимиз. Жамоамизнинг бугунги кундаги ўртача ёши 23ни ташкил этади. Мен жамоамиз келажагига ишонаман.

Шундан сўнг жамоанинг янги аъзолари улар тўп тепадиган рақамлар акс эттирилган футболкалар тантанали равишда топширилди. Унга кўра, Артём Филипосян 16, Обид Жўрабоев 15, Шакер Зуаги 7, Мирзохид Ғофуров 11, Отабек Шукуров 29, Элдор Шомуродов 39-рақамларда ўйнаши ойдинлашди.

Тадбир якунида “Бунёдкор” футболчилари янги мавсум олдидан фотосессияда суратга тушишди.
"Бунёдкор" янги футболчиларни расман таништирди (Фото)


Манба: www.stadion.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru