Корейс ОАВлари Ўзбекистон ва Янги Зеландияга қарши ўртоқлик ўйинларидан норози! » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Корейс ОАВлари Ўзбекистон ва Янги Зеландияга қарши ўртоқлик ўйинларидан норози!

Корейс ОАВлари Ўзбекистон ва Янги Зеландияга қарши ўртоқлик ўйинларидан норози!

Жанубий Корея терма жамоаси 27 март куни Ўзбекистон, 31 март куни Янги Зеландия терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиши аниқ бўлди. Лекин корейс ОАВлари ФИФА рейтингида ўз терма жамоаларидан пастки ўринларда турган бу рақиблар билан ўйинлар ўтказилаётганидан у қадар хурсанд эмас.

Хусусан, "Daily Sports" нашри "Олтинга тенг ФИФА кунида 71-ўриндаги Ўзбекистон ва 131-ўриндаги Янги Зеландия билан ўйин? Бу нима деган гап?", дея номланган мақола эълон қилди ва Жанубий Корея футбол ассоциацияси президенти Жонг Монг Гюни ўз сўзида турмаганликда айблади.

"Нимага айнан Ўзбекистон ва Янги Зеландия?", дея бошланади мақола. "Футбол ассоциациямиз 11 февраль куни ушбу терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказилишини расман маълум қилди. Иккала рақиб ҳам ФИФА рейтингида бизнинг терма жамоамиздан пастки поғоналарга жойлашган. "Йил мобайнида ўтказиладиган ўртоқлик ўйинларининг 70%дан кўпроғини ФИФА рейтингида юқори 30таликка кирувчи топ терма жамоалари билан ўтказамиз", дея ваъда берган футбол ассоциациямиз президенти Жонг Монг Гюнинг сўзларига тамоман зид ҳолатку".

Корейс нашри давом этаркан: "ФИФА март, июнь, август, сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида икки мартадан терма жамоалар кунини белгилаб қўйган. Июнь ойидан эса ЖЧ-2018 саралаш баҳслари бошланади. Демак, март ойида икки марта, июнда бир марта ва октябрда бир марта бемалол ўртоқлик ўйини ўтказишга имкон бор. Лекин июнь ва октябрь ойларида ЖЧ саралаш карвони йўлга чиқишини инобатга олсак, бу пайтга келиб тузукроқ рақиб топиш муаммога айланади. Футбол ассоциациямиз март ойидаги ФИФА кунлари учун муносиб рақиб топиши керак эди", дея ёзади.

"Daily Sports"нинг ҳисоб-китобларига кўра, ўртоқлик ўйинларига "пичоққа илинадиган" рақиб таклиф қилинмаса, стадионларга мухлислар ташрифи ҳам ўз-ўзидан камайиб кетади: 2013 йил октябрда Жанубий Корея "Seoul World Cup stadium"да Бразилия билан учрашганида 65,000 томошабин ташриф буюрган эди. Бир ой ўтгач Швейцария билан ўйинни 36,800 нафар мухлис бевосита стадиондан томоша қилган. 2014 йили эса сентябрда Уругвай билан ўйинга 38,100 томошабин келган бўлса, октябрда Коста-Рика билан ўйинни 39,200 томошабин томоша қилди.

Корейс нашри Жанубий Корея терма жамоасининг Осиё Кубогида финалга қадар борганлигини қистириб ўтаркан, эндиликда ўз терма жамоалари ўртоқлик ўйинларига рақиб танлашда сал дидлироқ бўлишлари лозимлигини таъкидлайди:

"Австралиядаги муваффақиятли иштирокимиздан кейин футбол мухлисларимизнинг терма жамоага муносабатлари 180 даражага ўзгарди. Чунки ўтган йили ЖЧдаги ўта ёмон қатнашувдан кейин терма жамоага салбий муносабат кучайган эди. Эндиликда фақат кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишга лойиқ эдик. Лекин футбол ассоциациямизнинг танлови ФИФА рейтингида 71-ўриндаги Ўзбекистон ва 131-ўриндаги Янги Зеландия бўлди. Биз Ўзбекистон ва Янги Зеландияни камситмоқчи эмасмиз, аммо бу рақиблар билан ўйин ташкил этилиши бизга таскин беролмаслиги ҳам бор гап".

Шунингдек, корейс нашри Жанубий Корея футбол ассоциацияси матбуот хизматининг изоҳини ҳам келтириб ўтади: "Футбол ассоциациямиз матбуот хизмати вакили Сонг Ки Рёнг ОАВга қуйидагича изоҳ берди: "Март ойидан 2016 йилги Европа чемпионатига саралаш ўйинлари бошланиши муносабати билан бу қитъадан рақиб топиш муаммо эди. Жанубий Америка ва Африка қитъасини билмадим".

Мақола сўнггигача футбол ассоциациясидан норози оҳангда ёзғирган "Daily Sports" шундай якунлайди: "Футбол ассоциациямиз рақиблар топиш ва жой танлаш каби маълумотларни сир сақлайди. Қандай сабабга кўра Ўзбекистон ва Янги Зеландия танланганлиги бизга қоронғу. Нима бўлганда ҳам март ойидаги олтинга тенг ФИФА куни кўкка совурилганлиги афсусланарли ҳолдир".

Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул

Манба: www.stadion.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru