Лионель Мессидан янги рекордлар тўплами » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
16-02-2015 | 11:55 ZAMIN.UZ / Спорт / 16 Феврал 2015 года
1 132

Лионель Мессидан янги рекордлар тўплами

Лионель Мессидан янги рекордлар тўплами

Испания чемпионатининг 23-турида "Барселона" ўз майдонида "Леванте"ни йирик ҳисобда (5:0) мағлуб этди. Учрашувда 90 дақиқа ўйнаб, 3та гол урган ва битта голга ассистентлик қилган Месси бир қатор рекордларни ўрнатди ёки такрорлади. Лионелнинг янги натижалари билан таништириб ўтамиз.

— Мессининг Ла лигадаги голлари сони 268тага етди. Бу орқали 27 ёшли аргентиналик ўйинчи футбол тарихида Европанинг кучли бешлик чемпионатларида урган голлари сони бўйича германиялик Клаус Фишерга етиб олди ва кучли ўнликка киришга муваффақ бўлди. "Кучли бешлик"даги рекорд Жимми Гривзга тегишли — 366та гол (Англияда — 357, Италияда — 9). Герд Мюллер рекордчидан битта тўпга ортда қолмоқда. У Бундеслигида 365та гол урган. Фаолиятини давом эттираётган Криштиану Роналду 289та гол билан 6-ўринни эгаллаб турибди. У АПЛда 84та, Испания чемпионатида эса 205та голга муаллифлик қилган.

— Мессининг Ла лигадаги хет-триклари сони 23тага етди ва “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг рекордини такрорлади. 22тадан хет-трикка Альфредо Ди Стефано ва Тельмо Сарра эришишган.

— Месси испан клуби таркибида барча турнирларда хет-трик қилиш бўйича Тельмо Сарранинг рекордини такрорлади. Энди Мессининг “Барселона” таркибида киритган умумий хет-триклари сони 31тага етди.

— "Леванте" билан ўйинда Неймарга ассистентлик қилган Месси Ла лига рекордини ўрнатди. Ушбу ўйиндан олдин аргентиналик футболчи ассистентлик бўйича Луиш Фигу билан бирга пешқадамликни бўлишиб турганди (107та).

— Ушбу мавсумда урилган барча голлар бўйича Месси Роналдудан ўтиб кетди. "Барса" футболчисининг голлари сони 37тага етган бўлса, Криштиануда 36та гол бор.

— Ла лигада "гол+пас" тизими бўйича ҳам Месси "Реал" ҳужумчисини ортда қолдирди. Энди Лионел — 39 (26+13), Роналду — 38 (28+10) кўрсаткичга эга.

— "Леванте"га қарши ўйин Лионель учун Ла лигадаги 300-ўйин бўлди.

— Шунингдек, 2008 йил июнь ойидан (клубни Хосеп Гвардиола бошқарувига олган вақтдан) ҳисобланганда Месси барча турнирларда “Барселона”нинг 348та расмий учрашувида 348та гол урди (ҳар 83 дақиқада 1та гол). Ўша даврга қадар Лео 110та ўйинда 42та гол урган (ҳар 176 дақиқада битта гол).

— Ниҳоят, Мессининг "Барселона"даги самарали ҳаракатлари (гол+пас) сони 500тадан ошди — 503 очко.

Манба: www.stadion.uz.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru