12:59 / 17.02.2015
6 402

Вадим Абрамов: «Индонезия Биринчи лигасини Ўзбекистон Олий лигасидан устун қўядиган футболчиларни шифокорга кўрсатиш керак»

Вадим Абрамов: «Индонезия Биринчи лигасини Ўзбекистон Олий лигасидан устун қўядиган футболчиларни шифокорга кўрсатиш керак»

Бугун Тошкентнинг "Локомотив" жамоаси янги мавсум бошланиши олдидан ўз сафига қўшиб олган футболчиларнинг тақдимот маросимини ўтказди ҳамда мураббийлар штаби ва клуб раҳбарияти ўз режалари билан ўртоқлашишди. Маросимда клуб бош мураббийи Вадим Абрамов ва клуб раҳбарияти иштирок этишди.

Матбуот анжуманини клуб бош директори ўринбосари Тўлабек Акромов кириш сўзи билан очди.
— Барчани янги мавсум бошланиши билан табриклайман. Чемпионатимиз қизиқарли ўтади деган умиддаман. Жамоамиз ўтган мавсумда чемпионатда кумуш медалларни қўлга киритди ва Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Бу натижа раҳбарият томонидан қониқарли деб топилди. Келаётган мавсумда эса Кубокни ўзимизда олиб қолиш ва чемпионликни қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Чемпионлар лигасида эса финалгача етиб бришни мақсад қилганмиз. Бугунги ҳолатимиз билан камида ярим финалгача етиб боришимиз керак.

Дубай ва Туркиядаги олиб борилган ўқув-машғулот йиғинлари давомида бир неча нафар легионерлар кўрикдан ўтишди. Улардан фақат россиялик Руслан Корян ва Неманья Яничич мураббийлар штаби томонидан клубда олиб қолинди. Шунингдек, Қозоғистоннинг "Астана" жамоасидан черногориялик Дамир Каяшович шу кунларда сафимизга келиб қўшилиши керак. Қолган легионерлар талабга жавоб бермагани учун уларга жавоб берилди. Улардан ташқари, таркибимизга бир неча маҳаллий фтуболчиларни қўшиб олдик. Барча ҳаракатларнинг барчаси олдимизда турган янги мавсумда яхши иштирок этишга қаратилган.

Гейнрих нима учун жамоадан кетди?
В.Абрамов: — Гейнрихнинг ҳолати ҳозирги кунда "Локомотив" томонидан қўйилган талабларга жавоб бермайди. Шунинг учун у билан хайрлашишга қарор қилдик.

ОЧЛдаги рақиблар ўрганиляптими?
— Замонавий футболда ҳар қандай рақибни ўрганиш мумкин. "Ал-Ҳилол" ва "Фулад" жамоаларини тўлиқ ўрганиб боряпмиз. Улар ҳақида маълумотлар бор.

Ҳужум чизиғи тўлиқ янгиланди. Улар жамоа ўйинига мослашиб кета олишадими?
— Албатта, йиғинлар давомида ҳужумчиларнинг жамоамизга мослашиб кетишлари учун ҳаракат қилдик. Улар масъулиятни ҳис қилиб туришибди. Ўйлайманки, бу борада муаммо бўлмайди.

Жамоа олдига ҳар йили юксак вазифаларни қўйишига қарамай, таркиб ҳар йили кескин янгиланади. Бу мураббийларга ноқулайлилк туғдирмайдими? Масалан,"Пахтакор", "Бунёдкор" ва "Насаф" жамоалар барқарор таркиб эвазига яхши ўйинлар кўрсатиб келишмоқда.
Т.Акромов
: — Тўғри, ҳар йили жамоада катта ўзгаришлар бўлади. Масалан, бу йил жамоани тарк этган футболчиларга аҳамият берадиган бўлсак, Фарҳод Тожиев ва Садриддин Абдуллаев ўз хоҳишига кўра Индонезия чемпионатига йўл олишди. Фозил Мусаев ва Иван Нагаев Эрон ва Кувайт чемпонатларида ўйнашни исташди. Илҳом Суюнов ва Карпенконинг жисмоний ҳолати талабга жавоб бермагани учун улар билан хайрлашдик. Янги қабул қилинган футболчилар борасида айтишим мумкинки, биз мураббийнинг истагидан келиб чиқиб трансфер сиёсатини амалга оширамиз.
Абрамов: — Шу саволга қўшимча қилмоқчиман. Жамоадан кетган ва клубга келган ўйинчиларга аҳамият қаратсак, уларнинг савияси орасида катта фарқ йўқ. Лекин футбол ҳаёти шунқақа. Доимо янгиланиб туриш керак. Тушунаман, "Пахтакор" узоқ муддатли шартнома тузади ва ўз футболчиларини ижарага бериб туради. "Локомотив" эса иш юритиш услуби бошқача. Биз ўйнашни истамаган футболчини мажбурлаб олиб қолмаймиз, боиси, бундан фойда йўқ. Агар футболчилар Индонезия чемпионатининг Биринчи лигасини Ўзбекистон Олий лигасидан устун ҳисоблашса, бундай футболчиларни шифокорга кўрсатиш керак. Бу уларнинг хоҳиши. Албатта, таркиб ҳар йили янгиланиши мен учун ҳам ёқимли эмас. Таркиб қанчалик барқарор бўлса, мураббийга шунча яхши. Бу йил жамоадан кетган футболчилардан бир-икки нафарининг ҳолати бизга тўғри келмайди, қолганлари асосий таркибдаги ўз ўрнини сақлаб қолиши мумкин эди. Ўйлайманки, Нагаев ва Мусаев вақти келиб жамоага яна қайтишади.

Жамоага таклиф этилган футболчилар Нестеровнинг ўрнини боса олишадими?
В.Абрамов: — Бу катта йўқотиш. Албатта, бу бизни хавотирга солмоқда. Таркибга жалб қилинган дарвозабонларга имконият берамиз. Ҳаммаси ўзларига боғлиқ. Улар ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишлари лозим. Бундай имконият ҳар доим ҳам бўлмайди. Улар яхши ўйнашса, бутун жамоа яхши ўйнади. Жамоага таклиф этилган дарвозабонларнинг имкониятлари менга маълум.

Билишимизча, жамоа ОЧЛдаги ўйинларни "Жар" стадионда ўтказар экан. Ўтган йилларда жамоанинг Олий лига ўйинларида журналистлар шароитлар яратилмаганди. Бу йил ушбу муаммо бартараф этиладими?
— ОЧЛнинг барча ўйинлари "Локомотив" стадионида ўтади. Олий лига ўйинлари эса "Локомотив" ва ТТЙМИ стадионларида ўтказилади. Ҳозирда журналистларга барча шароитлар яратилмоқда. 4 мартда бўладиган ўйинимизгача барча шароитларни яратамиз.

"Локомотив" ўз академиясини қачон очади? Жамоа маблағ борлигида бу йўналишга ҳам эътибор қаратса, кейинчалик ўз тарбияланувчилари хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.
— Сўнгги 2 йил ичида клубимизда болалар футболига эътибор ошди. Ёшларимиз Россия ва Туркиядаги халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашди. Ҳозирда ёшларга эътибор қаратишни бошладик. Жамоамиз тарбияланувчилари Қувондиқ Рўзиев, Икром Алибоев, Хуршид Мухторов, Сардор Раҳмонов ҳозирда Ўзбекистоннинг турли терма жамоаларига номзод футболчилар ҳисобланишади. Академия бўйича лойиҳа ва режа ишлаб чиққанмиз. Бу томонлама иш олиб бориляпти. Яқин бир йил ичида академия қурилишларини бошлаймиз.

Тақдимот маросими сўнгида янги қабул қилинган футболчиларга футболкалар топширилди. Унга кўра ўйинчилар қуйидаги рақамларни олишди:

Руслан Корян — 7
Темурхўжа Абдухолиқов — 11
Маъмур Икромов — 12
Темур Кападзе — 18
Санжар Шоаҳмедов — 22
Сардор Қобулжонов — 30
Неманья Яничич — 31
Олег Зотеев — 33
Аброржон Каримов — 44

Манба: www.stadion.uz.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вадим Абрамов: «Индонезия Биринчи лигасини Ўзбекистон Олий лигасидан устун қўядиган футболчиларни шифокорга кўрсатиш керак»