Смартфон танлашда нималарга эътибор қаратиш лозим? (Процессор) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Смартфон танлашда нималарга эътибор қаратиш лозим? (Процессор)

Смартфон танлашда нималарга эътибор қаратиш лозим? (Процессор)

Сайтимиз ўқувчиларининг талабларига биноан смартфон танлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган деталлар ҳақида маълумот бериб боришни лозим билдик. Смартфонлар бугунги кунда деярли ҳар битта шахснинг беминнат ёрдамчисига айланган. Деярли ҳар биримиз ҳар йили бўлмаса ҳам, бир неча йилда бир марта бўлса-да смартфон харид қилишимизга тўғри келади. Хўш, смартфон сотиб олишда, биринчи навбатда, нималарни ҳисобга олиш лозим? Ушбу туркум мақолаларда айнан мана шу жиҳатлар борасида сўз юритамиз. Келинг, туркумни процессорлардан бошласак.

Процессор

Смартфон харид қилаётганда асосий эътиборни ундаги процессор имкониятларига қаратиш лозим. Бу худди автомобиль сотиб олишга ўхшайди: автомобиль агар зарур қувватдаги моторга эга бўлмаса, ундаги дизайн, тежамкорлик ва бошқа имкониятларнинг самараси кам бўлади.

Айни пайтда бозорларда нархи бир мунча арзон, ҳамёнбоп смартфонларга дуч келамиз. Бироқ уларнинг ишлаш самарадорлигини тўғри англаш учун мазкур смартфонларга ўрнатилган процессорларнинг техник параметрлари билан танишиб чиқиш керак бўлади.

Процессор – бу ҳар битта смартфоннинг мотори. Гаджетнинг қай даражада тезкор ва чаққон ишлаши айнан унга боғлиқ. Процессор операцион тизимнинг фаолияти, тармоқ интеграцияси, GPS, Wi-Fi, графика ва бир қатор бошқа муҳим функцияларнинг тўғри ишлашига жавоб беради.

Ҳозирда аксар смартфонларга Qualcomm ва Mediatek фирмалари томонидан тайёрланган процессорлар ўрнатилади (айниқса хитойлик ишлаб чиқарувчиларнинг қурилмаларига). Таъкидлаш керак, ҳар битта смартфон ишлаб чиқарадиган компания ўзининг процессор яратиш технологияси эга эмас. Боиси процессор тайёрлаш бағоятда мураккаб жараён бўлиб, жаҳонда саноқли фирмаларгина бундай иш билан шуғулланишади. Фақатгина соҳанинг кучли вакиллари тайёрланадиган смартфонларнинг аксариятига ўзлари яратган процессорларни жойлаштиришади (Apple, Exynos ва Kirin)
Смартфон танлашда нималарга эътибор қаратиш лозим? (Процессор)

Смартфон процессорлари ARM фирмаси томонидан ишлаб чиқилган архитектурадан фойдаланади.

a) Ядро нима?

Процессордаги ядро унинг самарадорлиги, энергия сарфи ва такт частотасини белгилайдиган элементдир. Кўпинча қулоғимизга икки ядроли, тўрт ядроли ёки саккиз ядроли процессор деган сўзлар қулоғимизга чалинади. Келинг, ушбу тушунчаларга бироз ойдинлик киритсак. Бизнинг тушунчамизда саккиз ядроли процессор тўрт ядроли процессорга қараганда икки марта кучли. Бироқ аслида ҳам шундайми?! Йўқ, аслида бундай эмас. Процессорлардаги ядроларнинг кўплиги қурилмада бажариладиган жараёнларни тақсимлаш натижасида гаджетнинг ишлашини тезлаштириб беради, холос. Ядроларнинг кўплиги, асосан, оғир файллар ва графика билан ишлашда қўл келади. Шунинг учун агар сиз смартфондан ўйин ўйнаш, юқори форматли тасвирлар билан ишлаш учун фойдалансангиз, у ҳолда саккиз ядроли процессор билан жиҳозланган қурилмани харид қилганингиз маъқул. Агар смартфонни суҳбат, интернет-сёрфинг, электрон почта ва мессенжерларни ишлатиш учун харид қилмоқчи бўлсангиз, унда тўрт ядроли гаджет сизнинг талабларингизга тўлиқ жавоб бера олади. Шу боис смартфон сотиб олишда мана шу жиҳатларни ҳисобга олганингиз маъқул. Унутманг, процессорда ядролар қанча кўп бўлса, унинг нархи шунча қиммат бўлади.
Смартфон танлашда нималарга эътибор қаратиш лозим? (Процессор)

б) Такт частотаси нима?

Ядро билан биргаликда процессор ҳақида гапирилганда такт частотаси деган тушунча ҳам тез-тез тилга олинади. Такт частотаси смартфоннинг муайян вақт бирлиги (бир сония) давомида қанча тактларни қайта ишлаш қобилиятига эгалигини қўрсатади. Мисол учун, частотаси 1,7 ГГц бўлган процессор бир сония ичида 1 700 000 000 та тактни бажариши мумкин.

Чипнинг тури, амал ва тактларнинг сонига қараб битта тактни бажаришга сарфланадиган вақт фарқланиши мумкин. Оддий қилиб тушунтирсак, такт частотаси қанча юқори бўлса, ишлаш тезлиги ҳам шунча ортади.

Соҳанинг тажрибали вакиллари Qaualcomm томонидан яратилган процессорларга юоқри баҳо беришади. Мазкур фирма процессор (нафақат смартфонлар учун) тайёрлашда кўп йиллик тажрибага эга. Функцияларнинг ишлаши ушбу фирма чипларида яхши оптималлаштирилган.

Демак, смартфон сотиб олиш чоғида юқорида келтирилган процессор билан боғлиқ омилларни ҳисобга олсангиз, нафақат пулингизни тежаб қолишинги, балки сизга узоқ муддат эпчиллик билан хизмат қиладиган қурилмани ҳам танлашингиз мумкин бўлади.

Манба: Terabayt.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru