Ҳокимият бузилиши режалаштирилаётган нотурар жой бинолари эгаларига етказилган зарарни қоплайди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ҳокимият бузилиши режалаштирилаётган нотурар жой бинолари эгаларига етказилган зарарни қоплайди

Ҳокимият бузилиши режалаштирилаётган нотурар жой бинолари эгаларига етказилган зарарни қоплайди

Тошкент шаҳри ҳокимининг 2014 йил 21 ноябрдаги 953-сонли қарори билан Тошкент шаҳридаги нотурар жой биноларини улар жойлашган ер майдонларини давлат ва ижтимоий эҳтиёжлар учун давлат ихтиёрига ўтказиш билан боғлиқ равишда уларни бузишда уларнинг эгалари бўлган жисмоний ва юридик шахслар кўрган барча зарарларни қоплаш Низоми тасдиқланди.

Ушбу низомга асосан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бинолар бузилганда уларнинг ўрнига бошқа бино ва ер майдонлари берилади.

Нотурар жой бинолари шаҳар ҳудудида ўтказилаётган қурилиш ишлари, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш билан боғлиқ бўлган тадбирларни амалга ошириш учун шаҳар ҳокимининг қарори билан бузилиши мумкин.

Бузилиши режалаштирилаётган бинолар рўйхатини тузиш, қопланадиган зарар миқдори ва у қандай тур билан амалга оширилишини аниқлаштириш учун туман ҳокимиятларида махсус комиссиялар фаолият юритмоқда.

Низомга кўра етказилган зарар қуйидаги турларда қопланиши мумкин:

1) жисмоний ва юридик шахсларга нотурар жой биноларига тенг қийматдаги бино ва агар бино жойлашган ер эгаси унга доимий эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлса, ер майдонларини ажратиш (томонларнинг келишувига асосан);

2) бузилиши керак бўлган биноларни янги жойга кўчириб ўтказиш ва қайта тиклаш;

3) янги жойда бинолар, иншоотлар қуриш ва уларни жисмоний ва юридик шахслар ихтиёрига топшириш;

4) бутун кўрилган зарарни тўлиқ қоплаш (бузилиши керак бўлган турар жой бинолари, бошқа иншоотларнинг нархи миқдорида).

Ўзбошимчалик билан қуриб олинган турар жой ва нотурар жой биноларига етказилган зарар қопланмайди.

Тошкент ҳокими бузилиши керак бўлган бино, иншоотлар, олиниши керак бўлган ер майдонлари ҳақидаги қарорни қабул қилгандан сўнг туман ҳокимиятида фаолият юритаётган махсус комиссиялар ердан фойдаланиш ишларини тартибга солиш хизматлари билан бирга мазкур ҳудудлардаги бузилиши лозим бўлган нотурар жой бинолари инвентаризациясини ўтказади.

Агарда янги таклиф этилаётган бино ва иншоотлар нархи бузилаётган бино-иншоотлар нархидан кам бўлса, уларнинг эгаси Тошкент ҳокимиятига қўшимча бино ва иншоотларни ажратиш ҳақида ариза билан мурожаат этиши мумкин.

Ушбу қарор 2014 йилнинг 26 ноябридан кучга киритилди.

Манба: Kun.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru