Қашқадарёда ўғирланган сейф сомонхонадан топилди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Қашқадарёда ўғирланган сейф сомонхонадан топилди

Қашқадарёда ўғирланган сейф сомонхонадан топилди

Қашқадарё вилоятида қариндошларининг пуллари ва ҳужжатлари сақланадиган сейфни ўғирлаб, сомонхонага яширган жиноятчилар қўлга олинди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқ» газетаси.

Ўғрилик содир бўлган куни хонадон эгаси Элмира Норқулова меҳмондорчиликдан қайтгач дарвозани ичкаридан беркитиб қўйилганини кўриб уйга ўғри тушганини тушунди. Маълум бўлишича, ўғри ҳовлининг ўнг томонидаги уйнинг деразасини ечиб олиб, ичкарига кирган ва хонадаги жавон ёнида турган темир сейф­ни олиб кетган экан.

Ўғри ёки ўғрилар 800 минг сўм пул, 300 АҚШ доллари, Nokia русумли қўл телефони ва бошқа майда-чуйдаларни ўғирлаб кетган эди. Сейф ичида уйининг кадастр ҳужжатлари, фуқаролик паспорти ва никоҳ ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномалари, шунингдек, бошқа нарсалар ҳам бор эди.

Ўтказилган суриштирувлар натижасида ўғрилик хонадон эгасиинг қариндошлари томонидан содир этилгани маълум бўлди. Ўғриликда гумон қилинганлардан бири судда айбига қисман иқрорлик билдирди ва қуйидагича кўрсатма берди. Унинг билдиргисига қараганда, ўша куни кечки пайт улар кўчага «ўйнагани» чиқадилар. Пуллари йўқлиги сабабли Шоҳруҳ ўғирлик қилишни таклиф этади. Шунда Санжар амакисининг уйига ўғирликка тушиш таклифини билдиради. Улар айтилган манзилга борадилар.

«Мен кўчада кузатувда қолдим, улар учаласи девордан ошиб, ҳовлига тушишди. Кўп ўтмай Шоҳрўз ортига қайтди. Санжар билан Шоҳруҳ ҳовлидан сейфни олиб чиқишди ва уйимга олиб келишди. Мен эса бирор киши келиб қолмасин, деб яна кўчага қоровулликка чиқдим. Бироздан кейин уйга кирсам, сейф ичидан уйнинг кадастр ҳужжатлари, фуқаролик паспорти, никоҳ гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, талонлар, тиббиёт харитаси, пенсия дафтарчаси, пайвандчилик дипломи, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар печкада ёнаётганини кўр­дим», − деди у.

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди судланувчиларга қилмишларига яраша тегишли жазо тайинланди. Шундай қилиб, сомонхонадаги сомон уюмлари тагига кўмиб қўйилган темир сейф топилди ва эгасига қайтарилди. Албатта, суд ҳукмига кўра, жабрланувчи Элмира Норқуловага етказилган зарарни қоплаш учун судланувчиларнинг яқинлари томонидан 2 млн. 800 минг сўм тўланди.

Фото: slidepo.ru
Текст: Daryo.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru