Ўзбекистонда ишлаб чиқилган 10 та фойдали мобил илова » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ўзбекистонда ишлаб чиқилган 10 та фойдали мобил илова

 Ўзбекистонда ишлаб чиқилган 10 та фойдали мобил илова

Бугунги кунда юртимизда ҳам мобил саноат жадаллик билан ривожланмоқда. Интернетдан фойдаланувчилар сони 12 миллиондан ошди, мобил қурилмалар, айниқса смартфон ва планшетлар кенг оммалашмоқда. Табиийки, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган, ўзбек тилидаги фойдали, қизиқарли мобил иловаларга бўлган талаб ҳам ортмоқда. Қуйида Terabayt.uz сайти смартфон ва планшет фойдаланувчиларига янада қулайлик яратиш мақсадида ўзбекистонликлар учун ишлаб чиқилган энг фойдали ўнта мобил илова бўйича ўз рўйхатини тақдим этади. Мазкур рўйхатни тузишда мобил иловаларининг фойдалилик даражаси, оммавийлиги ҳамда ўзбек тилида фаолият кўрсатувчи блогерларнинг фикр ва таклифлари инобатга олинди.

LexUz

Мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази буюртмаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, барча кодекс ва қонунлар жой олган, шунингдек, фойдаланувчилар қонунчиликка киритилган янгиликлардан бохабар бўлиб боришлари мумкин.

Дастур рус ва ўзбек тилларида ишлаб чиқилган. Фойдаланишга қулай. Мобил илованинг яна бир муҳим устун томони шундаки, унинг имкониятларидан оффлайн ҳолатда тўлиқ фойдаланиш мумкин. Мобил илованинг юклаб олиш ҳажми бор-йўғи Мб. Мобил иловадаги қидирув учун ажратилган бўлим орқали хоҳлаган калит сўзни излашга бериш орқали керакли моддани осонгина топиб олиш мумкин.

Мобил иловани юклаб олиш: AppStore (топилмади), Play Market

Soliq

Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг “Soliq” мобил иловаси барча солиқ тўловчилар, жумладан, жисмоний шахслар, тадбиркорлар учун фойдали дастурлардан бири бўлиб, унда солиқ қонунчилигига оид янгиликлар, солиқ органлари, норматив ҳужжатлар, тез-тез бериладиган саволларга жавоблар, солиққа оид баҳсли ҳолатларни кўриб чиқиш ва бошқа кўплаб маълумотларни олиш мумкин.

Унинг асосий ўзига хослиги шундаки, мобил илова ёрдамида ИННни аниқлаш, солиқдан қанча миқдорда қарздор эканини осонгина билиш мумкин. Камчилик сифатида эса гарчи иловада ўзбек тили учун жой белгиланган бўлса ҳам, давлат тилидаги қисми якунига етказилмаганини айтиш мумкин.

Мобил иловани юклаб олиш: AppStore, Play Market

Мой город

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “Картография” илмий-ишлаб чиқариш давлат корхонаси билан ҳамкорликда “GISInfo” МЧЖ томонидан тақдим этилган мазкур электрон маълумотномаси Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари учун жуда қулай мобил илова ҳисобланади. Мобил иловани бир марта юклаб олгандан сўнг ундан навбатдаги янгиланишларга қадар бемалол оффлайн фойдаланиш мумкин. Мобил иловадан Тошкент шаҳри харитаси, 12 мингдан зиёд ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар киритилган каталог, “Город скидок” (“Чегирмалар шаҳри” ҳамкорлари, транспорт йўналишлари (269та) ўрин олган.

Пойтахтнинг исталган нуқтасидан бошқа хоҳлаган жойга борадиган транспорт йўналишларини топиб беради. Бирор жой белгиланса, яқин атрофда жойлашган ташкилотлар, бекатлар ва бошқалар ҳақида маълумотлар, жумладан, ташкилотнинг юридик манзили, телефон рақамлари, иш вақтлари, у ерга борадиган транспорт турлари ва йўналишлари, мўлжал, тўлов усуллари ваҳоказолар пайдо бўлади.

Мобил иловани юклаб олиш: AppStore, Play Market

Click

Жисмоний шахслар учун мобил телефон орқали (USSD/SMS-портал) уяли алоқа операторлари, интернет провайдерлари ва бошқа хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, интернет-дўконларда онлайн савдоларни амалга ошириш, пул маблағларини бошқа жисмоний шахслар ҳисобига ўтказиш мумкин.

Мобил илова ёрдамида тўловларни амалга ошириш, ҳисобдаги қолдиқни текшириш, харид ва тўловлар тарихини кўриш имкони ҳам мавжуд. Шунингдек, коммунал (ҳозирча газ ва махсустранс), суғурта (Alskom, Uzbekinvest), сайтлар, солиқлар (мол-мулк, ер ва ЭЦП ГНК), халқаро алоқа тўловларини амалга ошириш мумкин. Мобил илованинг ўзбек тилидаги талқини ишлаб чиқилмаган.

Мобил иловани юклаб олиш: AppStore, Play Market

Gazeta.uz

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй берган энг муҳим янгиликлар мунтазам равишда ёритиб борилади. Мобил илова орқали рус ва ўзбек тилларида воқеа-ҳодисалар ривожини кузатиб бориш мумкин. Илова онлайн режимда ишлайди. Бугунга қадар ушбу иловани 100 минг мартадан кўп юклаб олишган.

Иловада қулай қидирув тизими, асосий хорижий валюталарининг сўмга нисбатан давлат курси тўғрисидаги сўнгги маълумотларни кўрсатиб борадиган бўлим фаолият юритади. Мобил илова созламалар бўлимидаги “Профиль” қисмида ижтимоий тармоқлар орқали “Газета.уз”да авторизациядан ўтиб, материалларга изоҳ қолдириш мумкин.

Мобил иловани юклаб олиш: AppStore, Play Market

Kun.uz

Ўзбек тилида тезкор янгиликларни қулай ва енгил Kun.uz мобил иловаси орқали кузатиб бориш мумкин. Фақатгина ўзбек тилида маълумотлар тақдим этадиган дастур онлайн режимда ишлайди. Мобил иловада “Сўнгги хабарлар”, “Куннинг асосий хабарлари”, “Энг кўп ўқилган хабарлар” ҳамда “Фото ва видео” бўлимлари мавжуд.

Мобил илованинг яна бир қулайлиги шундаки, “Саҳифалар” қисмидаги “Мобил мухбир” бўлими орқали ҳар ким ўз мақоласи, янгилик ва маълумотларини осонгина таҳририятга йўллаши мумкин.

Мобил иловани юклаб олиш: AppStore, Play Market

Klavus-Uzbek keyboard

Мобил қурилмалар орқали ўзбек тилида лотин ва кирилл алифболарида матн ёзувчилар учун қулай мобил илова. Жумладан, унда Ў, Қ, Ғ, Ҳ ҳамда O’, Q, G’, Sh, Ch ҳарфлари қулай усулда жойлаштирилган. Клавиатуранинг пастки қисмидаги тугмача орқали алифболарни осонгина ўзгартириш мумкин. Шунингдек, дастурда сўзларни олдиндан кўрсатиш хизмати мавжуд бўлиб, ўзбек тилидаги кўплаб сўзлар базаси киритилган. Ушбу базага янги сўзларни ҳам киритиш мумкин. Бу эса доимо ишлатадиган сўзларингизни тўлиқ териб ўтиришдек машаққатдан сизни халос этади. Ўз ҳиссиётларингизни сўз билан ифода этмоқчи бўлмасангиз, “табассумчалар” ёрдамга келади.

Мобил иловани юклаб олиш: Play Market

УзДЖ Билет

Ўзбекистон темир йўллари аксиядорлик жамиятининг мазкур мобил иловаси траснпортнинг мазкур туридан фойдаланувчилар учун катта қулайлик тақдим этди. Ушбу дастур орқали йўловчилар олдиндан чипталарга буюртма бериб, тўловни ҳам амалга оширишлари мумкин. Мобил илова рус ва ўзбек тилларида ишлаб чиқилган бўлиб, онлайн режимда ишлайди.

Мобил илованинг бош саҳифаси орқали чипталар, поездлар жадвали, компания янгиликлари ва маълумотлар бўлимларига ўтиш мумкин. Шунингдек, меню ёрдамида компания маълумотхонасига қулай қўнғироқни амалга ошириш, шахсий буюртмаларни кўздан кечириш мумкин. “Маълумотлар” бўлимида турли фойдали тавсия ва ахборотлар қаторида электрон чипталарни сотиб олиш қоидалари билан танишиб чиқиш мумкин.

Мобил иловани юклаб олиш: AppStore, Play Market

Muslim taqvimi

Мусулмонлар тақвими ва бошқа хизматларни ўз ичига олган мобил иловада ҳар кунлик намоз вақтлари мавжуд бўлиб, улар олдидан фойдаланувчини огоҳлантириш тизими ишлаб чиқилган. Мобил иловада “Намоз китоби”, “Қуръони карим”, “Календарь”, “Тақвим” бўлимлари орқали керакли маълумотларни олиш мумкин. Шунингдек, унда қиблани аниқлаш учун компас, қазоларни белгилаб бориш, яқин жойдаги масжидни аниқлаш, электрон тасбеҳ, Қуръони каримнинг арабча матни ва қироатларини эшитиш имкони ҳам мавжуд.

Мобил иловадан фойдаланиш вақтида турли ҳадис ва ҳикматлар асосий ойнага чиқади. Уларни ўқиб, бошқалар билан ҳам бўлишиш мумкин. Дастур оффлайн ва онлайн режимларда ишлайди.

Мобил иловани юклаб олиш: AppStore, Play Market

Kitobim

Содда интерфейс (ички дизайн)га эга мазкур илова тижорат мақсадида ишлаб чиқилганига қарамасдан, унда бепул китоблар ҳам ўрин олган. Ҳам онлайн, ҳам оффлайн режимда ишлайдиган дастурда бепул тақдим этилган китобларни ўқиш учун уларни юклаб олиш талаб қилинади.

Мобил илова орқали бадиий, илмий-оммабоп асарлар, ўқув адабиётлари, мажмуалар, қўлланмаларнинг электрон кўринишини харид қилиш мумкин. Шунингдек, қидирув бўлими орқали керакли китобнинг бор-йўқлигини текшириш имкони мавжуд.

Мобил иловани ишлаб чиққанлар ҳали уни такомилга етказишлари, дизайн, ишлаш услубини замонга мослаштиришлари ва имкон қадар фойдаланувчиларга қулайлик яратиш устида бош қотиришлари лозимлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Дастурнинг мазкур рўйхатга киритилганини эса ўзбекистонлик китоб мухлисларига шу каби фойдали ресурслар борлигини маълум қилиш истаги билан изоҳлаш мумкин.

Мобил иловани юклаб олиш: Play Market

Манба: terabayt.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Ўқишни тавсия қиламиз

Рейтинг@Mail.ru