«Ўзкимёсаноат» АЖ 2020 йилгача 3,4 миллиард долларлик инвестицион лойиҳани амалга оширади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

«Ўзкимёсаноат» АЖ 2020 йилгача 3,4 миллиард долларлик инвестицион лойиҳани амалга оширади

«Ўзкимёсаноат» АЖ 2020 йилгача 3,4 миллиард долларлик инвестицион лойиҳани амалга оширади

2016-20 йилларда Ўзбекистон кимё саноатида 11та йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилади. Уларнинг умумий қиймати 3,4 млрд. долларни ташкил этади.

"Ўзкимёсаноат" АЖнинг маълум қилишича, лойиҳалар орасида аммиак ва карбамид, ПВХ (поливинилхлорид), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаларини барпо этиш режалари мавжуд.

Бугунги кунда, Ўзбекистон автомобилсозлик саноати тез суръатларда ривожланаётгани ҳамда маҳаллийлаштириш даражасининг юқорилиги эътиборга олинган ҳолда автомобиль, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги шиналар ҳамда турли резина маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

«Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан ўтган 5 йил мобайнида 20дан ортиқ йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. 390,83 млн. АҚШ доллари миқдорида сармоя ўзлаштирилиб, 30дан ортиқ янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

«Ўзкимёсаноат» АЖ, шунингдек, минтақада минерал ўғитларнинг мавжуд 3 тури (азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар)ни ҳамда метанол ва каустик сода ишлаб чиқарадиган ягона компания ҳисобланади. У карбамид ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиё ва Шарқий Европада учинчи, аммиак ва аммоний сульфатини ишлаб чиқишда тўртинчи йирик компаниядир.

АЖ таркибига 180дан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи 14та корхона ҳамда транспорт, савдо ва бошқа хизматларни кўрсатувчи 13та дистрибьюторлик ташкилотлари киради.

Компания экспорти географияси 30дан ортиқ мамлакат ҳудудини қамраб олади. Йилига 300 млн. доллардан кўпроққа 25 турдан ортиқ маҳсулот экспорт қилинади, дейилади "Кун" нашрида.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru