Жиззах вилоятида жиноий гуруҳ ишлаш учун Кореяга бормоқчи бўлганлардан 30 млн сўм ундирди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Жиззах вилоятида жиноий гуруҳ ишлаш учун Кореяга бормоқчи бўлганлардан 30 млн сўм ундирди

Жиззах вилоятида жиноий гуруҳ ишлаш учун Кореяга бормоқчи бўлганлардан 30 млн сўм ундирди

Жиззахлик икки йигит ва бир қиз, шунингдек, самарқандлик яна бир йигит ёшига яраша иш қилмади. Аксинча, қинғир йўллар билан пул топишга киришди ва бу йўлда ўзаро жиноий тил бириктириб, содда одамлар ишончига кириш орқали бойишни кўзлади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг «Ҳуқуқ» нашри.

Жиноий гуруҳнинг дастлабки тўрига ғаллаороллик фуқаро илинди. У жиноий гуруҳ аъзоларининг «Кореяда катта ишда ишлайдиган одамларимиз бор, хоҳласангиз юборамиз», — деган сўзларига ишониб, Кореяда ишлаш орзусида 15 миллион сўм пулини топширди. Бу пулларни эса жиноий гуруҳ аъзолари ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборди.

Макр-у ҳийлалар иш бера бошлади. Бу гал улар бошқа бир фуқаронинг ўғлини ишлаш учун Жанубий Кореяга юбормоқчи эканлигини эшитди. Фурсатдан фойдаланган фирибгарлар тезда фуқаронинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди. У фирибгарларнинг қуруқ ваъдаларига ишонган ҳолда 15 миллион сўмни айтилган манзилга келтириб берди. Бу пуллар ҳам «жойи»ни топиб кетди.

Орадан бироз вақт ўтгач, жиноий гуруҳ аъзоларидан бири ғаллаороллик йигит ва ўғлини ишлаш учун Жанубий Кореяга юбормоқчи бўлган фуқаро билан учрашди. Уларга «Кореяга кетишингиз учун паспортингизда виза бўлиши керак, виза олишнинг ҳам ўзига яраша харажатлари бор, танишларим орқали визаларни тезлаштириб олиб бераман», — деб ҳар биридан 300 минг сўмдан 600 минг сўмгача қўшимча пулни қўлга киритди.

Кўп ўтмай, бу жиноий гуруҳнинг пинҳоний қилмишлари очилиб қолди. Улар қилмишларига яраша қонун олдида жавоб берди. Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарлар ундириб бериладиган бўлди.

Фото: uz24.uz
Текст: Daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru