50 минг сўмлик купюра чиқарилгани ҳақиқатми? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

50 минг сўмлик купюра чиқарилгани ҳақиқатми?

50 минг сўмлик купюра чиқарилгани ҳақиқатми?

Интернетда янги 10 минг сўмлик купюра чиқарилаётгани ҳақидаги хабар яшин тезлигида тарқалди. Янгиликларнинг исботи сифатида ижтимоий тармоқлар ва Telegram мессенжерида янги купюранинг ҳар иккала томони тасвири туширилган расмлар акс эта бошлади. Унда Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдонинг сурати ва “Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги” деган ёзув бўлиб, купюранинг бир томонида эса Ўзбекистон Республикаси герби тасвири туширилиб, лотин алифбосида “10 000 сўм” деб, ёзилган. Бунга нисбатан интернет фойдаланувчилари турли хил фикрлар билдиришган эди. Изоҳларда турли фаразлар яъни бу йил Амир Темурнинг 680 йиллигига бағишланиб ёки юртимизда бўлиши режалаштирилаётган юбилей саммити муносабати билан янги 10 минг сўмлик чиқарилиши мумкинлиги билдирилганди. Бу ҳақда "Даракчи.uz" хабар бермоқда.

Бироқ айрим интернет нашрларида Марказий банк масъул ходимлари 10 минг сўмлик купюрага оид миш-мишларга ойдинлик киритиб, унинг муомалага чиқарилишини инкор этишганди.

ЯНАДА КАТТА “ИХТИРО”!

Айни кунда эса янги — 50 минг сўмлик билан боғлиқ шов-шувлар “ўргимчак тўри”ни қамраб олди ва 50 минг сўмлик купюра суратлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида муҳим янгилик сифатида роса айланди. Изоҳлар эса қуйидагича:

“Бугун “ok.ru”да шов-шув — янги 50 минг сўмлик чиқибди...”,

“Тамом энди, 5 минг сўмликдан ҳам катта пул чиқибди, 50 минг сўмлик...”,

“... 10 минг сўмлик пул ҳам чиққанку?...”

Бу каби миш-мишларга интернет сайтларда турлича муносабатлар билдирилмоқда. Хусусан, оммабоп сайтларнинг бирида бу ҳам 10 минг сўмлик каби интернет фойдаланувчиларининг янги “ихтироси”, холос, дея таърифланса, surhon.com сайти эса видео лавҳа орқали янги сўмнинг қалбаки эканлигини асослаб берувчи фактларни келтириб ўтган. Унда сўм рақами билан нақшлар чапланиб кетганлиги таъкидланиб, “ихтирочи” фотошопда бироз хатога йўл қўйгани “қистириб” ўтилган.

ҲАҚИҚАТМИ ЁКИ САФСАТА?

Хуллас, бундай асоссиз қараш ва хулосаларни узоқ давом эттиришимиз мумкин. Шундай экан, тобора кенгайиб бораётган миш-мишларга соҳа мутахассислари ёрдамида ойдинлик киритамиз. Хўш, янги сўмлар ҳақиқатми ёки сафсата? Масалага Марказий банк матбуот хизмати ойдинлик киритади:

— Аввалроқ 10 минг сўмлик купюра борасида ҳам шундай асоссиз хабарлар тарқалганди. Энди эса 50 минг сўмликнинг миш-мишлари пайдо бўлди. Бунга жавобан эса айни пайтда ҳеч қандай янги купюра жорий қилинмаётганини айтиш жоиз. “Марказий банк тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида янги сўм жорий қилинса, ижтимоий тармоқлар эмас, балки энг аввало оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ


Ҳозирги пайтда Ўзбекистон сўмининг энг катта қийматли купюраси 5 минг сўмлик ҳисобланиб, у 2013 йил 1 июлдан муомалага чиқарилган.

Гувоҳи бўлганингиздек, интернет тармоқларида акс этган янги купюралар фотошоп маҳсули холос. Бироқ, “сўм” давлат белгиси ҳисобланиб, бу мавзуни ҳазилга йўйиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ўйлаймиз.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru