Хитой раиси: Ўзбекистон - Марказий Осиёдаги йирик қудратга эга давлат. » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Хитой раиси: Ўзбекистон - Марказий Осиёдаги йирик қудратга эга давлат.

Хитой раиси: Ўзбекистон - Марказий Осиёдаги йирик қудратга эга давлат.

Ўзбекистон - Марказий Осиёдаги йирик қудратга эга давлат. Хитой у билан муносабатларига доимо стратегик юксаклик ва истиқбол нуқтаи назари билан қарайди. Бу ҳақида ХХР раиси Си Цзиньпин ЎзАда чоп этилган мақоласида маълум қилган, дейилади "Кун" нашрида.

"Мен гўзал Ўзбекистонга илк бор 2013 йилнинг сентябрь ойида ташриф буюрдим ва ўшанда бу мамлакатнинг сўлим табиати, кўп асрлик тарихи ва маданияти, меҳнатсевар ва истеъдодли халқи менда унутилмас таассурот қолдирди.

Ҳаётнинг тароватли, қайноқ ёз кунларида Президент Ислом Каримов таклифига биноан Ўзбекистонга яна ташриф буюриб, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда бўладиган ва кўплаб масалалар муҳокама этилиши кутилаётган саммитида иштирок этаман", - деди Хитой раиси.

Меҳнатсевар, мард, танти, садоқатли ва масъулиятли, бағрикенг ва фидойи Хитой ва Ўзбекистон халқларининг оила, давлат ва ҳаёт ҳақидаги қарашлари ўхшаш. Бундан 2000 йил аввал Буюк ипак йўли халқларимиз ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш ва бир-бирини бойитиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилган. Хитойнинг Сихань сулоласи элчиси Чжан Цянь, Тан сулоласи элчиси Сюанцзан ва Мин сулоласи элчиси Чэньчэн турли даврларда муайян миссия билан Ўзбекистонга келган ёки унинг ҳудудидан ўтган. Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Ўзбекистон заминида улғайган бошқа машҳур тарихий шахсларни Хитойда жуда яхши билишади. Марказий Осиёда Хитой ва Ғарб маданияти ўзаро уйғунлашиб кетган ва Ўзбекистон бу борада кўприк вазифасини ўтаганини алоҳида қайд этиш лозим. Асрлар давомида қарор топган ўзаро муносабатлар ва дўстлик анъаналари бугунги кунда ҳам Хитой билан Ўзбекистон ўртасида яқин қўшничилик ва дўстликнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

"Ўзбекистон истиқлолга эришганидан сўнг ХХР биринчилардан бўлиб у билан дипломатик муносабатларни йўлга қўйди. 24 йил мобайнида турли давр синовларидан ўтган, халқаро майдондаги хавф-хатарга бардош берган Хитой-Ўзбекистон алоқаларида барқарор тараққиёт суръатлари изчил давом этмоқда. Ҳар икки мамлакатнинг ҳаётий муҳим манфаатларига дахлдор масалаларида томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаб, барча соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда", - деди Хитой раҳбари.

"2013 йилдан буён Президент Ислом Каримов билан турли шаклларда - музокара, учрашув, телефон орқали мулоқотлар, мактублар воситасида яқин амалий ҳамкорлик ва мустаҳкам дўстлик алоқаларини ўрнатганмиз. Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ва бошқа кўплаб муҳим ҳужжатлар имзоланиши натижасида ўзаро муносабатларнинг сиёсий ҳамда шартномавий-ҳуқуқий асоси янада мустаҳкамланди. Мамлакатларимиз Ипак йўли иқтисодий йўналишини биргаликда ташкил этишни қўллаб-қувватламоқда, муносабатларимизни изчил кенгайтириш ва амалий мазмун билан бойитишга интилмоқда, ҳамкорликнинг янги имкониятларини излаб топмоқда, халқаро масалалар ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича ўзаро ҳамжиҳатлик мустаҳкамланмоқда. Хитой билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлик кўлами мунтазам кенгайиб, сифати ортмоқда. Икки томонлама муносабатларимизни жадал ривожлантиришнинг олтин асри бошланди", дея таъкидлади Си Цзиньпин.

"Ўзбекистон ШҲТга раислиги даврида ташкилот доирасида барча йўналишларда ҳамкорликни изчил ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлашни истардим. Хитой Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатлар билан баргаликда янги босқич сифатида Тошкент саммитидан бошлаб ШҲТнинг минтақамиз ва халқларимиз манфаати йўлидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга тайёр", - деди ишонч билан ХХР раҳбари.

"Бу йил Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан Ўзбекистон халқини ушбу қутлуғ байрам билан самимий табриклайман. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда мамлакатни ривожлантириш борасида оламшумул муваффақиятларга эришилди, халқаро майдонда унинг обрўси ва таъсири тобора мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган тараққиёт самараларидан мамлакатнинг барча аҳолисини баҳраманд қилмоқда. Бу борада «Ёшлар йили», «Соғлом бола йили», «Кексаларни эъзозлаш йили», «Соғлом она ва бола йили» каби махсус Давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида аҳоли фаровонлиги юксалмоқда, шаҳар ва қишлоқлар ҳар томонлама ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт модели шакллантирилди ва муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистонга барча соҳаларда янги ва улкан муваффақиятлар тилаймиз", - дея тилак билдирди ХХР раиси.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru