Ўзбекистонда кўчмас мулклар қайта рўйхатга олинади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ўзбекистонда кўчмас мулклар қайта рўйхатга олинади

Ўзбекистонда кўчмас мулклар қайта рўйхатга олинади

Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк иншоотлари 2017-йил охиригача қайта рўйхатдан ўтказилади. Бу амалиёт Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 3-августда қабул қилган қарори асосида ташкил этилади. Қарор матни Lex.uz сайтида эълон қилинган. Бу ҳақда "Kun.uz" маълум қилди.

Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу амалиётни ўтказишдан мақсад, кадастр ҳисобига олишни такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк (ер участкалари, бино ва иншоотлар)дан фойдаланганлик учун уларга солиқ солишни тартибга солишдан иборат.

Шу билан бирга, «электрон ҳукумат» тизими доирасида «Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатга олиш тизимларини модернизация қилиш» лойиҳаси ҳам амалга оширилади. Барча бино ва иншоотлар Республика умумий кадастр ахборот тизими ҳисобига жойланади.

Рўйхатга олиш жараёнида ер участкалари, бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтзорларнинг эгалари, улардан фойдаланувчилар, ижарачилар ҳамда улар эгаллаб турган ер участкаларининг майдонлари, бино ва иншоотларнинг ҳажми, дарахтларнинг тури ва сони аниқланади.

Мазкур қарор ижросини таъминловчи ишчи гуруҳларга кўчмас мулк иншоотларини текшириш, ер участкаларини суратга олиш, бино ва иншоотларнинг ташқи ва ички ўлчамларини ўлчаш, кўп йиллик дарахтларнинг турлари ва сонларини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилган.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru