Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат бўйича тажрибаси қандай? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат бўйича тажрибаси қандай?

Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат бўйича тажрибаси қандай?

Ўзбекистон Республикасининг вақтинчалик президент ваколатларини бажарувчиси Шавкат Мирзиёевнинг ташқи иқтисодий-сиёсий алоқалар бўйича малакаси қай даражада? Бу ҳақида Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев Парламент палаталарининг 2016 йилнинг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги нутқида маълумот бериб ўтди.

“Бугунги ўта мураккаб халқаро шароитда жаҳонда ва атроф-теварагимизда аҳвол ниҳоятда қалтис бўлиб, вазият тобора кескинлашиб, зиддиятлар авж олаётган бир вақтда, аминманки, Президентимиз ваколатлари ҳар соҳада, шу жумладан, ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий алоқалар бобида чуқур билим ва амалий тажрибага эга бўлган, халқаро муносабатларни ҳар томонлама англаган ва Ўзбекистонга ҳамкор бўлган давлатлар раҳбарлари орасида обрўга эга бўлган шахс зиммасига юклатилиши керак. Буни даврнинг ўзи талаб қилади.Бу халқимиз тақдири олдидаги юксак масъулиятимизни англатади.

Шундан келиб чиққан ҳолда давлатимиз Президенти вазифаси ва ваколатларини юқорида қайд этилган барча фазилатларга эга бўлган, мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ Президентимиз Ислом Каримовга ёнма-ён, елкадош бўлиб, турли даражадаги ҳокимият идораларида ишлаб келган Ислом ака Каримовнинг содиқ шогирди — Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевга вақтинча юкланиши ягона тўғри қарордир.

Мен шуни айтмоқчиманки, бу кишида генетик қон-қонидан сингиб кетган намойишкорона эмас, самимий мардлик бор ва буни сезмай бўлмайди. Мен ўзимнинг шахсий тажрибамдан келиб чиққан ҳолда шуни қайд этмоқчиманки, Шавкат Миромонович узоқдаги ва яқин қўшни давлатлар орасида чинакам халқаро обрў қозонган ва тажрибали йирик арбоб сифатида эътироф этилган. У энг катта хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари билан, энг нуфузли иқтисодий тузилмалар билан бўлиб ўтган музокараларда, биз буни кўп маротаба кўрганмиз, ватанимиз миллий манфаатларини илгари суриш, керак бўлган пайтда қатъиятлилик билан ҳимоя қилиш қобилиятини намойиш қилганининг гувоҳи бўлганмиз.”- деди Содиқ Сафоев.

Шунингдек, Сенатор Шавкат Мирзиёевнинг Ислом Каримовнинг марака маросимини ташкиллаштириш бўйича қилган ишларини ҳам эътироф этиб ўтди. У бу ҳақида -“Бир нарсани қайд этишни ўзимнинг инсоний бурчим деб биламан. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом ака Каримов билан видолашувнинг оғир, қайғули кунларида халқимизни янада жипслаштиришда барчамизни бир тану бир жон бўлиб ватанимизнинг буюк фарзандига охирги эҳтиромини бекаму кўст билдиришни ташкил қилишда яна бир бор Шавкат Миромоновичнинг катта ташкилотчилик иқтидори соҳиби эканлиги, балки ўз устозига ўз отасидек чин дилдан қайғуриб хизмат қилганлигини, унинг чинакам инсоний муносабатини кўрдик. Буни халқимиз, ҳаммамиз қадрламай, эъзозламай иложимиз йўқ” дея фикр билдирди.

Манба: diydoraziz.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru