«Ўзбекистонни Ислом Каримовдан сўнг нима кутмоқда?» » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

«Ўзбекистонни Ислом Каримовдан сўнг нима кутмоқда?»

«Ўзбекистонни Ислом Каримовдан сўнг нима кутмоқда?»

«Ўзбекистонни Ислом Каримовдан сўнг нима кутмоқда?» — деган савол бугун нафақат қитмир ажнабий журналистларни, балки ўзимиздаги ноқитмир одамларни ҳам ўйлантирмокда. Айникса, яқинда Парламентимизнинг қўшма мажлисидаги муҳим сиёсий қарорлар ҳам жамиятимиздаги энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланди.

Бу табиий ва зарур жараён албатта, бу саволлардан қочиб бўлмайди.

Зотан Халқнинг, Ватаннинг келажаги ҳақидаги ўйлар биз очиқ ва демократик давлат ва жамият қураётганимиздан даракдир.

Агар биз ўзимизни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ фарзандлари деб билар эканмиз, бундан буёғига, албатта, вазифаларимиз устида жиддий ўйламоғимиз даркор.

Келинг, бугун аниқ фамилиялар ҳақида сўз юритмайлик… Негаки буни кимдир бошқача тушуниши мумкин, «Умер король, да здравствует король» ақидаси биз ўзбекларга аниқ-ки тўғри келмайди. Мажозий айтганда янги «Қирол» тўғрисида ҳам ҳали гапириш эрта, чунки бунинг учун Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партиялар маълум процедураларни амалга оширишлари шарт.

Гапни индаллоси: ўтган ҳафтадаги Сенат раисининг Президент лавозимини вақтинча бажариш масаласида рад жавоби ҳусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Яқинда машҳур сиёсатшунос Леонид Левитиннинг китобини ўқиб туриб, уч терминни учратдим: «реалист» ва унинг антонимлари «книжник» ҳамда «доктринёр».

Маъносини таржима қиладиган бўлсак, муаллиф 90 йилларнинг охирида Ислом Каримовни реалист деб билади, Ўзбекистонни тараққий эттиришда Президент ўзи танлаган реал моделни танлагани, китобий ва ўта илмий ёндашувдан қочганини 206 бетда изоҳлаб, жаноб Каримов танлаган мустақил йўл ўзини оклаганини эътироф этади. Назаримда, бугунги вазиятда ҳам биз кўпроқ реалист бўлмоғимиз керак. Конституцияга ўзгартириш киритилган вақт бошқа эди, ҳозирги реаллик бошқа.

Ўшанда ҳеч ким дафъатан ва фавқулодда шундай бўлишини тахмин қилмаганди ҳам.. Ҳақиқий ҳаёт қандай бўлиши ҳеч қайси Қомусда акс этмайди…

Балким, вақти-соати билан юртимизда Қонун чиқарувчи ҳокимият кучли бўлар, бамисоли Буюк Британия, Германия ва Ҳиндистон каби. Лекин ҳозирги ўтишдек мураккаб даврда доимо ижроия Ҳокимияти қўли баланд бўлган.

Масалан, АКШ да Президентлик бошкаруви кучли, АҚШда Бош вазир лавозими ҳам йўқ, чунки демократия андозасини тарғиб қилувчи супер давлатда Президент қўлида катта Ҳокимият мужассамлашган…

Хўш, энди биз нима қилишимиз керак эди? Тўсатдан бошимизга тушган кулфатда, бутун МИЛЛАТНИНГ энг оғир кунларида ўйлайманки биз ягона тўғри йўлни танладик. Кимнидир камситмоқчимасман, лекин вақтинча бўлса ҳам давлат Раҳбари бўлишнинг мислсиз оғир юки ва мушкулотини тасаввур эта оласизми?

Кабинетда ўтириб қонунлар яратиш бошқа, иқтисодий, ижтимойи ва бошқа минглаб ҳаётий жумбоқларни ўз вақтида оператив ҳал этиш 2+2 нечи бўлишидек аёндир.

Ён биқинимизда дунё ностабиллик ва нотинчлик маркази бўлмиш Афғонистондаги соатига ўзгарувчан сиёсий-ҳарбий вазият, бу жафокаш заминда дунёдаги энг даҳшатли ваҳший ақидапараст террористик ташкилотлар уя ясаб олгани ҳеч кимга сир эмас.

Минг афсуски, баъзи жонажон қўшниларимиз анклав ва эксклавларимиз ахолисига йўл тўсарлик қилаётган бир мураккаб даврда 3 ой даврга бўлса ҳам мамлакатдаги Олий лавозимга ким келиши керак эди? Сурия, Шимолий Корея катаклизмалари, Оврупо Иттифоқидаги ноахиллик, АҚШ ва Россия ўртасидаги зиддиятлар ва санкциялар уруши тўхтамаётган вазиятчи?

Жаҳон иқтисодий инқирози ҳамон тугаман шароитчи? Хўш, дунёда шундай таҳликали вазият ҳукмрон пайтида биз юртимизни кимгадир томоша килдириб, экспериментлар ва тажрибалар полигонига айлантирамизми?

25 йиллик ўта мураккаб, шу билан бирга шарафли йўлимизда эришилган ютуқларни 3 ойда йўққа чиқарамизми? Йўқ!!!

Албатта, шу даврга — амалиётчи, пасту-баландни кўрган, турли лавозимларда ишлаган, одамлар муаммосини ич-ичидан биладиган, фавқулодда вазиятда ярим тунда, ахоли ширин уйқуда ухлаб ётган пайтда ягона тўғри қарорни қабул қилиш МАЪСУЛИЯТИНИ олишга қўрқмайдиган шахс керак бизга.

Мураккаб вазиятда Президентимиз билан кўп йиллар давомида тажриба орттирган кишигина бу оғир юкни олиши мумкин эди. Энг устувор вазифа — 32 миллион халқ яшовчи ЎЗБЕКИСТОНИМИЗ тақдири, ЙЎЛБОШЧИМИЗ ИСЛОМ КАРИМОВ бошлаб берган ислоҳотларни муносиб давом эттиришдир…

Ҳасадгўй ва фитначиларга жавобни эса, аллақочон буюк шоиримиз Эркин ВОҲИДОВ бериб улгурганлар: «Бизга Пушкин бир жаҳону, бизга Байрон бир жаҳон..»

Шерзодхон Қудратҳўжаев

Манба: Diydoraziz.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru