Бухоронинг собиқ «йўқолган» ҳокими матбуотда пайдо бўлди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Бухоронинг собиқ «йўқолган» ҳокими матбуотда пайдо бўлди

Бухоронинг собиқ «йўқолган» ҳокими матбуотда пайдо бўлди

Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими Самойдин Ҳусейнов исми шарифи яна маҳаллий матбуотда пайдо бўла бошлади. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг Бухоро вилояти кенгашига Самойдин Ҳусейнов раис этиб сайланган. Бу ҳақда "Дийдоразиз" нашри хабар берди.

Вилоятнинг собиқ ҳокими тўғрисида маҳаллий матбуот 5 йилдан буён ҳеч нарса ёзмаганди. У 2011 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қарори билан лавозимидан озод қилинганди.

Ҳусейновни «Нуроний» жамғармасининг Бухоро вилояти кенгашига раис этиб сайлаш қарори якшанба куни ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш вақтида қабул қилинган. У бу лавозимда кўп йиллардан буён ишлаб келган Юсуф Қурбоновни алмаштирди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ҳадемай саксон ёшни қаршилайдиган Қурбонов «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» ўз лавозимидан озод этилган.

Қайд этилишича, йиғилишда вилоятнинг ҳозирги ҳокими Муҳиддин Эсанов ҳам иштирок этган. У биринчи навбатдаги вазифалар ҳақида гапира туриб, Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги вақтида айтиб ўтган фикрларини келтирган.

Эслатиб ўтиш жоизки, Самойдин Ҳусейнов 1996 йилдан 2011 йилгача 15 йил давомида Бухоро вилоятига раҳбарлик қилган. У Ислом Каримов томонидан коррупция ва уруғ-аймоқчиликка боғлиқ можаролар фонида лавозимидан олинган, унинг ўрнида Муҳиддин Турдиевич Эсанов иш бошлаганди.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru