Ўзбекистон мамлакатнинг асосий манфаатларига хизмат қилувчи ташқи сиёсат юритади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ўзбекистон мамлакатнинг асосий манфаатларига хизмат қилувчи ташқи сиёсат юритади

 Ўзбекистон мамлакатнинг асосий манфаатларига хизмат қилувчи ташқи сиёсат юритади

АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 71-сессияси бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар қилинган эди. Унда, Ўзбекистоннинг ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раҳбарлигидаги делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Бош Ассамблеянинг 23-сентябрдаги мажлисида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Комилов маъруза қилди. У, дастлаб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик изҳор қилган жаҳон ҳамжамиятига миннатдорчилик билдириб, расмий Тошкент фикрича, муҳим бўлган бугунги кун муаммоларига эътиборни қаратган.

Абдулазиз Комилов, маърузасининг биринчи қисмида Ўзбекистоннинг бўлғуси ташқи сиёсатига оид фикрларни билдирган. Ташқи ишлар вазирининг айтишича, Ўзбекистон мамлакатнинг асосий манфаатларини ҳимоя қилиш ва уни илгари суришга қаратилган ташқи сиёсатини сақлаб қолади ва уни давом эттиради. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги қатъияти БМТ Низоми ва Республика Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган халқаро ҳуқуқ меъёрларининг асосий қоидалари, биринчи президент вақтида зиммасига олган халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларига оғишмай амал қилишни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев баёнот берганидек, Ўзбекистон келгусида ҳам ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда барча хорижий мамлакатлар билан дўстона ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидан оғишмайди.

“Ўзбекистон шунингдек, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ҳамда вужудга келган барча зиддият ва можароларни тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш тарафдоридир. Мамлакатимиз ҳарбий-сиёсий блок ва альянсларга қўшилмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик, қуролли кучларимизни мамлакат ҳудудидан ташқарига сафарбар этмаслик қоидаларини принципиал ва ягона танлов сифатида қабул қилган. Масалага шундай ёндашув, биз учун энг тўғри қарор деб ҳисоблаймиз”, - деган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Манба: Kun.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru