Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сергели туманига ташриф буюрди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сергели туманига ташриф буюрди

 Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сергели туманига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 25 сентябрида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли мавзелари, кўп қаватли турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишларининг бориши билан яқиндан танишди. Айниқса, нураб қолган эски уйлар ўрнида янги биноларни қуриш, кўп қаватли уйлардаги яшаш шароитларини янада яхшилаш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олиб, коммунал хизматлар сифатини ошириш, бу борада иқтисодий тежамкор усулларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Аҳоли вакиллари ва шаҳар раҳбарлари, мутасаддилар иштирокида ўтказилган учрашувда Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри учун устувор аҳамиятга эга бўлган йирик дастур – Сергели туманида 2017-2022 йилларда 500 та кўп қаватли уйнинг бунёд этилиши билан боғлиқ лойиҳа ишлаб чиқилганига алоҳида тўхталди. Бу турар жойларнинг бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган пухта лойиҳалар асосида қурилиши, уларни энг замонавий инфратузилмалар билан таъминлаш бўйича мутасадди раҳбарлар ва мутахассислар билан атрофлича фикр алмашди.
Таъкидлаш жоиз, бу улкан лойиҳанинг амалга оширилиши қарийб 30 минг оиланинг янги уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини яратади. Шуниси эътиборлики, уйлар оилаларга имтиёзли ипотека кредити орқали берилади.

Учрашувда яна бир муҳим масала – азим пойтахтимизнинг барча туманларида янги маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш, яшил майдон ва ҳудудларни янада кўпайтириш масаласи муҳокама этилди. Пойтахтда янги транспорт-коммуникация тармоқлари, маданий-маиший объектлар бунёд этиш, ер усти тезюрар метро йўналишлари қурилишини лойиҳалаштириш ишларини жадаллаштириш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шавкат Мирзиёев яқин келгусида амалга оширилиши мўлжалланган бу лойиҳалар нафақат Сергели туманини, балки бутун Тошкент шаҳрининг имконият ва салоҳиятини янада юксалтириш йўлида катта истиқболлар очиб беришини қайд этди.

Учрашувда пойтахт аҳолиси учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, улкан ҳажмдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, бир сўз билан айтганда, одамларни ҳаётдан рози қилиш масаласи доимий эътибор марказида бўлиши таъкидланди.

Манба: Kun.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru