15:51 / 27.09.2016
8 034

Ўзбекистонда Туркманистон самолётлари ва вагонлари таъмирланади

Ўзбекистонда Туркманистон самолётлари ва вагонлари таъмирланади

Ўзбекистон ва Туркманистон туркман темир йўллари йўналиш вагонларини модернизация қилиш ва таъмирлаш ҳамда туркман авиайўлларига қарашли авиапарклар учун ўзбек корхоналарининг хизматини йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда "Кун" хабар бермоқда.

Тошкентда 26 сентябрь куни ўтказилган Ўзбекистон—Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши вақтида транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, транзит юк ташиш борасида ўзаро имтиёз ва енгилликлар тақдим этиш муҳимлиги, бу уларнинг ҳажми ортишига олиб келиши таъкидланди.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда ташқи савдо юкларини транзит ташишда ўзаро преференцияларни тақдим этиш йўли билан транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тошкент вагонсозлик ва таъмир заводи базасида туркман темир йўлларининг ҳаракатдаги таркибини модернизация қилиш ва таъмирлаш соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлик ҳамда иқтиқболли алоқалар қайд этилди.

Бугунги кунда томонлар туркман вагонларини Тошкент вагон қуриш ва таъмирлаш заводида таъмирлаш ҳамда модернизация қилиш имкониятларини ўрганишмоқда. Мамлакатлар бу йўналишда дастлабки лойиҳани муваффақиятли йўлга қўйишган", дейилган Sputnik агентлиги хабарида.

Ўтган йили "Ўзбекистон темир йўллари" Туркманистон темир йўл транспорти вазирлиги билан 10та вагонни синов таъмиридан чиқариш бўйича шартнома имзолаган ва пойтахтдаги қуюв-механика заводида шартнома муваффақиятли бажарилганди. Ҳозирда томонлар кўп миқдордаги туркман юк вагонларини таъмирлаш бўйича музокаралар олиб боришмоқда. Хабарда айтилишича, гап камида 300та вагон ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, Туркманистон ўз авиапарки, айниқса замонавий самолётларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқмоқда. Бундай ҳамкорлик учун асос бор — жорий йил бошида Тошкентда Uzbekistan Airways ва АҚШнинг Boeing корпорацияси МДҲда биринчи бўлиб самолётларнинг композицион таркибларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича марказ ташкил этди.

Марказ самолётларга барча турдаги хизматларни кўрсатиш учун керакли техника ва малакали мутахассисларга эга бўлган Uzbekistan Airways Technics корхонаси базасида фаолият олиб боради. Бу ерда йилига хорижий авиакомпанияларнинг, асосан Россия ва Қозоғистон компанияларининг камида 10та самолётига техник хизмат кўрсатилади ва таъмирланади.

Шунингдек, қарз муносабатлари, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилиш, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда шартномавий-ҳуқуқий базани ривожлантириш борасида ҳамжиҳатликдаги сиёсатни юритиш каби масалалар ҳам йиғилиш кун тартибидан ўрин олганди.

Маълумот учун, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ўзбек-туркман қўшма комиссияси 1996 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Сўнгги йиғилиш 2015 йилнинг 18−19 август кунлари Ашхободда бўлиб ўтган эди.

2015 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 319,7 млн долларни, жорий йил январь-август ойларида эса 177,1 млн долларни ташкил этди.

Айни пайтда Ўзбекистонда туркман томони иштирокидаги 7та корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар фаолиятидаги асосий соҳалар: савдо ва хизмат кўрсатиш, текстиль соҳаси, қоплама материаллар ва мебеллар ишлаб чиқариш саналади.

Туркманистон ҳудудида эса Ўзбекистон резидентлари иштирокида саноат маҳсулотларини туркман бозорига экспорт қилиш бўйича фаолият кўрсатувчи 6та корхона ташкил этилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда Туркманистон самолётлари ва вагонлари таъмирланади