Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида олимлар ва давлат арбобларининг фикрлари » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида олимлар ва давлат арбобларининг фикрлари

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида олимлар ва давлат арбобларининг фикрлари

Қуйида Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида олиму-уламоларнинг фикрлари, уларнинг таъзияларида билдирилган фикрлар ва танқидларни тўплaган Баҳодир Муҳаммадиев Абу Муҳаммаднинг мақолаларини эътиборингизга ҳавола этамиз, дейилади "Дийдоразиз" нашрида.

МУНОСАБАТЛАР

Ургутлик олим, фақиҳ, мутасаввиф, кароматлари зоҳир Арабхон эшон ўз вафотидан бир йилча бурун шогирдларига: «Биздан кейин Шайх Муҳаммад Содиқни маҳкам ушлайсизлар», деб васият қилган эди.
Доғистонлик олим Муҳаммад Ҳабибуллоҳ: «Мен Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга муфтийлик даврида маслаҳатчи бўлганман. У кўплаб илмда моҳир эди. Эскию янги китобларни яхши биларди. Доғистон, Кавказ ва Ўрта Осиё улмолари бир овоздан унинг буюк олимлигини эътироф этган. У киши Исломга жуда катта хизмат қилганлар. У кишининг ҳақларида нима яхши гап бўлса, айтинг, нима мақтов бўлса, сўзланг, барибир кам».
Қирғизситонлик олим Шайх Алоуддин Мансур шундай дейди: «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни илм аҳлигина яхши танийди. У киши илм толиблари ва барча халқ учун юқори ҳаракат билан шунча катта илмий мерос қолдирган бўлса-да, ўзидаги илмнинг ҳали учдан бирини ҳам тақдим қилиб бўлмаган эди. Мен мулоҳаза қилиб кўрсам, бундан тўрт аср муқаддам ўтган Мула Алий Қорий 109 та асар қолдирган экан. Шайх Муҳаммад Содиқ эса 120 жилддан ортиқ асар ёзиб қолдирибди. У кишининг на қадар улкан дарахт бўлиб кетгани йиқилганда яна-да сезилди».
Қуйида келадиган таъзияномаларда ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида бир қанча уламоларнинг фикрларини ўқиш мумкин.

ТАНҚИДЛАР

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга нисбатан билдирилган танқидлар:
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам кўплаб олимлар қатори қарши тарафлардан бир қанча танқидий қарашларга йўлиқди. Аммо мазкур танқидлар илмий асосга эга эмас. Асосан, кичик жузий камчиликлар ёки тушунмовчиликлардан иборат. Ҳолбуки, пайғамбарлардан бошқаси маъсум бўлмаслиги, Қуръондан бошқа ҳар қандай китобда камчилик бўлиши табиий. Аммо у кишининг ижодида илмий янглишув, ғоявий адашув кузатилмаган. Шайх Муҳаммад Содиқ ҳақида Хулайбий Имом Абу Ҳанифанинг шаънида айтган гапни айтиш мумкин: «Унга фақат ё ҳасадгўй, ё жоҳил тил теказади».

ТАЪЗИЯЛАР

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти муносабати билан билдирилган таъзиялар:
1. Мусулмон уламолар халқаро уюшмасининг таъзияси:
«Мусулмон уламолар халқаро уюшмаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жаноблари вафот этишлари муносабати билан бутун ислом умматига чуқур ҳамдардлик билдириб, таъзия изҳор этади.
Шайх жаноблари Ўзбекистон Республикасининг собиқ муфтийси ва Мусулмон уламолар халқаро иттифоқининг васийлик кенгаши учинчи мажлисининг собиқ аъзоси бўлганлар. Зикр қилинишича, шайх Муҳаммад Содиқ Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига таржима қилганлар. Бундан ташқари у кишининг қаламига мансуб исломий илмлар соҳасида бир неча юзлаб китоблар ҳамда таржималар нашр этилган. Бу муҳтарам зотнинг дунё бўйлаб турли исломий анжуманларда қатнашганлари диққатга сазовордир.
Мусулмон уламолар халқаро уюшмаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанобларининг оила аъзоларига, шогирдларига, издошларига, муридларига ва барча мухлисларига ҳамда Ўзбекистон халқи, раҳбарлари ва ҳукуматига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор этади. Аллоҳдан ушбу марҳумни Ўз раҳмати ва мағфиратига олишини ҳамда дини ва миллатига тақдим этган улкан ишларини Ўз даргоҳида қабул этишини сўраб, у муҳтарамнинг барча мухлисларига сабру тоқат сўраб қолади».
Доктор Юсуф Қарзовий
Докор Алий Қорадоғий.

2. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовнинг таъзияномаси:
«Куни кеча юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки бутун мусулмон оламига сермаҳсул хизматлари билан танилган муҳтарам устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Биз устозимизнинг ҳар бир қилган ишларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, суннатларини ўрганар эдик. У кишидан илм ва одобни бирдек олар эдик. Устоз диний илмларни ривожлантириш йўлида самарали ижод қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имомлар ва мударрислар номидан Шайх ҳазратларининиг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз. Аллоҳ таоло Устознинг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Қолдирган бой илмий меросларидан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар қилсин! Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг охиратлари обод бўлсин!»

3. Омск шаҳри ва Омск вилояти мусулмонлари марказлаштирилган диний идораси таъзияномаси:
«Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамд бўлсин! Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга , уларнинг оила аъзоларига ва барча саҳобаларига дуруду салавотлар бўлсин!
Бу, Омск шаҳри ва Омск вилояти мусулмонлар уммати муҳтарам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафотлари муносабати билан чин юракдан қайғурмоқдамиз.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат Ўзбекистонда, балки бугунги Ислом оламида катта ҳурматга эга ва замонамиз мусулмонлари учун намуна эдилар.
Мен муҳтарам Шайх ҳазратларини кўпдан бери таниганман. Охирги учрашувимиз 12 декабрь 2014 йилда Москва шаҳрида ўтказилган XX – Умумжаҳон Ислом Форумида бўлган эди. Шунда биз улар билан ҳозирги кун Ислом жамиятидаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилган эдик. Ислом динининг муаззам уламоси сифатида фақатгина дин арбоблари эмас, барча одамларга ҳам ўзларининг оқил маслаҳатларини бериб келганлар. У кишининг вафотлари ҳаммамиз учун катта мусибат ва жудоликдир.
Биз, Омск шаҳри вилояти мусулмонлар уммати муқаддас Қуръони Карим оятларини ўқиб, Парвардигори оламдан жаннатидан Шайхимизга муносиб жой беришини илтижо қиляпмиз.
Азиз биродарларимиз, опа-сингилларимиз! Таъзиямизни қабул қилгайсизлар! Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.
Омск шаҳри ваа вилояти мусулмонлари диний идораси муфтийси Бота ҳожи Бакулин.

4. Шимолий Кавказ муфтийлари мажлиси раиси Исмоил Бердиев:
«Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад Хожига, Чеченистон муфтийларига қўл узатган, юрагини берган, сўзлари билан далда бўлган биринчи одам Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари эди. Чеченистонда ўтказиладиган бирорта анжуман, уруш вақтларида ҳам, Шайх ҳазратларисиз ўтмаган. У кишининг иштироки доимо бизга далда бўлган. Мен Муҳаммад Содиқ ҳазратларини биродаримиз Аҳмад Ҳожининг Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институтини тугатиб, қайтган кезларидан бери биламан. Ва ўша пайтлардан дўстлашган эдик. У кишининг уйларида кўп маротаба меҳмон бўлганман. Улар ҳам тез-тез меҳмонга келиб турардилар. Кўплаб Умумжаҳон Ислом конференцияларда, симпозиумларда у киши билан бирга қатнашиш бахтига муяссар бўлганман. Кувайт, Қатар, Саудия Арабистони, Туркия, Миср, қаерда бўлмайлик, бу инсон ўзининг олийжаноблиги, тақвоси ва ўз юртининг хақиқий фарзандилиги билан ажралиб турарди. Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари кўплаб Умумжаҳон Ислом ташкилотлариниг фахрли аъзоларидан эди. Ҳамма ерда у кишини танишган, ҳурмат килишган ва эъзозлашган. Шунинг учун ҳам бугун одамлар севимли Муҳаммад Содиқ ҳожимизнинг барвақт вафоти ҳақида қайғурмоқда. Чеченистон ва Шимолий Кавказнинг масжидларида биродаримиз Муҳаммад Содиқ ҳожининг руҳи покларига атаб дуолар ҳамда хатми Қуръонлар қилинмоқда. Ҳар бир хонадон барвақт ҳаётдан кўз юмган биродаримиз ҳақида қайғуга чўмган. Аллоҳга дуо қиламиз, жаннатларини насиб айласин ва ўша олий жаннатларда у киши билан бирга бўлишга бизларни муяссар қилсин. Ўғиллари Исмоил ҳожи ва қолган оила аъзоларига гўзал сабр сўраймиз. «Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир». Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ».

5. Муборак Ақсо масжидининг хатиби, Қуддус шарифдаги Ислом олий ҳайъатининг биринчи ноиби, вақф ва дин ишларининг собиқ вазири Шайх доктор Жума Саломанинг таъзияномаси:
«Марҳаматли дўст, собиқ муфтий, Ўзбекистон уламолари улуғи аллома шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1436- ҳижрий йилнинг Жумадул аввал ойи 19-санаси, милодий хисоб бўйича 2015-йил 10-март сешанба куни умрининг 63 ёшига етганда вафот этганини билдирди. Бу инсон замондош уммат уламоларининг катталаридан саналар эди.
Халқнинг ислом йўлида кенгайиши химоясида унинг катта роли бор эди. Собиқ совет иттифоқи ичида дин, таълим ва маданий хуқуқларни қайтиб беришни талаб қилишда мусулмонларга бошчилик қилди. Аллоҳ рахмат қилсин! У киши соғлом исломий таълимотни ёйишга, шунингдек диний саводсизликни тугатишга ҳамда кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатишга иштиёқманд эди.
Марҳумнинг ўзбек тилидаги бир қанча китоблари бўлиб, кўп ишларини рус тилидаги таржимаси ҳам амалга оширилган эди. Ўзбек тилида Қуръон каримга 6 жуздан иборат тафсир ёзиб уни «Тафсири Ҳилол» деб номлади. «Ал-Жомеъу лил-усул фий шарҳи аҳадисир-Росул» китобига 39 жуздан иборат шарҳ ёзди. Аллоҳ таолодан ушбу суюкли кишини ўзининг кенг раҳмати ва мағфирати ўраб олишини сўраймиз. Ислом умматига тақдим этган илм ва нури эвазига розилик ва мукофот беришини тилаймиз. У ва у каби амал қилгувчи уламолар эъвазига яхши ўринбосар беришини Аллоҳ субханаҳу ва таолодан ёлбориб сўраймиз.
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз».

6. Шайх Абубакр Аҳмаднинг таъзияси:
«Ҳаммамиз Аллоҳникимиз! Ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз!
Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси катта уламо ва аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этди. У ҳамаср уламоларнинг буюги эди. Одамларнинг Исломини ривожлантиришда ва муҳофаза қилишда катта ўрни бор эди.
У Қуръони Каримни ўзбек тилига 6 жилдлик тафсирини ёзган. Аллоҳ бу иши учун уни мукофотласин. Аллоҳ раҳматига олсин. Аллоҳ уни мағфиратига ва ризосига киритсин. Аллоҳ азза ва жалла жаннатул Мавога киритсин. Фирдавс жаннатининг олий мақомидан жой берсин. Ўзига яқинлаштирсин ва мақомини юқори қилсин!»

7. Шайх Ҳабиб Алий Жифрий таъзияси:
«Ҳаммамиз Аллоҳникимиз! Ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз!»
«Ўзбекистон уламоларининг улуғи, шайхимиз аллома Муҳаммад Содиқ Аллоҳнинг раҳматига кўчдилар. У зот замондош уммат уламоларининг киборларидан бўлиб, ўз халқининг исломга мансублигини асрашда жуда муҳим вазифани бажардилар.
Қуръони каримни ўзбек тилида олти жилдли тафсирини ёзганлар. Бу китобдан жуда улкан манфаатлар бўлиб, ҳатто айрим қизлар никоҳ маҳрлари учун мазкур тафсирни сўрашади.
Аллоҳ у зотни яхшилар раҳмати ила раҳмат этсин! Жаннатнинг олий Фирдавсидан маскан берсин. Аҳллари, талабалари, ватандошлари ва уммат ичидан у зотга солиҳ ўринбосар чиқарсин!»

8. Саудия Арабистони подшоҳлигини Тошкентдаги элчихонасининг таъзияномаси:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фарзанди аржуманди биродаримиз Исмоилжон!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимуҳуллоҳнинг вафоти хабарини бениҳоя ғам андуҳ билан қарши олдик. У киши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом оламининг энг йирик уламоларидан бири эдилар. Йўқотганимиз бу улуғ зот хотараларимизда Ислом илмларига, Ислом ва мусулмонлар хизмати йўлида бағоят улкан ҳисса қўшган буюк олим бўлиб қолажакдир.
Сизларга бу мусибатда ўзимизнинг чуқур таъзиямиз, чин ҳамдардлигимизни билдирамиз, Аллоҳ таолодан у кишини мағфират қилиши, раҳмати билан қамрашини ҳамда сизларга сабру салвон илҳом қилишини сўраб қоламиз!
«Албатта, барчамиз Аллоҳникимиз ва, албатта, Унга қайтгувчимиз».
Саудия Арабистонининг Тошкентадги элчиси Доктор Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Шойиъ.

9. Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хёфер-Виссинг Найтхарт:
«Бундай олим инсон билан танишиб, суҳбатлашишга муяссар бўлганимдан жуда бахтиёрман. Шайх жаноблари менда жуда яхши таассурот қолдирган эдилар. Шайхнинг вафотлари нафақат сиз – оила аъзоларига, нафақат ўзбек халқига, балки Германияда яшовчи барча мусулмонлар учун катта мусибатдир. Ахир айтадилар-ку: «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлимидир». У зот фақатгина олим эмас, балки буюк инсон эдилар. У киши учрашувимиздан сўнг менга бир қанча китобларини бериб юборган эдилар. Бу китоблар энди мен учун бутун умрга эсдалик бўлиб қолди».

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru