Шавкат Мирзиёев: талаба, депутат, оила ва Бош вазирликдан президентликкача » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Шавкат Мирзиёев: талаба, депутат, оила ва Бош вазирликдан президентликкача

Шавкат Мирзиёев: талаба, депутат, оила ва Бош вазирликдан президентликкача

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон либерал-демократик партияси интернет портали Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Миромоновичнинг таржимаи ҳолини тақдим этди.

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади, дейилади "Дийдоразиз" нашрида.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996–2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001–2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995–2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Ш.М. Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

Ш.М. Мирзиёев мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юксак ишончини қозониб, унинг яқин сафдоши ва маслакдоши сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.

Ш.М. Мирзиёев Ҳукумат бошлиғи сифатида кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, йирик ва ноёб лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш, хусусий мулкни устувор даражада ривожлантириш, иқтисодиётда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини кескин ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлашда ўзининг юксак салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этди.

Мамлакат иқтисодиётини индустриал ривожлантириш, республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш, аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ҳаракатини тараққий топтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолини кафолатланган ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини олиб бориш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, республиканинг шаҳар ва туманлари, айниқса, узоқ қишлоқ туманларини комплекс ривожлантириш орқали аҳолининг турмуш ва меҳнат шароитини тубдан яхшилашга қаратилган кенг кўламли ва самарали тадбирларни амалга оширди.

Ш.М. Мирзиёевнинг фаолиятида социал-иқтисодий масалалар билан бир қаторда таълим, фан, соғлиқни сақлаш тизимларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, оналик ва болаликни кучли муҳофаза қилиш устувор вазифа сифатида муҳим ўрин эгаллади.

Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб институти бўлган маҳалланинг нуфузи ва обрўсини янада ошириш, шунингдек, бошқа жамоат ташкилотларини демократик ислоҳотларга кенг жалб этиш орқали жамиятда уларнинг мавқеини мустаҳкамлаш, миллий маънавий қадриятларни эъзозлаш ва изчил ривожлантириш ишларига юқори даражада эътибор қаратди.

Қайд этилганлар билан бир қаторда, иқтисодий ва ижтимоий вазифаларни амалга оширишда хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳар томонлама ўзаро ҳамкорликни кучайтириш орқали мамлакатимизнинг миллий манфаатларига ва иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган келишувларга эришишда бевосита раҳбарлик қилди.

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юкланди.

Ш.М. Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, беш нафар набираси бор. Рафиқаси З.М. Ҳошимова – мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи, айни пайтда уй бекаси.

Ш.М. Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ишига улкан ҳисса қўшгани учун “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru