Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг виртуал қабулхонаси ишга тушди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг виртуал қабулхонаси ишга тушди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг виртуал қабулхонаси ишга тушди

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз И.А.Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологоияларини жадал суръатларда жорий этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, дейилади "Кун" нашрида.

Бугунги кунда ҳар бир соҳага интерфаол электрон хизмат турларини татбиқ этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда аҳоли, хусусан, кичик бизнес вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш мақсадида вазирлик ва идоралар тизимида “ишонч телефон”лари йўлга қўйилди. Бу ҳам аҳоли, шу жумладан, кичик бизнес вакилларининг мурожаатларининг ўз вақтида ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган алоҳида эътибор самарасида инсон, унинг шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилди.

Мурожаат этиш ҳуқуқи шахснинг энг муҳим ҳуқуқларидан бўлиб, у инсон ҳуқуқлари таъминланиши ва самарали ҳимоя қилинишининг асосий омилларидан биридир. Шу боис, миллий қонунчилигимизда мурожаатлар масаласига алоҳида ўрин берилган.

Мамлакатимиз Бош Қонунида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларга ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланган.

2014 йилдан кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни жисмоний шахсларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштирди. Шунингдек, ушбу Қонун билан юридик шахсларнинг ҳам мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди.

Эътиборлиси, Қонунда замон талабларидан келиб чиқиб, электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилиши мумкин.

Бугунги кунда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвали нафақат маъмурий бинолар, балки давлат органларининг расмий веб-сайтларида ҳам эълон қилинаётир. Бу юртдошларимизга яратилаётган катта қулайлик бўлиб, вақт ва маблағни тежаш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Мана шу амалий ишларнинг мантиқий давоми сифатида мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш учун 2016 йил 27 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва, албатта, бу борадаги саъй-ҳаракатлар давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифага айлантирилди.

Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини тубдан ислоҳ қилиш, комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Мурожаатлар билан ишлашнинг сифатини янада яхшилаш, самарадорлигини ошириш мақсадида вазирликнинг расмий веб-сайтида адлия вазирининг виртуал қабулхонаси ишга туширилди.

Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар учун адлия вазирлиги фаолиятига оид мурожаатларни тезкор, қулай ва замонавий электрон воситалари ёрдамида тўғридан-тўғри виртуал қабулхона орқали йўллаш имкони яратилди.

Адлия вазирлиги
Ахборот хизмати


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru