12:24 / 06.12.2016
8 230

Ўзбекистон кўчиб юрар “муз тоғ” эмас

Ўзбекистон кўчиб юрар “муз тоғ” эмас

Биз бугун инсоният тараққиётининг кескин бурилишлар рўй бераётган тарихий босқичида яшамоқдамиз. Бу тарихий ҳақиқат. Зеро, кейинги йилларда Ер юзида кескин геосиёсий ўзгаришлар рўй берди, халқаро миқёсда хавфсизлик ва барқарорлик тизими издан чиқмоқда.

Глобаллашув жараёнининг тобора шиддатли тус олиши нафақат инсоният имкониятларини кенгайтирмоқда, балки зиддиятларнинг кескинлашуви, ривожланган ва қолоқ давлатлар ўртасидаги тафовутнинг ўсишига олиб келмоқда. Бунинг оқибатида тинчлик ва барқарорликка рахна солаётган, моҳияти ва кўламига кўра трансмиллий хусусиятга эга турли хатти-ҳаракатлар содир этилмоқда.

Бошпанасиз қолиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрган одамлар оғир мусибатларни бошдан кечирмоқда, қуролли қарама-қаршиликлар ва терроризм оқибатида гуноҳсиз болалар, кексалар, хотин-қизлар ҳалок бўлаётир. Охири кўринмайдиган урушлар туфайли кўплаб мамлакатлар вайронага айланмоқда. Узоққа бормайлик, Сурия, Ироқ, Яман ва бошқа давлатлардаги террорчилик хуружи, ички низо ва зиддиятлар миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритди, бошпанасидан жудо қилди, шаҳарларнинг кулини кўкка совурди.

Бундай шароитда жаҳон ҳамжамиятининг тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш йўлида бирлашиши, ўзаро ҳамкорликнинг ишончли механизмларини яратиши давр талабига айланди. Долзарб масалалар юзасидан мулоқот қилиши учун ўзига хос майдон яратишга хизмат қиладиган БМТнинг роли ва масъулияти янада ортмоқда.

Дунёда мураккаб жараёнлар кечаётган бир шароитда тинчлик ва барқарорликни сақлаш долзарб вазифалардан саналади. Очиқ айтиш керак, мамлакатимизда янги сайланган Президентдан кўп нарсани кутмоқдамиз. Халқимиз давлатнинг ислоҳотларни бошқарувчилик салоҳияти сақланиб қолгани ҳолда мамлакатнинг янада гуллаб-яшнаши тарафдори. Айниқса, кичик ва хусусий бизнес йўлида янада жиддий ўзгаришлар бўлиши юрт тараққиёти гаровидир. Шу боис тадбиркорлик йўлига ғов бўлаётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича уч ой мобайнида салмоқли амалий қадамлар ташланди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича қонун имзоланди, валюта бозорини эркинлаштириш масаласи муҳокамада, тадбиркорлар учун амнистия эълон қилинди. Қулай сармоявий ва бизнес муҳити ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ва бундан кейинги ташқи сиёсати кўпларни қизиқтирмоқда. Хориждаги айрим калтабин сиёсатчи ва экспертлар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда у ёки бу куч марказлари томон оғишини башорат қилишмоқда. Ўзбекистон Республикасининг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев сентябрь ойидаёқ, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида мамлакатимизнинг яқин йиллардаги ташқи сиёсатини маълум қилганди. Яъни барча хорижий мамлакатлар, жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорлигимиз давом этади. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси фаол амалга оширилади.

Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик, илгаригидек, давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади.

Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз. Кейинги пайтларда чегаралар демаркацияси, ҳаво қатновларини йўлга қўйиш, ўзаро борди-келдиларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш масалаларида музокараларнинг йўлга қўйилгани фикримизнинг яқол исботидир.

Ташқи сиёсатимизнинг энг устувор йўналиши бу — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан алоқаларимизни мустаҳкамлашдан иборат. Биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан Стратегик шериклик, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа муҳим келишувлар асосида дўстона алоқаларни изчил ривожлантириш ва кучайтириш икки мамлакат манфаатларига жавоб беради ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хавфсизлик соҳасида Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори Россия бўлиб қолаверади. Куни-кеча Москвада имзоланган ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома шундан далолат беради.

Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш бизнинг ташқи сиёсатимизда устувор аҳамиятга эга бўлиб қолади.

Ўзбекистон минтақадаги яқин қўшнимиз ҳамда глобал ва минтақавий муаммоларни ечишда муҳим роль ўйнайдиган Хитой Халқ Республикаси билан ҳар томонлама стратегик хамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдордир. Иқтисодиёт, сармоялар жалб этиш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини йўлга қўйишда Хитой муҳим шерик ҳисобланади.

Осиё ва Тинч океани минтақасида Ўзбекистон Япония, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар билан иқтисодиёт, инвестициялар, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга устувор даражада аҳамият беради.

Ўзбекистон учун Европанинг етакчи давлатлари, авваламбор Германия, Франция ва Буюк Британия, Марказий ва Шарқий Европа давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Хуллас, Ўзбекистон дунё давлатлари билан тенгма-тенг, ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш тарафдори. Мамлакатимиз, Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга аҳд қилган. Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан анъанавий равишда яқин қўшничилик ва дўстона сиёсат олиб боради. Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари билан ўзаро манфаатли ва кенг қиррали муносабатларни ривожлантириш, Лотин Америкаси ва Кариб минтақаси, Африка қитъасининг етакчи давлатлари билан алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб беради.

Демак, Марказий Осиёнинг энг йирик ва нуфузли мамлакати сифатида Ўзбекистон бир мамлакат билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаган ҳолда иккинчи давлат билан алоқаларни унутадиганлар тоифасига кирмайди. Ўзбекистон кўчиб юрар “муз тоғ” эмас.

Абдували Сайбназаров

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон кўчиб юрар “муз тоғ” эмас