16:50 / 06.12.2016
15 381

Миллат отаси: «Омадини берсин, қадами қутлуғ келсин» ва бошқача мулоҳазалар

Миллат отаси: «Омадини берсин, қадами қутлуғ келсин» ва бошқача мулоҳазалар

Халқимиз буюк сарбонидан айрилгач довдираб қолмади. Синмади. Бизга буюк устознинг садоқатли шогирди Президент вазифасини бажарувчи сифатида далда бўлди. “Энди Ўзбекистон нима қилади?”-дея руҳланган “демократ”лар ҳужумига чалғимади. “Ҳайқираман тоғлар бағридан…”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни…”, “Ўзбекистон келажаги-буюк давлат…”-дея юрт учун жон берган зотлар меҳрини қозонди. Дуосини олди.

- 8 сентябр 2016 йил. Олий Мажлис Қўшма палаталари йиғилишида Ўзбекистон Конституциясининг 96-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажариш масъулияти Ўзбекистон Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юкланди.

Бу нима дегани? Устоз Акмал Саидов айтганидек Ўзбекистон қайсидир давлат ёки ташкилотга ёқиш учун интилмаяпти, халқимиз қизиқишлари ва миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда иш кўряпмиз дегани.

Бу синовли вазиятда 8 сентябрдан то 4-декабргача бўлган бўлган конституциявий нормага амал қилиш керак, қонунда нима бўлса шу дея таваккал қилсак Ҳазрати Ҳизрдаги ўзбек фарзанди руҳи олдида гуноҳкор бўламиз дегани.

- 15 сентябр 2016 йил Ўзбекистонда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Бу Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти томонидан илк маротаба қабул қилинган қонунлардан бири “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири айнан 2016 йилда қабул қилинишида давлат бошқаруви учун мантиқий ўхшашлик бор дегани.

Бу Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти томонидан Ўзбекистон тарихида илк қабул қилинган унвон “Соғлом авлод учун” орденига ҳамоҳанг баркамол авлодни шакллантириш йўлидаги уч босқичли спорт ўйинларига илк бора Жиззахда асос солиниб сўнгра бутун юртимиз бўйлаб оммалаштирилди дегани.

Бу “Билиб қўйинглар, Ўзбекистондаги миллион-миллион болалар менинг фарзандларим”-дея ўзидан кечган тинчлигимиз раҳнамоси И.Абдуғаниевич руҳлари шод дегани.

- 16 сентябрдан вилоятларга бошланган Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг ташриф халқимизга далда ва энг асосийси келажакка ишонч уйғотди.

Бу эришилган барча ютуқ ва бойлигимиз ишончли қўлда эканлиги ҳамда халқ дардига малҳам бўлган миллат отасига елкама-елка хизмат қилган халқ фарзандига халқнинг меҳри тушди дегани.

Бу ким бўлишингдан қатъий назар қонун олдида тенглик, халқ бойлиги ва ризқига хиёнат кечирилмаслиги, меҳнаткаш ва ҳалол халқимиз бахту саодати йўлида роҳатидан кечмайдиган, ўзини юрт корига бағишламайдиган раҳбар учун уйқу йўқ дегани.

- 22 сентябрда Рио-2016 Паралимпиадасида 31 та медални қўлга киритган 32 спортчи пул мукофотлари ва Президент совғаси “Malibu” автомашинаси билан тақдирланди.

Бу нима дегани? Бу Ҳали Олимпиада тарихида 32 нафар спортчи билан қатнашган делегация 31 та медал олмаган, умумжамоа ҳисобида дунёда 16-чи, Осиёда 4-чи, МДҲда эса 2-ўринда турибди дегани.

Бу агар спортчингда ватан туйғуси кучли бўлмаса тоққа чиқариб қора икра билан боқасанми, қизил икра билан боқасанми фойдаси йўқ деган матонатли ўзбек фарзандларининг хитоби дегани.

- Россия Федерациясига озиқ-овқат ва мева сабзавотлар экспорти бўйича “Яшил коридор” лойиҳаси таклиф этилди.

Бу қишлоқда мева-сабзавот етиштираётган деҳқоннинг кўкрагига шамол тегади. Эндиликда Қувасойнинг анори Финляндия остонасигача, Мирзачўлнинг қовуни Якутиягача етади дегани.

Бу тобора минтақада геосиёсий ўйинга айланаётган сув масаласининг ягона ечими интенсив боғлар орқали миллий иқтисодимизни юксалтириш, “ғийбатчилар” тили билан айтганда “Мирзиёев технологияси” яъни томорқага барака манбаи сифатида қараш, оила дастурхони тўкинлигини таъминлаш ўрнига ерга нос тупуриб-суғорсанг, тамакини чекиб-ерга қадасанг косанг оқармай ўтасан дегани.

Бу куни битаётган “валютчик”ликдан воз кезиб, 10 йилдан бери шудгор қилинмаган томорқангда боғ ярат. Замин танқислигидан томида полиз экаётган, денгиздаги чиқиндилар устида уруғ қадаётган японлар заҳматидан ибрат ол дегани.

Бу бозорларимиз тўкин-сочинлигидан бора-бора озиқ-овқат ярмаркаларига ҳожат қолмайди-ю, аммо “Ака терминал бор. Лекин чек тугаб қолди”-десанг бараканг учади дегани.

Бу эндиликда кўкат майлику-я, ҳатто банан етиштирмаган хонадон “Кун мавзуси”га айланади, “Эшитдингми? Фалончи бананни бозордан оларкан. Апельсин пайвандлашни билмаскан. Замондан нолишига ўлайми? Берсанг ейман, бермасанг ўламан дейдиганлар тоифаси”-деган гап тарқалади дегани.

- 24 сентябр куни Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси иш бошлади.

Бу кучли фуқаролик жамияти барпо этишни кўзлаган халқимиз онгида “Бизни президентнинг ўзи эшитмоқда. У халқ билан бирга. У бизни эшитади.”-деган ҳақли мулоҳаза шаклланди дегани.

Бу Буюк устозимиз И.Абдуғаниевичнинг “Одамзод ҳамма нарсага чидаши мумкин. Аммо, адолатсизликка чидай олмайди” маслаҳатидан шогирд давлат бошқарувида тўғри фойдаланиб янгича демократик қадамларни босди дегани.

Бу халқимизнинг ҳуқуқий-сиёсий саводхонлиги кучайиши ҳамда уларда аниқ фуқаролик позиция шаклланишида туртки бўлди-ю, аммо бу имконият ёш келин-куёвнинг асал ойи учун пул, турмуш қуриш учун эр сўрама, “Виртуал қабулхонага ёзаман”-дея фирибгарлик қилма, янгича демократик ёндашувларни увол қилма дегани.

- Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини тузиш таклиф этилди ҳамда 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида арзон уй-жойлар қуриш дастури қабул қилинди.

Бу “Бизда ютуқ йўқ. “Камолот уйлари”ни ололмаймиз. Аммо биз ҳам Ўзбекистон фарзандимиз. Энди нима қиламиз”-дея чора излаётган кам таъминланган ёш оилалар бошини силаш дегани.

Бу қабрга киргунча лой тепиш билан яшайдиган ўзбекка қарата: “Эй оғайни, дарвозадан ҳожатхонанггача самолёт қўнса бўлади. Ундан кўра, ихчам, қулай, чиройли ҳовлиларда яшаб, ҳеч бўлмаса бир марта Омонхонага бор, Зоминга бор дегани.

- “Эркин иқтисодий индустриал зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзоланди.

Бу “Ҳалиям шу Ғиждувон бозори бор. Шунча одамни боқиб турибди. Бўлмаса нима қилардик. Пули бор бизнес қилади. Пули йўқ нима қилсин? Ишлай десанг биттаям қўшма корхона йўқ. Маҳсулот чиқараман десанг уники келади, гоҳ буниси сўраб келса? Ғиждувонлик баъзи тадбиркор ҳақида “Хитойлик кўрса ясайди, ғиждувонлик эшитса ясайди” ибораси тарқалаверсин. Оиламни боқишим керакку?”-қулай иқтисодий инфратузилмага муҳтож аҳолиси қарийб 300 минг нафар Ғиждувонга имконият дегани.

Бу Қадим Довон давлатидан беда уруғини олиб қишлоқ хўжалиги, самовий отларни олиб логистика ҳамда ҳарбий салоҳияти ривожига ҳисса қўшган элчи Чжан Сян учун бугун хитойлик бизнесменлар Довон (ҳозирги водий ҳудуди) давлати заминида маънавий қарздор дегани.

Бу Вагаште ва Камангарон аҳолиси эндиликда Ургут эркин иқтисодий индустриал зонасига ишга кетаётиб, “Қаранг рўзғор дардида сув учун ёқалашган эдик. Ким ўйлабди Ургут тоғлари атрофида хорижий қўшма корхоналар қурилади деб. Мана бўларканку? ”-дея ҳаётдан рози дегани.

Бу бошқарув дипломатиясида Ургут кўнглига йўл топиб, халқини бирлаштиргандан кўра, Колумбия президенти Хуан Мануэл Сантос яраштиргани учун Нобель олган ҳукумат қўшинлари ва Колумбия инқилобий қуролли кучларини бирлаштириш осонроқ дегани.

Бу эндиликда Оrlando, Damas йиғаётган “Минг отлилар юрти” Хазораспда улкан корхоналар ва технологияларни олиб келаётган инвесторлар гоҳ-гоҳида даромадни ҳисоблаш пайти “Барака топсин Ал-Хоразмий ҳалиям “0”ни яратган экан, бўлмаса 100 доллар билан 1000 доллар ўртасидаги фарқни билмай ўтардик”-дея ўйлайди дегани.

Бу фаровонлик асосчиси Ислом Абдуғаниевичнинг иқтисодий ислоҳоти бўлган ҳудудларда иқтисодий фаровонликни кафолатлаш мақсадида хориж фирмаларига “Отанг яхши, онанг яхши”- дея таклиф этишнинг мантиқий давоми дегани.

- ИҲТ йиғилишидаги Ўзбекистоннинг позитив таклифлари айтилди.

Бу Ал-Бухорий жамғармаси ҳузурида халқаро илмий тадқиқот марказини ташкил этиш орқали аждодларимизнинг дунё тамаддунидига улкан ҳиссасини ўрганиб балки, офтольмологияга Ибн Сино асос солгани, ҳайкал қўйишга одатланмаган Мисрда нега Ал-Фарғоний ҳайкали ўрнатилгани, Ал-Берунийнинг уммон орти фаразидан илҳомланган Колумб шарафига (Колумбия), Америко Веспуччига (Америка) эътироф нега Берунийга келганда тўхташини идрок этиш пайти келди дегани.

Бу Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг махсус кафедрасини Тошкент ислом университети таркибида ташкил этиш орқали жума куни азон, якшанба куни черков қўнғироғи янграган Ўзбекистондаги бағрикенглик тотувлик андозасини кенг дунёга тарғиб қилайлик дегани.

Бу халқаро майдонда 1993 йилда И.Каримов томонидан “Марказий Осиё ядро ҳудудидан холи зона” ибораси айтилган бўлса, 2016 йилда Ш.Мирзиёев томонидан “Яқин Шарқ ядро ҳудудидан холи зона” таклифи дунё жамоатчилиги эътирофига сазовор дегани.

Бу вақтида Нурчилар аслида диний оқим эканлиги Ўзбекистон томонидан исботланганда биздан ранжиган Кичик Осиёлик қардошимизга пешвоз чиққанча: “Хуш келибсиз, ота юртингизга. Мана сизга Ота юртдан совға. Унутманг, фарзанд авлиё бўлиб кетса ҳам барибир ота юрти муқаддас. Киндиги шу ер. Қурол ушлаган бургутга кўп ҳам ишонманг. Ота-бобонг хумога ишонган”-дея тинчлик рамзи Хумо қуши совға қилинди дегани.

Бу Ўзбекистондан боргач, Ражаб Эрдоған университет ректорларига қарата: “Ишонинг, Бухоро ва Самарқандга мафтун бўлмасликнинг, ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ. Шу жиҳати билан Бухорони Бурсадан, Самарқандни Истанбулдан айро тасаввур қилиш мумкин эмас. Келинг, қулай вақт топиб талабаларимизни айнан ўша шаҳарларга юборайлик. Борсинлар, кўрсинлар. Ота маконимиздан узилиб қолиб сарсон бўлмайлик дегани.

- Ўзбекистон Президенти томонидан амнистия эълон қилиниши

Бу Аллоҳ бандасини кечирганда нега бандаси кечирмаслиги керак деган давлатнинг соф исломий мафкура, ғамхўрликдан бугун “ислом давлати”, “халифалик”-дея чиранаётган чиябўрилар озорланяпти дегани.

Бу бешикда етим қолган, мактаб партасида ғамгин ўтирган қизинг, совчиларга нима дейишни билмаётган рафиқанг, фарзанд дийдори азобидан жон узолмаётган онаизор, бош кўтариб кўчага чиқолмаётган оталар ноласи ҳурмати дегани.

Бу хотинига ҳатто ҳожатхона қоғози-ю, тиш пастаси буюраётган эркакка қарата: “Қачон, қамоқхона эшигига суяниб қолган онаизоринг кўзёшидан ибрат оласан, сени шаҳидлик, жаннатга буюрган нокаслар нега сендан олдин ўзини портлатиб жаннати бўлмай, Мальдив оролларидаги маишатидан хулоса чиқарасан, сен ватанни сотдинг, аммо сени у сотмаганидан инсофга келасан” дегани.

- “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси шахсан Ш.Мирзиёев томонидан таклиф этилди, тадбиркорлик фаолиятини янада жадаллаштириш ҳимоя қилиш бўйича Фармон эълон қилинди.

Бу 2015 йил якуни бўйича Сингапурдан сўнг дунёдаги энг хавфсиз давлат рейтингида турган Ўзбекистон яқин йилларда коррупцияни олдини олишда ҳам Сингапурга яқинлашади дегани.

Бу эндиликда тиббиёт ходимининг таъмагирлигидан қийналаётган, касалхона эшигидаги “Тиббий хизмат бепул” ёзувидан беморларнинг энсаси қотмайди дегани.

Бу дорихоналардаги нарх-наволар “дискотекаси”ни уюштираётган “Алкимёгар”лар инсофга қайтади, ё муддати ўтган таблеткасини шимиб ётади дегани.

Бу илк марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорнинг бели синдирилмасдан унга иккинчи марта имконият берилади, бозор муносабатларига йўналган иқтисоднинг туб моҳияти кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилиш дегани.

Бу “Хўш, тушлик яқин. Бугун қайсига!”-деган баъзи қонун назоратчилари эндиликда “Шошма тадбиркорга “встречная проверка” тактикасини қўлласак ўзимизни темир панжара ёнида кўрмайлик дегани.

- Қўшничиликни мустаҳкамлаш мақсадида Қирғизистон-Ўзбекистон делегациялари ташрифлари, Тожикистонда эса Вахш водийсида тадбиркорлар учун семинарлар ташкил этилди.

Бу Марказий Осиёда етакчи бўлган Ўзбекистоннинг “Қўшнинг тинч, сен тинч” ҳаётий ҳақиқатини тўғри англаган ҳолда қўшниларимизни чет эл сиёсий ўйинларига қўшилмасликка даъвати дегани.

Бу “Қўшниларимиз билан алоқаларимизни кучайтирамиз. Бизнинг ютуқ уларнинг ютуғи. Бизга ҳамкорлик керак, рақобат керак эмас”-дея эътироф этган янги миллат сарбони сўзлари исботи ўлароқ Тожикистоннинг “Сомон-Эйр” ва “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” компанияси дўстлиги қайта тикланди, Душанбе-Тошкент-Душанбе йўналишида самолёт қатнови йўлга қўйилгач қуда-анда келинчакни самолётда олиб келади дегани.

Бу Андижонга келган қўшниларимиз биз “демократия”ни орзу қилиб, бир-биримиз билан талашиб юрган бир пайтда Ўзбекистон босиқлик ва донолик билан анча-мунча ишларни қилиб қўйибди-дея ҳайратланган биродаримизнинг иқрори дегани.

Бу бунёдкор туркманнинг оқ садафдек биноларидан дунё ҳайратланган бўлса, эндиликда туркман заминида “Биз қадрлашимиз ва юксалтиришимиз зарур бўлган муҳим бойлик – бу мамлакатларимиз ўртасидаги мавжуд ишончдир” васияти шарафига Ислом Абдуғаниевичга ўрнатган ҳайкали билан лол қолдирди, “Ислом Каримов” кўчаси, “Ислом Каримов ҳайкали” иборалари илк бора Туркманистон, Россияда экан демак, тинчликсевар сарбон дунё фарзанди дегани.

- 7 ноябрь 2016 йил. Соат 11.30 . Тошкент халқаро аэропорти.

Бу Boeing-787 Dreamliner АҚШдан қайтаётганда Франкфуртда чигил ёзмайди, диспетчерлар эса “Нега ўзбеклар қўнмаяпти. Э, ҳа. Ўзбекистон Boeing-787 Dreamliner” сотиб олганми? Энди бизда қўнмасдан учадими? Қойил-э” деганча худди корейс футбол шарҳловчисидек ҳайратда дегани.

Юртдошим! “Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Ҳаётимизни шундай рельсга қўямизки, у рельснинг ўз манзили бор. Озодлик. Фаровонлик. Барқарор яшаш”-деган қатъий ишонч моҳиятини ҳис этиб янги президентни сайладик. Сўнгги лаҳзагача фарзандини тарбиялаб келган устознинг садоқатли шогирдига ишондик. Бешигимизда улғаётган гўдакдан то нуроний отахон тақдири кафолатланган фаровон Ўзбекистон учун йўлга чиққан сарбонга эргашдик.

2003 йил. Миллат отаси—Ислом Каримов Ўзбекистон Бош Вазири лавозимига номзод Шавкат Миромоновични таништирар экан, бир нарсани тиладилар: “Эл юртимиз янги келган меҳмон ёки раҳбар бўладими, унинг келиши ва қадам босишини айнан шу нуқтаи-назар билан баҳолайди. Ҳақиқатданам, раҳбар минг бор тажрибали, минг бор ақлли ва ўта кучли бўлиши мумкин. Лекин, қадами қутлуғ бўлмаса, омади келмаса иш юришмайди. Мана шу минбардан туриб, сўзимни якунлаб айтмоқчиман. Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг омадини берсин, қадамлари қутлуғ бўлсин!”

Янгича демократик дунёқараш! Янги марра, янги ҳайратлар!

Қутлуғ қадамлар учун ўзи балогардон бўлсин!

Жонибек Шуҳратов

Манба: Diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Миллат отаси: «Омадини берсин, қадами қутлуғ келсин» ва бошқача мулоҳазалар