22:42 / 06.12.2016
7 292

И.Каримов ҳайкалини яратиш бўйича танлов ишлари А.Ариповга юклатилди

И.Каримов ҳайкалини яратиш бўйича танлов ишлари А.Ариповга юклатилди

Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

Унга кўра Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танлов эълон қилинади. Танловнинг ташкилий ишлари Бош вазир ўринбосари А.Ариповга юклатилган. Мазку қарор бандлари қуйидагича:

1. Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Фанлар академияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси ва кенг жамоатчиликнинг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танловни (кейинги ўринларда Халқаро танлов деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда ташкилий қўмита деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита (А.Арипов) ўн беш кун муддатда Халқаро танловнинг тадбирлар режаси, харажатлар сметаси, низоми, регламенти ва дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

3. Белгилаб қўйилсинки, тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Бадиий академиясининг 2016-2017 йиллар учун харажатлар сметасида назарда тутилган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ва хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тақдим қилинган Халқаро танлов ҳамда унда иштирок этиш тартиби тўғрисидаги маълумотларнинг тегишли хорижий ижодий ташкилотларга йигирма кун муддатда етказилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташкилий қўмита буюртманомаларига биноан Халқаро танлов ўтказилиши жараёнида таржимонлар иштирокини таъминласин.

6. Ўзбекистон Бадиий академиясининг буюртманомаларига биноан Халқаро танлов доирасида хорижий давлатлардан келтириладиган юклар божхона тўловларидан озод қилинсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро танловнинг хорижий қатнашчиларига кириш визаларининг консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

8. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Халқаро танловнинг хорижий қатнашчиларини ва унга алоқадор юкларни тўловларнинг барча турларидан озод қилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро танловнинг ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ тадбир ўтказиладиган жойларда жамоат тартибини ҳамда унинг қатнашчилари ва меҳмонларига хизмат кўрсатувчи автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминласин.

10. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Халқаро танлов жараёнларини кенг ёритиш тавсия этилсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Арипов зиммасига юклансин.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » И.Каримов ҳайкалини яратиш бўйича танлов ишлари А.Ариповга юклатилди