O‘zLiDePда аграр соҳанинг долзарб масалалари муҳокама этилди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

O‘zLiDePда аграр соҳанинг долзарб масалалари муҳокама этилди

O‘zLiDePда аграр соҳанинг долзарб масалалари муҳокама этилди

2015 йил 8 апрель куни Тошкент вилоятининг Паркент туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Аграр тармоқдаги таркибий ўзгаришларни янги босқичга кўтариш ва соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси фаоллари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Тошкент вилояти ҳокимлиги, халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари, иқтисодиёт бошқармаси, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи раҳбарлари, агротехсервислар, тадбиркорлар ва фермерлар иштирок этдилар.

Аграр соҳада эришилаётган ютуқларда шубҳасиз фермерлик ҳаракатининг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизда фермер хўжаликлари бозор иқтисодиёти шароитида ўзини ҳар тарафлама оқлади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатда фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтарди. Бугун фермерлик ҳаракати нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда етакчи куч, балки жамиятда, қишлоқда ижтимоий масалаларни ҳам ҳал қилувчи қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айланмоқда.

Ҳаммамизга аёнки, барча қишлоқ хўжалиги тармоқларининг самарадорлиги, бизнинг иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигимиз, нафақат қишлоқ аҳли, балки бутун халқимизнинг моддий фаровонлиги, охир-оқибатда эса бозорларимизда нон ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи қандай бўлиши, авваламбор, бебаҳо бойлигимиз бўлган ерларнинг унумдорлиги, уларнинг ҳолатини доимий равишда яхшилаб бориш билан чамбарчас боғлиқ.

Бугунги кунда амалга оширган чора-тадбирлари натижасида 1 миллион 700 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Ер кодекси”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2012-2016 йилларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш дастури тўғрисида”ги Фармони ва бошқа қатор қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аграр соҳани давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўз навбатида иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш ва либераллаштиришда аграр секторда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг ҳаракат дастурида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинган.

Мазкур вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги, мамлакат парламенти палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузалари ҳамда Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор йўналиш ва вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.

Хусусан, фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш асосида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш ва диверсификациялаш, қишлоқда реал мулкдорлар синфини шакллантириш мақсадида фермерлик ҳаракатининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, хусусан, фермер хўжалигини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, чуқур қайта ишлаш, қурилиш ва таъмирлаш ҳамда қишлоқ аҳолисига сервис хизматларини кўрсатадиган кўп тармоқлига айлантириш каби бутун соҳани тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини тайёрлаш ва илгари суриш, шунингдек, мазкур қонуннинг жойлардаги ижросини ўрганиш бўйича назорат-таҳлил ишлари режалаштирилган.
Тадбирда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги, чорва маҳсулдорлигини ошириш, қишлоқ жойларда қайта ишлаш саноатини жадал ривожлантириш борасида ҳам фикрлар алмашилди.

Семинарда аграр соҳадаги ислоҳотларни амалга оширилишида O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ҳамда Фермерлар кенгашлари томонидан жамоатчилик ва депутатлик назоратларини доимий равишда олиб боришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.

Шу билан бирга, аграр соҳани янада ислоҳ қилиш борасидаги вазифаларни бажаришда партиянинг мавжуд имкониятларидан тўла фойдаланиш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, фракция аъзолари ўзларининг назорат-таҳлил фаолияти давомида қишлоқни янада ривожлантириш, қишлоқ жойларида аҳоли турмуш даражасини ошириш, қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масалаларини барча даражада тизимли равишда ҳар томонлама ва танқидий кўриб чиқиш бўйича ташаббусларни илгари суришлиги кўрсатиб ўтилди.
Амалий семинар якунида аграр соҳани янада ривожлантириш борасида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru