22:42 / 16.12.2016
8 683

Бухорода ҳоким алмашинувидан вилоят камчиликларигача (Батафсил)

Бухорода ҳоким алмашинувидан вилоят камчиликларигача (Батафсил)

2016 йил 16 декабрь куни халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Сессияда вилоятда амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда муайян камчиликларга йўл қўйилмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноатнинг улуши мамлакатимиз бўйича эришилган марралардан анча орқада қолаётгани, қишлоқ хўжалигида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш бўйича белгиланган дастурлар ижроси етарли даражада таъминланмаётгани танқид қилинди.

- Бухоро вилоятида юксак марраларни эгаллаш биз кўзлаган кўпгина марраларга эришишда, аввало, одамларни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш, ишлаб чиқариш суръатларини ўстириш, бутун воҳа қиёфасини ўзгартиришда саноатнинг ривожи устувор ўрин эгаллайди, деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари мутасадди раҳбарлар вилоятдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиши ва амалга ошириши зарурлигини таъкидлади.

Сессияда вилоят қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни ва таркибий ўзгаришларни давом эттириш, бунда асосий эътиборни пахта майдонларини қисқартириш ҳисобидан мева-сабзавот маҳсулотларини кўпайтириш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини кескин ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Навоий, Жиззах, Ангрен ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатаётир. Бу тажрибани кенгайтириш мақсадида Ғиждувон туманида ҳам ана шундай саноат зонасини ташкил этиш кўзда тутилаётир.

Бухоронинг туризм салоҳияти жуда катта. Уни янада ошириш ҳамда самарали фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Олот, Қоракўл, Ромитан, Шофиркон туманларида терини қайта ишлашни йўлга қўйиш суст ҳолатда, шўрланган экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун зарур шароитлар яратиш, касаначилик, паррандачилик, ҳунармандликни ривожлантириш бўйича ишлар бугунги талабга жавоб бермайди.

Мажлисда бундай вазифаларни амалга ошириш учун ҳар томонлама чуқур ўйланган, Бухоро вилоятининг шароити ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш зарурлиги қайд этилди. Мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Бошқа ишга ўтгани муносабати билан Муҳиддин Эсонов Бухоро вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан “Ўзагрокимё” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган Ўктам Барноев Бухоро вилояти ҳокими этиб сайланди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бухорода ҳоким алмашинувидан вилоят камчиликларигача (Батафсил)