«Ҳокимнинг қилган гуноҳини президент Мирзиёев билишини истайман» » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

«Ҳокимнинг қилган гуноҳини президент Мирзиёев билишини истайман»

«Ҳокимнинг қилган гуноҳини президент Мирзиёев билишини истайман»

Самарқанднинг Каттақўрғон тумани фуқароси туман ҳокимининг адолатсизлиги устидан Президентга мурожаат қилди. Фуқаронинг мурожаати қуйидагича эди:

Сапарали Каримович!

Сизга очиқ хат ёзишдан олдин узоқ ўйладим ва барибир ўзимни салкам икки йилдан буён қийнаб келаётган масалани очиқ айтишга жазм қилдим.
Мен қишлоғимиздан 1988 йилда чиқиб кетганман. Ўқидим. Турли жойларда, турли лавозимларда ишладим. 500 га яқин мақолам республика вақтли матбуотида чоп этилган. Бешта китобим чиққан. Президент эътирофига сазовор бўлдим. Бир қатор танловларнинг ғолиби ҳисобланаман.
Баъзан ўзимга-ўзим савол бераман: туғилиб ўсган қишлоғимга, туманимга нима қилдим ва нима қилишим мумкин? Мактаб, йўл қуришга имкониятим йўқ. Ўша кунларда хаёлимга бир фикр келди: китоб дўкони қураман. Барча нашриётлар билан шартнома тузиб, арзон нархдаги китоблардан Каттақўрғонга олиб бораман. Бу фикримни кўпчиликка айтганимда, қўллаб-қувватлашди. Каттақўрғон туманида «Ижодкор ёшлар” тўгарагини ташкил қилмоқчи ҳам бўлдим.
Ушбу ниятларимни айтиб, Сизнинг ҳузурингизга бир неча маротаба кирдим. Лекин ижобий натижа бўлмади. Бир сафар айтдим: мендан бошқа одам Сизнинг олдингизга китоб дўкони қуришга ер сўраб кирмайди деб. Охири Сизга хат билан расмий мурожаат қилдим. Менга биринчи ўринбосарингиз жавоб берди. Лекин бу жавобдан қониқмадим.
Президент Шавкат Мирзиёев болаларимиз китоб ўқисин, ҳар бир туманда китоб дўкони бўлсин, деб айтаётган бир пайтда, Сиз менга китоб дўкони қуришга ер бермадингиз.
Сапарали Каримович, Сиз бу ишингиз билан каттақўрғонлик ёшлар, улар келажаги олдида жуда катта гуноҳ қилдингиз. Сиз, менинг назаримда, маънавиятсиз инсонсиз. Сиз Шавкат Мирзиёев талаб қилаётган, илгари сураётган ислоҳотларга мутлақо тайёр эмассиз. Сиз менинг ёдимда китоб дўкони қурилишига қаршилик қилган, йўл бермаган кимса сифатида қоласиз.
Мени бир савол қийнайди: қандай қилиб Сиздек одамга 300 минг аҳолиси бор, маънавияти юксак Каттақўрғон туманининг раҳбарлиги ишониб топширилган.
Мен Сиз томонингиздан китоб дўкони қуришга ер берилмаганини Шавкат Мирзиёев билишини хоҳлайман.
Ҳокимлар келиб-кетаверади. Лекин зиё тарқатиш, китоб дўкони қуриш учун интилган инсонлар барибир ўз мақсадига етади.
Сизга ўхшаган раҳбарларга вақтнинг ўзи баҳо беради ва замон аравасидан тушуриб юборади.
Гапнинг қисқаси, мен Сизни китоб дўкони учун ер бермаганингизни ҳеч қачон унутолмайман.

Фаррух ҲАМРОЕВ

2016 йил 18 декабрь, Тошкент шаҳри.


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru